Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:00

EurasiaNet: Гулнора Каримова элчилик лавозимидан кетмаган


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова.
Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова.

Президент Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова БМТнинг Женевадаги ваколатхонасидаги Ўзбекистон элчиси лавозимидан истеъфо бермаган.


Бу ҳақда EurasiaNet нашри БМТ Женева ваколатхонасидаги Ўзбекистон миссиясининг ходимига таянган ҳолда хабар қилади.

The New York Times газетаси шу йил 6 апрел куни чоп этган “Ўзбекистон лидерининг соғлиги ҳақидаги миш-мишлар ворис ҳақидаги баҳсларга туртки бўлди” (муаллифи Эндрю Крамер) мақоласида Гулнора Каримова элчилик лавозимидан кетгани ҳақида хабар қилиб, “Ислом Каримов саломатлиги тўғрисидаги мубҳамликларни эътиборга олган ҳолда” у Ўзбекистонда “ўзини янада каттароқ лавозимга ҳозирлаётган бўлиши мумкин”, дея ёзиб чиққанди.

“Помир тоғлари этагидаги ўрикзорлари, пахтазорлари ва тошдан қурилган қадимий шаҳарлари бўлган, демократик анъаналарга эга бўлмаган, Совет даврига қадар Россия подшоларига тобеъ бўлиб келган, хонлар бошқарган Ўзбекистонни ҳозирда жаноб Каримов бошқармоқда. Давлат раҳбарининг фарзанди ўсиб-улғайганидан сўнг ҳокимият Шимолий Кореядаги каби авлоддан-авлодга ўтадими ёки ҳукумат ичидагиларга топшириладими - буниси ҳозирча номаълум”, деб ёзганди The New York Times уч кун муқаддам.

Аммо 8 апрел куни EurasiaNet мухбири билан сўзлашган БМТ Женева ваколатхонасидаги Ўзбекистон миссиясининг исми ошкор қилинмаслигини сўраган вакили Гулнора Каримова элчилик лавозимидан кетганига оид маълумотни рад этган.

- Бу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Гулнора Каримова хоним ҳозир ҳам Ўзбекистоннинг Женевадаги элчиси бўлиб ҳисобланади, - дея иқтибос келтиради ўзбекистонлик дипломат сўзларидан EurasiaNet нашри.

Ашулачи, дизайнер, дипломат ва бошқа кўплаб ҳунарлар соҳибаси бўлган Гулнора Каримова отасининг ўрнига даъвогарлик қилаётгани ҳақидаги тахминлар сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги турмушни ёритувчи нашрларда кўп ёзилмоқда. Бундай эҳтимолни Гулнора Каримованинг ўзи ҳам истисно қилмаслигини айтган.

Ўзбекистонда Ислом Каримов ўрнига ким келиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминлар амалдаги давлат раҳбари юрак хуружига учрагани тўғрисидаги хабар ортидан урчиган. Бу маълумотни 21 март куни мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати ёйинлаган эди.

Хабарда Каримов 19 март куни миокард инфарктни бошдан кечиргани ва оғир аҳволда шифокор назорати остида қолаётгани айтилган. Ўзбекистон мухолифати бу хабар бир-биридан мустақил бир нечта манба томонидан тасдиқланганини таъкидлаган.

Кейинчалик бу хабарга таянган бошқа ахборот воситалари, жумладан, Rosbalt, RIA-Novosti, Fergananews каби нашрлар ҳам бу мавзуга тўхталган.

Бу нашрларда хабарнинг асоссизлигига кўпроқ урғу берилган. Хусусан, RIA-Novosti агентлиги бу хабарни Ўзбекистон президенти маъмурияти инкор қилганини ёзган.
XS
SM
MD
LG