Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

"Ўздунробита" кредиторлари аризаси қондирилмади


Тошкент шаҳар Хўжалик ишлари бўйича суди Россияга қарашли МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” мобил оператори кредиторларининг ширкатни банкрот деб эълон қилиш тўғрисидаги аризасини қондирмади.


РИА Новости агентлигининг хабар қилишича, хўжалик суди “Ўздунробита” ширкати устидан назорат жараёнини 22 апрелга қадар узайтирган.

Ширкатга яқин манбага таяниб берилган хабарда айтилишича, “суд кредиторларнинг ширкатни банкрот деб топиш аризасини қондирмаган”.

Мазкур масала бўйича суднинг кейинги мажлиси 22 апрел кунга белгиланган.

Шу йилнинг 18 январ куни Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” мобил ширкатининг молиявий даъволарни қондира олмаслиги сабабидан уни банкрот деб эълон қилиш тўғрисидаги аризасини қабул қилган эди. Ширкат устидан назорат ўрнатилиб, янги муваққат раҳбар тайинланган эди.

5 март куни “Ўздунробита” кредиторлари мажлисида ширкатни банкрот деб эълон қилиш ва уни тугатишни сўраб, хўжалик судига мурожаат қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

МТС ширкатига яқин манбанинг Озодликка айтишича, "Ўздунробита" кредиторлари сони кўпдир, уларнинг асосийси эса, Ўзбекистон ҳукумати ҳисобланади ва Давлат солиқ қўмитаси ҳукумат номидан иш юритади.

Тошкент шаҳар Хўжалик судининг ноябр ойида чиқарган қарорига кўра, "Ўздунробита" ширкати ўз зиммасига юклатилган 600 миллион долларлик молиявий даъвони саккиз ой ичида тўлаб битириши керак эди.

15 январ куни суд томонидан белгиланган жариманинг навбатдаги қисми тўланиши лозим эди, аммо ширкатнинг Ўзбекистондаги ҳисоб рақамида маблағ қолмагани боис бу талабни бажара олмаган.

Тошкент хўжалик суди "Ўздунробита"ни банкрот деб эълон қилса, Ўзбекистон Республикасининг "Банкротлик ҳақида"ги қонунига мувофиқ ширкат 12 ой ичида тугатилиши керак.

Ўзбекистоннинг энг йирик мобил ширкати ҳисобланган "Ўздунробита" фаолияти ўтган йилнинг июл ойида ҳукумат томонидан тўхтатиб қўйилган. Ширкатнинг тўрт ходими ҳибсга олиниб, жарима ва аҳлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Компаниянинг Ўзбекистондаги мулки мусодара қилинган.

Ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Коммуникация ва ахборот технологиялари агентлигининг "Ўздунробита"га берилган лицензияни бекор қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори эди. Алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олувчи оператор 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кетди.
XS
SM
MD
LG