Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Посилка жўнатиш тартиби қандай?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида хорижий почта жўнатмалари билан боғлиқ тартиб-қоидалар борасида суҳбатлашамиз.


Лондонда ўқиётган самарқандлик Ҳаким исмли талаба йигит почта орқали Ўзбекистонга посилка жўнатиш тартиби тўғрисида қизиқди.

“Мен Самарқандга посилка жўнатмоқчи эдим. 1 та iPad ва кийим-кечак юборса бўлармикин? Ўзи бу нарсаларни жўнатсам, боргач олиб қўйишмайдими? Кейин Ўзбекистондан сухофруктларни чет элга посилка қилиш мумкинми? Почта орқали нима юбориш мумкин, нима мумкин эмас? Самарқанддан Лондонга посилка жўнатиш қиммат бўлмасмикин?- дея имейл орқали савол жўнатган Ҳаким.

“O`zbekiston pochtasi” компаниясининг Халқаро почтамт бўлими ходими Дилноза Кобуловага кўра, хориждан техник жиҳозларни почта орқали Ўзбекистонга посилка қилиш мумкин, фақат чекланган миқдорда.

- Битта телефон мумкин. Иккита телефон бўлса, растаможка қилади (бож тўлайди-таҳр.). Битта одамга битта телефон мумкин. Тўловсиз оласиз. Биттадан ошса, битта одам учун, унда тўлайсиз.



Озодлик: iPad жўнатсачи?

- Мумкин. Битта бўлса мумкин.

Озодлик: Ноутбукчи?

- Ноутбук ҳам мумкин. Битта одам учун ҳар битта нарсадан биттадан мумкин.

Озодлик: Телевизор жўнатиш мумкинмки?

- Ҳа. Фақат яхшилаб упаковка қилиш керак уларни. Жўнатаëтганда у ëқдан оценка қилишади посилкани. Оценка қилаëтганда 1000 доллардан ошиб кетмаслиги керак. У ëқда посилка расмийлаштирилаётганда оценкасидан 5 фоиз олиб қолади. Бўлди, бу ëқда тўламайди. Лекин 1000 доллардан ошиқ суммага бож тўланади,- дейди Дилноза Кобулова.

Ўзбекистон қонунларига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистондан фақат 10 АҚШ доллари қийматидаги истеъмол молларини мамлакат ҳудудига бож тўловисиз посилка қилишга рухсат берилади.

Дунёнинг бошқа давлатлардан эса қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарларни божхона тўловларисиз Ўзбекистонга посилка қилиш мумкин.

“O`zbekiston pochtasi” компаниясининг халқаро жўнатмалар билан шуғулланувчи Эксплуатация бўлимининг ходими Саодат Матчоновага кўра, хориждан жўнатилган ҳар бир посилка аввало божхона назоратидан ўтиши ва расмийлаштирилиши шарт.

- Ўзбекистон почта акциядорлик тизимида Халқаро почтамт филиали бор. Темир йўл вокзалда жойлашган. Ўша филиалдаги божхона ходимлари кириб келаëтган ҳамма посилкаларни текширади. Текшириб ўтказмагунча бизларга чиқмайди у посилкалар. Улар текшириб бергандан кейин манзилга етказамиз. Ўзбекистондан чиқувчи посилкалар ҳам шунақа божхонадан текшириб ўтказилади. Агар Ўзбекистондан чиқиши мумкин бўлмаган нарса посилкада кетаëтган бўлса, улар тўхтатади, ўтказмайди. Агарда у бож тўлови талаб қилинадиган бўлса, бож тўлов суммасини белгилаб беради,- деди Саодат Матчанова.

Халқаро почтамт божхона постининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, хориждан посилка қилинган ноутбук, компютер ва телевизор каби электроник техникаларни фақат бир донадан бож тўловисиз олиш мумкин.

Лекин божхоначига кўра, битта посилкадаги товарларнинг умумий қиймати 1000 АҚШ долларидан ошмаслиги шарт.

Божхоначининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, посилкада жўнатилган мобил телефонлар учун Электромагнит мослашув марказидан рухсатнома талаб қилинади.

Тошкент шаҳридаги Электромагнит мослашув марказининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, мобил телефонлари радио-электрон воситалари рўйхатига киритилгани боис, уларни мамлакатга олиб кириш учун махсус рухсатнома талаб қилинади.

- Сотовий телефонлар катта партияда контрабанда йўли билан кириб кетмаслиги учун қилинган бу. Битта дона келса, рухсат талаб қилинмайди. Шахсий фойдаланишга деб. Биттадан ошиб кетса, буни энди ҳеч қаерда келтириб бўлмайди бу совғага, бу сотувга деб, иккита ва ундан ортиғига бизларда олиб кириш учун рухсатнома расмийлаштиради. Бизларга мурожаат қилгач, биз уч кун кўриб чиқамиз. Тўланадиган пул 1518 сўм бўлади,- дейди Электрон мослашув маркази мутахасиси.

1000 доллардан ортиқча қийматдаги посилка товарларини божхона тўловларини тўлаб, Ўзбекистонга олиб кириш мумкин.

Амалдаги қонунчиликка асосан Ўзбекистонга товарларни олиб киришда қуйидаги божхона тўловлари ундирилади:

1) Божхона қийматидан келиб чиқиб 0,2% миқдорида божхона йиғими;

2) Импорт божи;

3) Акциз солиғи;

4) 20% миқдорида қўшилган қиймат солиғи;

5) Жисмоний шахслар томонидан учинчи давлатда ишлаб чиқарилиб, қўшни давлатлардан юбориладиган товарлар учун 20% миқдорида божхона йиғими.

6) Мусиқа асбоблари ва уларнинг қисмлари учун ушбу товарлар божхона қийматининг 10% миқдорида импорт божи тўланади.

Посилкада жўнатилиши тақиқланган нарсалар:

а) ўқотар, сигналли, пневматик, газли қуроллар, ўқ-дорилар, электрошок қурилмалари ва учқунли разрядниклар, шунингдек, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, жиҳозланмаган портлаш қурилмалари ва ўқ-дорилар, шу жумладан жиҳозланмаган гранаталар, снарядлар ва бошқа ўхшаш совуқ қуроллар;

б) гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир этадиган, радиоактив, портлайдиган, заҳарли, ўювчи, осон алангаланадиган ва бошқа хавфли нарсалар;

в) хорижий валюта;

г) контрафакт предметлари;

Ўзбекистондан хорижга посилка жўнатиш тартиби:

Ўзбекистондан жўнатиладиган халқаро посилкалар оғирлиги 20 килограммдан ошмаслиги шарт.

Посилкалар жўнатувчилар томонидан посилка қутиларга (картон, ёғоч, фанер ва полимер) ёки юмшоқ материалга ўраб жойлаштирилиши керак.

Амалдаги тартибга кўра, посилкалар почта алоқаси объектларида очиқ ҳолда қабул қилиниб, махсус текширувдан ўтгач, божхона декларациялари расмийлаштирилади.

Саноат моллари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, маданий-маиший товарларни хорижга посилка қилиш мумкин.

Бироқ Саодат Матчановага кўра, бу товарлар юборилаётган мамлакатга олиб кирилиши тақиқланмаган бўлиши лозим.

- Ҳар бир мамлакатга жўнатиш мумкин бўлган товарлар, масалан озиқ-овқат маҳсулоти бўладими ëки кийим-кечак бўладими, нималарни қабул қилиш, қабул қилмаслик бўйича қўлланмамиз бор. Агар фуқаро қайси мамлакатга жўнатаëтганига қараладида бу нарса мумкинмас, бу нарса мумкин деб нима қилинади. Ҳозир масалан, асосан Россияга биздан қуруқ мевалар жўнатадию. Ҳозир Россиядан уларга циркуляр келди, уларни жўнатиш мумкин эмас. Қайсидир мамлакатдан жўнатиш карантин қилинса, ўша мамлакатлар қабул қилмагандан кейин бизлар қабул қилолмаймиз. Қабул қилган билан қайтариб юборишади уларни,- дейди Саодат Матчанова.

Суҳбатдошга кўра, ҳозирча Россиядан ташқари бошқа хориж давлатларига қуруқ меваларни посилка қилиш ман қилинмаган.

Саодат Матчановага кўра, шу кунларда чет элдан эски кийим-кечакни Ўзбекистонга жўнатишга тақиқ ўрнатиш масаласи кўрилмоқда.

Посилкаларни жўнатиш нархи ҳар бир давлатга алоҳида белгиланган.

Шунингдек, посилкани самолёт орқали жўнатиш қимматроқ, темир йўл ва автомобил транспорти билан жўнатиш арзонроқ нархда бўлади.

Масалан, Ўзбекистондан Чехияга 20 килограмм оғирликдаги посилкани самолёт орқали жўнатиш нархи 102 минг 350 сўм, темир йўл ва автомобил орқали жўнатиш нархи эса 85 минг 200 сўмни ташкил қилади.

Самарқанддан Лондонга 20 килограмм оғирликдаги посилкани жўнатиш нархи эса самолёт орқали 195 минг 600 сўм, темир йўл ва автообил орқали 173 минг 500 сўм бўлади.

Ўзбекистондан дунёнинг бошқа давлатларига посилка жўнатиш тарифлари билан “O`zbekiston pochtasi” компаниясининг расмий сайтида тўлиқ равишда танишиш мумкин.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:14 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG