Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Ўзбекистонда туманларда ҳам биометрик паспорт бериш бошланади


Ўзбекистонда 27 февралдан бошлаб биометрик паспорт беришнинг иккинчи босқичи бошланади. Расмийларга кўра, 2-3 ой ичида барча туман марказларидаги паспорт бўлимларида ҳам биометрик паспорт бериш йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси — ОВВИГнинг биометрик паспорт бериш жараёни бўйича масъул ходимига кўра, 21 февралдан бошлаб Ўзбекистон бўйича биометрик паспорт бериш жараёни тўхтатилган.

"Бу бутунлай тўхтатилди, дегани эмас. Биз тармоқда бир ҳафталик профилактика ишларини олиб бораяпмиз. Профилактикани бугун тугатамиз. Эртадан бошлаб яна паспорт бериш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошланади", деди суҳбатдош.

Масъул ходим профилактика ишларини биометрик паспорт бериш жараёнининг биринчи босқичи тугагани билан изоҳлади.

"Биометрик паспортни босқичма-босқич амалга ошираяпмиз. Биринчи босқични тугатдик. Бу босқичда паспорт алмаштириш ёшига кирганлар, масалан 25 ва 45 ёшга тўлган фуқароларга биометрик паспорт берилди. Паспорт олиш ёшига кирганлар яъни, 16 ёшга тўлганларга ҳам биометрик паспорт берилди ҳамда чет элга кетаётган фуқароларнинг ҳам паспортлари биометрикка алмаштирилди", деди масъул.



Шу пайтгача биометрик паспорт бериш фақат вилоят марказларидаги паспорт бўлимларида амалга оширилаётган эди.

Суҳбатдошга кўра, 27 февралдан бошланадиган иккинчи босқичда туман марказларида ҳам биометрик паспорт беришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

"Фақат бунга 2-3 ой кетади. Ҳаммаси босқичма-босқич бўладиган иш. Режа асосида техник жиҳатларини йўлга қўйиш лозим. Кейин иккинчи босқичда Қорақалпоғистон ҳам кўзда тутилган. Уларнинг бланкалари қорақалпоқ тилида бўлади. Улар ҳам биометрик паспортга ҳужжат топширишни бошлашлари мумкин" деди масъул ходим.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида биометрик паспорт бериш жараёни 2012 йилнинг 1 январида бошланган.

Ўтган йилнинг февралидан бошлаб Тошкент вилояти, март-апрелидан бошлаб эса бошқа вилоятларда биометрик паспорт берила бошланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, янги биометрик паспорт олаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 50 фоизи (31 минг 460 сўм) миқдорида давлат солиғи тўлайди.

Ўзбекистонда эски турдаги паспорт 2015 йил 31 декабрга қадар амал қилади.

Бу муддат ичида республика фуқароларига янги биометрик паспорт бериш ишлари тугатилиши режаланган.

Тартибга кўра, фуқаронинг биометрик маълумотлари олинганидан сўнг у 10 кун ичида янги паспортни қўлига олади.

Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.

Фуқаролиги йўқ шахслар ва 16 ëшга тўлмаган фуқароларга саëҳат ҳужжатлари ҳамда биометрик паспорт бериш қоидалари тўғрисида қабул қилинган низомга кўра, Ўзбекистонда биометрик паспорт барча ёшдагиларга, ҳатто 1 ёшга тўлмаган гўдакка ҳам берилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG