Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:46

Риштонда қолган 2 мингдан зиёд сўхлик чегара очилишини интизорлик билан кутишмоқда


Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг очилишини кутиб турган минглаб сўхлик ҳамон Фарғона вилоятининг Риштон туманида қолишмокда. Сўх эксклавида ўзбекистонликлар билан қирғиз чегарачилари ўртасида 5-6 январ кунлари жанжал чиққанидан бери чегаралар ёпиқ қолмоқда.


Сен унда зор, мен бунда зор

24 яшар сўхлик Султонали 5 январ куни Риштонга бозор-ўчарга бориб, чегара ёпилганидан сўнг уйига қайта олмаётган 2 мингдан зиёд сўхликнинг бири.

Султонали чегарадаги зўравонликлар бошланган 5 январ куни ўзини тўйи дастурхонига харажат қилиш учун Риштонга бориб қолгани, ўшандан буён чегаранинг очилишини кутаётганини айтади.

- 9 январда тўйим бўлиши керак эди. Келин Сўхда, мен Риштонда қолиб кетдик. Тўй кунини энди бошқа кунга суришга тўғри келяпти,- дейди Султонали.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар январ ойи бошида Сўхда юз берган тўқнашувлар ортидан ёпилган эди.

Чегаралар ёпилгани боис Султонали тўй харажатларига куйиб қолганини айтади.

- 5 январ куни тўйга деб 40 кило гўшт олгандим, бундан ташқари мева-чева, холодец, колбаса. Ҳаммаси зое бўлди. 3 миллион сўмга тўй харажатини қилгандим. Айнимайдиган нарсалар қолди, қолгани зое бўлди,- дейди сўхлик Султонали.

Кўпчилик сўхликлар арзонроқ бўлгани учун озиқ-овқат, кийим-бош ҳарид қилгани чегара оша Сўхдан 40 чақирим узоқдаги Риштон бозорига боришади.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоевнинг айтишича, чегара ёпилгани боис Риштонда қолиб кетганлар орасида тўйини кутаётган сўхлик келин ҳам бор.

- Келин либоси ҳарид қилгани Риштонга келган. Куёв Сўхда. Риштондаги Гўзаллик салонига келган, қайтаман деганда чегара ёпилиб қолган. Куёв у томонда қолди, келин бу томонда,- дейди Элибоев.

Сўхлик беморлар ҳам ўзларида шароит талаб даражасида бўлмагани учун даволангани Риштондаги касалхонага боришади.

Сўхлик 46 яшар Саидуллоҳ 5 январ куни жиянини кўргани Риштондаги касалхонага боргани, ҳозир чегара ёпилгани боис Сўхдаги уйига қайтолмаётганини айтади.

- Жияним Риштондаги шифохонада ётувди, ўшани кўришга келгандим. Чегара ёпилиб қолди, мана ҳозир 25 кун бўляпти, Риштонда қолганман. Тўрт фарзандим ва хотиним Сўхда қолди. Энди шароитлар бу ерда яхши, меҳмон қилишяпти. Лекин, бола-чақани соғинасизку. Меҳмончилик яхшику, ўзингизни уйингиз ундан ҳам яхши дейишадику,- дейди Саидуллоҳ.

"Нега бу ерга ўтдиларинг?!"

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоевнинг айтишича, Ўзбекистон Қирғизистон чегараси январ ойи бошларида ёпилгани боис, икки мингдан зиёд сўхлик Риштонда қолиб кетган.

- Ёш болалар бор, аёллар бор, ёши катталар бор. Уларни айримлари хонадонларда, таниш-билишлариникида, айримларига ҳокимлик жой қилиб берган. Уларни кўпчилигини бола-чақаси Сўхда қолиб кетган. Вазият чатоқ,- дейди Элибоев.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Риштонда қолиб кетган сўхликлардан баъзилари маҳаллий санаторий ва коллежлар ётоқҳонларида, баъзилари эса қариндош-уруғлариникида жойлашганлар.

Расмийлар уларга муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилаётганлари ва сабр қилишлари лозимлигини айтишган.

Лекин, Элибоевага кўра, чегара қачон очилиши ҳақида ҳеч ким аниқ гапни айтмаяпти.

- Ҳозир уч-тўрт кундан бери ҳеч ким буларга аниқ гап айтаётгани йўқ. Қайтанга вилоят ҳокимлиги расмийлари уларга далда бериш ўрнига “нимага бу ёққа ўтдиларинг”, деган гапларни қилган. Энди биласиз, болницага ўтишади улар асосан. Сўхда талабга жавоб берадиган шифохона йўқ. Мен вилоят ҳокимини ўрнида бўлганимда уларга “нимага келдинг бу ёққа”, демаган бўлар эдим. Нимага келмас экан, ўзини юртику ахир. Ҳар бир ўзбек фуқароси бемалол кўчиб юриш ҳуқуқига эгаку,- дейди Элибоев.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибоева Озодлик мухбири билан суҳбатда Сўх эксклави атрофидаги ўтиш пунктлари икки тарафлама, Ўзбекистон томонидан ҳам Қирғизистон томонидан ҳам ёпилганини айтди.

- Ушбу минтақада вазият тўлалигича барқарорлашганидан сўнг у ердаги ўтиш пунктларини очиш масаласи ҳал этилади,- деди Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот вакили.

Бўрибоевага кўра, ҳозир икки мамлакат эксперт ишчи гуруҳлари мамлакатлар фуқароларининг чегарадан эркин ўтишларини таъминлаш учун Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги приоритет ўтиш пунктларини очиш бўйича иш олиб бормоқда.

5-6 январ кунлари Сўх эксклави чегарасида ўзбекистонликлар билан қирғиз чегарачилари ўртасида чиққан можаро боис 60 минг аҳолига эга бўлган Сўх тумани қамалда қолмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ўз ҳудудидаги Қирғизистонга қарашли Барак анклавини ёпиб қўйган.
XS
SM
MD
LG