Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Хориждан нима олиб кириш мумкин?


Ўзбекистонга қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин.
Ўзбекистонга қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин.

OzodJavobнинг навбатдаги сонида чет элдан Ўзбекистонга бож тўловисиз товар олиб кириш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.


Лондонда ўқиётган жиззахлик Жасур исмли талаба йигит хориждан Ўзбекистонга қандай товарларни бож тўловисиз олиб кириш мумкинлиги билан қизиқди.

“Мен бу йил ўқишимни тугатиб, Ўзбекистонга қайтаман. iPhone телефоним бор. iPhad олганман. Эски Ноутбук ҳам бор. Буларни ўзим билан олиб кетмоқчиман. Кейин акамга Samsung Galaxy совға қилмоқчи эдим. Синглим ҳам iPhad заказ қилди. Кейин онам билан отамга ҳам совғалар олмоқчиман. Лекин Тошкентда божхоначилар бунча нарсани ўтказмайди дейишаяпти. Илтимос, Ўзбекистонга чет элдан нима ва қанча миқдорда олиб кириш мумкинлигини ўрганиб берсангиз” , дея email мактуб йўллади Лондондан Жасур.


Ўзбекистон қонунларига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистондан фақат 10 АҚШ доллари қийматидаги истеъмол молларини мамлакат ҳудудига бож тўловисиз олиб киришга рухсат қилинади.

Дунёнинг бошқа давлатлардан эса қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарлар учун божхона тўловлари тўланмайди.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг исмини ошкор қиламётганимиз мутахасисига кўра, божхона ва солиқ имтиёзларига эга бўлган маҳсулотларни фақат чекланган миқдорда олиб кириш мумкин.

“Пиво, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар, шарбатлар – 2 литрдан, тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, заргарлик буюмлари – 5 дона, кўпи билан 30 граммгача, қандолат маҳсулотлари – 5 килограммгача, қандил – кўпи билан 2 донага рухсат этилади. Жисмоний шахсларнинг бож тўловисиз мамлакатга олиб кириши мумкин бўлган товарлар рўйхатига, 0,5 килограмм икра, 5 килограм шоколад, 5 килограм кир ювиш воситалари, 15 квадрат метр ҳажмдаги гилам, 5 килограм мева-чева, 40 литр бензин ҳам киради. Шунингдек, хориждан уч хил турдаги кийим-кечакни фақат битта донадан божсиз олиб кириш мумкин. Бу каби яна бир қанча турдаги нарсалар тўловсиз олиб кирилади” деди божхона мутахасиси.

Амалдаги тартибга кўра, хориждан ноутбук, компютер ва телевизор каби электроник техникани фақат бир донадан бож тўловисиз олиб кириш мумкин.

Божхона мутахасисига кўра, хориждан мобил телефон олиб кириш бироз мураккаброқ.

“Агар фуқаронинг ёнида ўзи ишлатаётган мобил телефонидан бошқа яна битта телефон бўлса, божхона текширувидан ўтаётганида Электромагнит мослашув марказидан рухсатнома талаб қилинади. Шу рухсатнома бўлса, ўзиникидан ташқари яна битта мобил телефонини бож тўловисиз олиб киришга рухсат этилади” деди мутахасис.

Тошкент шаҳридаги Электромагнит мослашув марказининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, мобил телефонлари радио-электрон воситалари рўйхатига киритилгани боис, уларни мамлакатга олиб кириш учун махсус рухсатнома талаб қилинади.

- Сотовий телефонлар катта партияда контрабанда йўли билан кириб кетмаслиги учун қилинган бу. Битта дона олиб келса, рухсат талаб қилинмайди. Шахсий фойдаланишга деб. Биттадан ошиб кетса, буни энди ҳеч қаерда келтириб бўлмайди бу совғага, бу сотувга деб, иккита ва ундан ортиғига бизларда олиб кириш учун рухсатнома расмийлаштиради. Бизларга мурожаат қилади. Ўзбекистонга кириб келгач, аэропортда таможенний орган бор ўша ерда декларация тўлдиртирилади. Осмотр қилганда акт изятие олади таможенний орган. Ундан кейин акт изятие билан бизларга келади. Ўша акт изятие билан битта ариза ташлаб кетади. "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига мен томондан харид қилинган... шу произволний текстни ëзиб беради. Паспорт копиясини беради. Акт изятие ўшанинг нусхасини тақдим қилади. Бунинг битта сиз ютқазадиган томонингиз, биз уч кун кўриб чиқамиз. Тўлайдиган пулингиз 1518 сўм, дейди Электрон мослашув маркази мутахасиси.

Хориждан олиб келинаётган товарларни албатта “Т-6 шаклидаги божхона декларацияси”да кўрсатиш ва расмийлаштириш шарт ҳисобланади.

Божхона мутахасисига кўра, декларация 2 нусхада тўлдирилади. Декларациянинг бир нусхаси божхона ходимларида қолади, иккинчи нусхаси декларацияни тўлдирган шахсга берилади ва унда кўрсатилган товарлар ва предметларни олиб кириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Қонунга кўра, декларация йўқолган тақдирда қайта тикланмайди ва унинг эгаси унда кўрсатилган товарлар ва предметларни тўсиқсиз олиб ўтиш ҳуқуқини йўқотади.

Ўзбекистонга бож тўловисиз олиб кириладиган товарларнинг тўлиқ рўйхати Lex.uz сайтида эълон қилинган. Фуқаролар бу турдаги товарларни жами 1000 доллардан кўп бўлмаган қийматда олиб киришига рухсат этилади.

Божхона мутахасисига кўра, фуқаролар 1000 доллардан ортиқча қийматда олиб келинган товарлари учун божхона юк декларациясини тўлдириб ва божхона тўловларини тўлаб, Ўзбекистонга олиб киришлари мумкин.

Амалдаги қонунчиликка асосан Ўзбекистонга товарларни олиб киришда қуйидаги божхона тўловлари ундирилади:

1) Божхона қийматидан келиб чиқиб 0,2% миқдорида божхона йиғими;

2) Импорт божи;

3) Акциз солиғи;

4) 20% миқдорида қўшилган қиймат солиғи;

5) Жисмоний шахслар томонидан учинчи давлатда ишлаб чиқарилиб, қўшни давлатлардан олиб кириладиган товарлар учун 20% миқдорида божхона йиғими.

6) Мусиқа асбоблари ва уларнинг қисмларини мамлакатга олиб киришда ушбу товарларнинг божхона қийматининг 10 % миқдорида импорт божи тўланади.


Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган нарсалар:

Ўзбекистонга қурол-яроғ, наркотик моддалар, порнографик материаллар олиб кириш тақиқланади.

"Қизил китоб"га киритилган ҳайвон ва ўсимликларни Ўзбекистон табиатни муҳофоза қилиш қўмитаси рухсатисиз, тиббий дори-дорман ва тиббий ускуналарни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги рухсатисиз, радио-электрон воситаларини Ўзбекистон алоқа вазирлигининг Электрон мослашув маркази рухсатисиз, ўсимлик ва чорвачилик маҳсулотларидан тайёрланган маҳсулотларни Санитария- эпидемиология хизматлари рухсатисиз олиб кириш тақиқланади.

Шунингдек, мамлакат қонунларида ҳукумат ва жамоатчиликка хавф туғдирувчи, терроризм, зўравонлик, урушни тарғиб қилувчи, миллий ва диний адоват руҳидаги материалларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҳам қатъий тақиқланади.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG