Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:37

Ўзбекистонда валютани нақд айирбошлаш тақиқланади


Ўзбекистон банклари жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотмайди. Чет эл валютаси Ўзбекистондаги банклар орқали жорий йил 1 февралидан бошлаб фақат пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Бу маълумотни ëйинлаган Ўзбекистон молия тизимларига оид расмий нашр - Bank.uz га кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати айни тадбир воситасида ўзбек миллий валютаси қадрини оширмоқчи.

"Ўзбек сўмининг Ўзбекистон ҳудудида ягона тўлов воситасига айлантириш ва чет эл валютаси билан боғлиқ товламачиликларга барҳам бериш ҳамда валюта алмаштириш жараëнини такомиллаштириш учун қилинган навбатдаги қадам", дейилади Bank.uz нашрида.

Валюта қандай алмашади?

Агар Ўзбекистондаги жисмоний шахс банкдан валюта сотиб олмоқчи бўлса¸ белгиланган тартибда банкда халқаро русумдаги пластик карта очади.

Валюта харидори ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва керакли миқдордаги ўзбек сўми бўлган пластик картани банк мулозимига тақдим қилиши керак.

Ана шундан кейин банк тарафидан белгиланган курсга биноан, харидор ҳисобига чет эл валютаси ўтказиб берилади. Бу аснода харидорга валюта алмаштиргани ҳақида қоғоз берилади.

Молиявий инқилобми ë фуқаролар чўнтаги устидан қаттиқ назорат?

"Халқаро русумдаги банк карталари (Visa ëки Mastercard) ҳисобига ўтказилган чет эл валютасини товар ва хизматлар учун чекловсиз тўлов сифатида ишлатиш ëки чет элда нақд валюта тарзида ечиб олиш мумкин"¸ дейилади Bank.uz ахборотида.

Харидор ўз пластик картасидаги валютани Ўзбекистон ичида фақат ўзбек сўмида ола олади.

Валюта қиймати эса пулни ечиб олган кундаги расмий банк курсига мувофиқ бўлади.


Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Миллий банки валюта бўлимининг исми ошкор этилишини истамаган мулозими масаланинг биз билмаган тарафига эътибор қаратди:

- Валюта сотиб олаëтган жисмоний резидент паспортидан нусха олиб қўйилади. Яъни валюта сотиб олаëтган харидор дарҳол назоратга тушади. Шу маънода чексиз валюта алмаштириш имкони хавфли риск касб қилади¸ - дейди банк мулозими.

Мулозимга кўра, бу амалиëт боис банк тушумлари ошади ва валюта қора бозорига барҳам берилади.

"Арзон доллар" ҳам чайқовчилардан ортмаëтган эди

Шу пайтгача АҚШ долларининг тижорат банклари курси бўйича савдоси давом этаëтган эди.

Банклардан арзон долларни сотиб олаётганларнинг кўпчилиги валюта даллоллари экани айтилади.

Тошкентдаги валюта шохобчалари олдидаги вазиятни кузатган ўзбекистонлик журналистлардан бирининг айтишича, "қора бозор"да қимматроқ АҚШ долларининг арзон нархи банк бўлинмалари ҳамда валюта шохобчалари олдида узундан-узоқ навбат, шовқин-сурон ва ур-йиқитларнинг авж олишига сабаб бўлган.

Айтилишича¸ оддий одамларнинг “арзон доллар”ни харид қилиш имкониятлари деярли йўқ. Банк шохобчалари олдида навбатда турганларнинг кўпчилиги “қора бозор”да доллар олиб сотадиган валюта даллолларидир.

- Валюта шохобчалари олдида турган банк ва милицияга алоқадор экани ишониладиган махсус аёлларнинг тажовузкор атворига қараганда¸ бу навбатларга бегоналарнинг кириши мушкул, - дейди валюта шохобчалари олдидаги вазиятни кузатган ўзбекистонлик журналист.

Ўзбекистонда шу пайтгача амал қилаëтган ички банк нормативларига кўра, ҳар бир фуқаро расмий курс билан йилнинг ҳар чорагида бир марта 2000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда валюта харид қилиш ҳуқуқига эга эди.

Чет элга учиб кетаётган ҳар бир ўзбек фуқароси паспорти ва учқич чиптасини кўрсатиб, 2000 долларгача пулни давлат белгилаган курсда олиши мумкин эди.
Лекин бу ҳам сўнгги пайтларда чайқовчиликка сабаб бўлган омил сифатида қайд қилинди.

Бундан бир ҳафта олдин Озодлик билан суҳбатлашган Миллий банк расмийлари доллар чайқовчилигига қарши чора кўришаётганини айтишган эди.

Бу гап айтилганидан сал ўтиб¸ 24 январ куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоб механизмини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Мазкур қарорга биноан Давлат солиқ қўмитаси таркибида Махсус бошқарма ташкил этилди.

Ўзбекистон банклари жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотмаслиги билан боғлиқ янги қоида эса мамлакат молиявий бозорини тартибга солиш йўлидаги яна бир уриниш сифатида кўрилмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:52:32 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG