Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Сўхликларга аталган гуманитар ëрдам чегарада тўхтаб қолди


5-7 январ кунлари бўлиб ўтган инцидентдан кейин барча йўллари тўсиб қўйилган Сўх эксклави аҳолисига мўлжалланган юклар ортилган бир неча машина Риштон туманининг чегарага яқин қисмида турибди. Озодлик манбаларининг айтишича, автокарвон сўхликларга аталган инсонпарварлик ёрдамидир.


Бензин, солярка, оқ ёғ...

Юк тўғрисидаги хабарни Риштондан Озодликка маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев етказди.

У машиналар турган жойдан мана бундай хабар қилди.

- Олтита бензовозда бензин, учтасида солярка, 18 метрлик фурада оқ ëғ
ва шунга ўхшаш бошқа юклар.

Озодлик: Бу гуманитар ëрдамми ëки товарми?

- Бу гуманитар ëрдам. Ҳайдовчилар айтди, деди Баҳодир.

Элибоев ўзининг Facebookдаги саҳифасида Сўхга йўл олишни кутиб турган автокарвон суратларини ҳам эълон қилди.

“Икки томон кеча келишиб олган эди...”

Фарғоналик бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ҳам Сўх бўҳронини кузатиб келмоқда.

У сўхликларга мўлжалланган юк тўғрисида мана бундай маълумот берди.

- Ҳокимиятдаги ишончли манбага мувофиқ кеча Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари ўртасида расмий бир келишув бўлган экан. Қамалда қолаëтган Сўх ва Шоҳимардон анклавидаги Ўзбекистон фуқароларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиëж товарлари ортилган бир неча юк машинасини ўтказиш тўғрисида. Келишув охирига етган экан, лекин бугун машиналар энди йўлга чиқаëтган пайтда Қирғизистон томони айтилмаган сабабларга кўра, колонналарни ўтказишни тақиқлабди.

Озодлик: Қайси ҳокимият?

- Вилоят ҳокимияти.



Озодлик: Демак 21 январ куни келишилган-а?

- Ҳа, иккала томон расмий келишишган.


Озодлик: Жўнатилаëтган юклар гуманитар ëрдам эканми товар эканми?

- Гуманитар ëрдамда энди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиëж товарлари, дейишди.

Озодлик: Мен битта сўхлик билан гаплашдим. У “Гуманитар ëрдам эмас. Сўх матлубот савдо ўзининг товарларини олиб келмоқчи шунақа қилиб” дедида.

- Йўқ, қамалда қолаëтганларга ëрдам деди. Сотишга дейилгани йўқ, дейди Абдусалом Эргашев.

Бишкек нима деди?

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашевдан олинган маълумот кетидан Қирғизистон республикаси Давлат чегара хизматининг матбуот хизмати билан боғландик.

Хизмат бошлиғи Гулмира Бўрубаева саволимизга жавоб беришга тайёр эмаслигини, раҳбарият билан маслаҳатлашгач, маълумот беражагини ваъда қилди. Бироқ ҳозирча Бўрубаева хоним билан қайта боғланишнинг иложи бўлмади.

CA-NEWS ахборот агентлиги 23 январ куни эрталаб эълон қилган хабарда айтилишича Қирғизистон республикаси Давлат чегара хизмати матбуот хизмати "Ўзбекистоннинг ўз юкларини "Достук-Автодорожный" назорат-ўтказиш пункти орқали олиб ўтиш имкони бор, чунки чегарадаги бошқа барча ўтказиш пунктлари Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпиб қўйилган", деб баёнот берган.


Темир йўл устидаги чегаралар ёпилди

Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларига доир сешанба куни тарқатилган яна бир янгилик.

Қирғизистон республикаси Давлат чегара хизматининг хабар қилишича, 2013 йилнинг 21 январида Ўзбекистон ўзбек – қирғиз чегарасини кесиб ўтувчи темир йўллардаги назорат – ўтказиш марралари: “Қизилқия-темир йўл”, “Қорасув-темир йўл”, “Жалолобод-темир йўл” ва “Шамолдисой-темир йўл” пунктларини бир томонлама ёпиб қўйди.

“Ўзбекистон томонидан олинган маълумотга кўра, “Қорасув-темир йўл” назорат-ўтказиш пункти тепловознинг носозлиги туфайли ёпиб қўйилган. Қолган пунктларнинг ёпилиш сабаби тўғрисида Ўзбекистон томони маълумот бермаган, дейилади Қирғизистон республикаси давлат чегара хизмати хабарномасида.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон автомобил йўлларидаги чегара пунктларини ҳам бир томонлама ёпиб қўйган эди
.
Кузатувчиларга кўра, чегара пунктларининг ёпилиши расмий Тошкентнинг Қирғизистон томонидан Сўх йўллари тўсиб қўйилишига жавобдир.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жаноб Раззақов Озодлик саволларига жавоб берар экан, “қирғиз томони музокаралар ўтказиш учун ўзбек томонини бир неча бор учрашувга даъват қилган, бироқ ўзбек томони ҳеч қандай муносабат билдирмади” деган эди.

Бироқ эртаси куни Сўх тумани ҳокимиятининг “Садои Сўх” газетаси мухбири Нигора Неъматова қирғиз ҳукумати вакилининг бу гапларини “бўҳтондан иборат”, деди.

Нима бўлган эди

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавидаги Ҳушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.

7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Ўшандан бери Сўх анклави қамал ҳолатида. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:02 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG