Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

Каримов Россияда ўлдирилган ўзбек фаррошига ачинди


Ислом Каримов.
Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти 18 январ куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда Россиядаги ўзбек мардикорлари билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди.

Ўз нутқида Каримов лицей ва коллеж ўқувчиларининг иш билан таъминланмагани ҳақидаги матнни ўқиëтиб мавзудан чалғиди ва Россияда ўлдирилган ўзбек фарроши тақдирига оид гап бошлади.

Президент гапидан аëн бўлишича, Каримов ўзбек фаррошининг Россияда ўлдирилгани воқеасини Россия телеканали янгиликлар дастуридан эшитган.

"Нега ўзбек бориб Россияда фаррошлик қилади?", деган риторик саволдан кейин Каримов Ўзбекистон Ички ишлар вазирини ўрнидан турғазиб қўйди.

“Нега ўзбеклар Россияга бориб фаррошлик қилади? Наҳотки Ўзбекистон фуқароси ўз юртида Россияда фаррошлик қилганичалик пул топа олмайди” деб Ўзбекистон президенти Ички ишлар вазирини саволга тутиб анча тергади.

Агар фуқароларимиз фақат фаррошликка яраса, бу биз учун уят¸ деб таъкидлаган Ислом Каримов Ички ишлар вазирига қарата: “Сен Россияда ўлдирилган ўзбек фарроши учун жавоб берасан!” деб дағдаға қилди.

“Хўш, ўзбек фуқароларининг Россияда мардикорлик қилаëтгани учун ким масъул? Наҳотки Ўзбекистон фуқароси ўз юртида Россияда фаррошлик қилганичалик пул топа олмайди?” деган саволларни Россияда меҳнат қилаëтган ўзбек муҳожирларига бердик.

Аввалига Красноярскда меҳнат қилаëтган Акмалжон бу саволга жавоб берди:

- Менинг исмим Акмалжон. Красноярскдан телефон қилаяпман. Ўзбекистонда менинг акам текстилний комбинатда ишлаб, тўртта фарзанди бор, 150 минг сўм пул олар экан. Бир қоп ун нархи 70 минг. Тўртта фарзандини қандай қилиб боқсин. Мен акамларни бу ëққа чақирганманки, 500 доллардан олади, мана шу ерда қоровул бўлиб ишлайди. Ўзбекистонда светга пул бериши керак, йўқ газга пул беради у. Мана ўзингиз ўйлаб кўринг, 150 минг сўм ойликка Ўзбекистонда яшаб бўладими? Мен фараз қила олмадим. Мен чақирганман бу ëққа. Ўзи 500 доллар олади, хотини 300 доллар олади, мана шу ерда яшаяпти.

Озодлик: Каримов “Бизларнинг одамларимиз фақат дворник бўлиб ишласа, миллат учун уят бу” деди. Уятми шу?

- Бўлмаса, Ўзбекистонда ....

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:11 0:00
Бевосита линк

Хоразмдан бориб Москвада қийналаëтган Қосимжон ҳикояси ҳам Ўзбекистон президенти тарафидан Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда қўйилган саволларга жавоб каби янграйди:

- Менинг исмим Қосимжон Мамадалиев. Биз қачонгача Россияда сарсон-саргардон бўлиб юрарканмиз? Бу ерда ишлаяпмиз 5-6 ой бўлди. Бир сўм пул ололмадик. Кетишга пул йўқ. 50та бола саргардон. Кимга айтишни ҳам билмай қолдик. Ўзбекистонга боришга ҳам сўнтакда бир сўм пул йўқ.

Озодлик: Ўзбекистон президенти Каримов “Ўзбеклар қоровул бўлиб ишлаяпти. Бошқа иш топса бўлмайдими ëки Ўзбекистоннинг ўзида ишласа бўлмайдими” деган фикр айтибди. Шунга қанақа фикр билдирасиз?

- Мен Ўзбекистонда ишласам, менга бир қоп уннинг пулини ҳам бермайди. Россияда нормалний пул бераяпти деганига келган эдик. Бу ерда ҳам бунақа ишлар. Бир сўм пул йўқ, ëтадиган жойимиз бетон.

Озодлик: Дворниклик ҳам йўқми сизларга?

- Йўқда. Иммигрант босиб кетган Россияни.

Озодлик: Нима таклиф қиласиз?

- Бизга ëрдам йўқ эканми Ўзбекистондан. Бу ердаги 50-60 бола уйга қанақа қилиб кетамиз?

Озодлик: Қаердасиз сиз ҳозир?

- Москвадаман, дейди Қосимжон.

Яна бир суҳбатдошимиз наманганлик Акрамжон. Акрамжон ҳам Россияда фаррошлик қилишнинг уяладиган ери йўқ деган фикрда:

- Нимага энди бу айб бўлади? Меҳнатнинг айби йўқку. Қаерда ишласангиз, тирикчилик ўтса, бунинг айби йўқку. Мен дворниклик касбини айб деб ўйламайман. Ўзбекистонда бўлаëтган гап-сўзлардан биз бехабармиз. Дворникликни мен айб деб ўйламайман. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бор дворниклик.

Озодлик: Бу одамлар Ўзбекистоннинг ўзида ишласа бўлмайдими, деган савол қўйилаяпти.

- Энди ака тўғриси гап, буни нотўғри деса бўлмайди, битта Ўзбекистондан чиқмаяпти Россияга пул ишлагани. Қирғизистон бор, Тожикистон бор. Ҳатто Кореядан келиб ишлаяпти, Хитойдан келиб ишлаяпти. Ўзбекистонда ишласа ҳам бўлади. Одамлар катта пул топиб ўрганиб қолди Россияда. Ўзбекистонда ишлаши қийинроқ энди, дейди наманганлик Акромжон.

Азиз муштарий ,сизнингча хорижда юрган ўзбеклар тақдири қайси давлат мулозими тасаруфида?

Ўзбекларнинг Россияда фаррошлик қилиши уятми?

Бу саволга жавобингиз бўлса марҳамат¸ пастдаги "Шарҳлар" катакчасида ўз мулоҳазаларингизни ëзиб қолдиринг.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас
XS
SM
MD
LG