Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Янги йил арафаси гўшт ва гуруч арзонлади


Озодликка 30 декабр куни боғланган айрим тингловчилар маҳаллий ва марказий бозорларда байрам арафасида, одатан қимматлаши кутилган гўшт ва гуруч нархи арзонлаганини хабар қилдилар.


Наманганда гўшт нархи 9 минг сўмга тушди

Наманган шаҳри марказидаги деҳқон бозорида 16 минг сўмдан сотилган қўй гўштининг нархи 12 минг сўмга, 14 мингдан сотилган мол гўштининг нархи эса 9 минг сўмга арзонлагани айтилди.

Озодликка боғланган тингловчига кўра, шаҳар бозорида эрталаб соат 7-8 лардан ярмарка бошланган ва қассоблар ички ишлар ходимларининг назорати остида гўштни арзонлаштирилган нархда сотган.

- Шу бугун кеча 16 минг сўм, деб турган гўштни 9 минг сўмдан соттиришди. Ҳокимнинг буйруғи билан арзонлаштиришибди. Мелиса тепасида туриб, арзонга соттирди. Одам сиғмай кетди бозорга. Янги йилга шунақа қилишди, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка боғланган тингловчи.

Унинг сўзларига кўра, гуруч ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам сезиларли равишда арзонлаштирилган.

- 5 минг - 6 минг, деб турган гуручлар 1 ярим - 2 минг сўмдан сотилди. Одамлар янги йилга роса бозор қилишди, деди Озодликка хабар қилган тингловчи.

Наманган шаҳри маъмуриятидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.


Мингбулоқда гўшт нархи 13 минг сўмга тушди

Норасмий маълумотларга кўра, Наманган вилоят марказида 30 декабр, айрим туманларда эса сўнгги бир неча кундан буён деҳқонларнинг маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда.

Вилоятнинг Мингбулоқ туманидан боғланган кекса тингловчи Исроил аканинг сўзларига кўра, туманда ҳафтасига уч кун бўладиган деҳқон бозорида бу ҳафта арзонлаган нархларда савдо бошланган.

- Уч-тўрт кун бўлди, нархлар арзонлаган. Ҳокимни гапи билан дейишяпти энди. Уч-тўрт кунча бўлиб қолди, ўзим бориб 13 минг сўмдан гўшт олиб келдим 2 кило. Гуручам арзонлаган, гуручига қараб нархи, 1 ярим минг сўмдан 2-2 ярим минг сўмгача, деди мингбулоқлик Исроил ака.


Ғаллаоролда байрам арафаси арзонлаган гўшт сероб бўлди

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи собиқ ўқитувчи Набижон ака ҳам янги йил арафасида туман бозорларида гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаганини айтди.

- Бошқа жойда қандай билмаймиз, бизда янги йил арафасида арзончилик бўлиб кетди. Мисол учун, мол гўшти 14 минг сўм, олдин 17 минг сўм эди. Қўй гўшти 15 минг сўм бўлди, авваллари 18-19 минг сўмгача эди, деди Набижон ака.

Унинг сўзларига кўра, байрам арафаси маҳаллий бозорларга туманнинг турли қисмидан мол ва қўй келтириб, сўйиб сотувчилар кўпайган.

Бунинг ортида сотувчиларнинг янги йилга яқин бозорнинг қизишидан фойдаланиб, пул ишлаш мақсади турибдими ёки ҳокимият турткиси — айтилишича, бундан оддий аҳолининг хабари йўқ.

- Олиб келиб сўйиб ташлаган. Ҳамма нарса етарли. Ғаллаоролда арзончилик. Бултур ҳам, ундан олдинги йилларда ҳам бундай бўлмаган. Нимагадир бу йил ўта арзончилик. Сабабини биз билмаймиз, деди Набижон ака.


Тошкентда ҳам гўшт арзонлади

Тошкентлик собиқ амалдорнинг сўзларига кўра ҳам Тошкентдаги бозорлари ва хусусан, "Элга хизмат" ярмаркаларида гўшт нархининг арзонлаши кузатилмоқда.

- Қўй гўшт нарзи 18-19 минг сўм бўлган бўлса, 14 минг - 17 минг орасида. Мол гўшти 12-14 минг сўм оралиғидаги нархда сотиляпти. Янги йил олди ҳамма ерда мол кўп сўйилган менимча. Лекин унақа ҳокимиятдан мажбурлаб, арзон сотасан, деган гап менимча йўқ. Лекин, "Элга хизмат" деган точкаларда ҳар доим гўштни арзонга, 12 минг сўмга соттиряпти, дейди тошкентлик собиқ амалдорлардан бири.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент бозорларидаги арзонлаш, асосан гўштга тегишли. Бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархида эса, аксинча бироз қимматлаш бор.


Тошкентда гўшт ўтган йили ҳам 30 фоизга арзонлаган

Ўтган йили Янги йил арафасида Тошкент шаҳридаги бозорларда гўшт нархининг 30 фоизга қадар арзонлаши ўтган йили ҳам кузатилган эди.

Тошкент бозорларида ҳам қўй¸ ҳам мол гўшти нархи пасайиши сабабини таҳлилчилар икки жиҳатга боғланган эдилар. Яъни, биринчи сабаб ҳокимиятларнинг қистови бўлса, иккинчи сабаб - ўтган йили кузатилган ем-ҳашак танқислиги бўлган.

Ўтган йили Ўзбекистоннинг чорвага ихтисослашган вилоятлари — Қашқадарë ва Сурхондарëда қурғоқчилик кузатилган ва бунинг ортидан ем-хашак ўта қимматлаб кетган эди.
XS
SM
MD
LG