Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев душанба куни ўтказган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамиятни қизиқтираётган иккита муҳим саволга жавоб берди.
Ўзбекистон Қамбарота-1 ГЭСи халқаро экспертизадан ўтказилмай туриб қурилишига қаршилик билдирмоқда. Бу борада расмий Тошкент ўз позицияси Остона ва Москва билан уйғун эканини маълум қилган эди.
Президент Атамбаев бу мавзуда гапирар экан, Қирғизистон қўшни давлатлар фикри билан ҳисоблашмасдан туриб, мазкур ГЭСларни қура олмаслигини таъкидлади. Шу билан бир қаторда Атамбаев Қамбарота-1 ГЭСининг қурилиши биринчи навбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон учун фойдали эканини алоҳида урғулади.
- Мазкур ГЭС ўзбекларга ҳам керак эканини тушунтиришимиз зарур. Қамбарота-1 қишда сув ҳозиргидай бекордан-бекорга оқиб кетмасин, қишда Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг қор босган далалари сув остида қолмасин деган мақсадда қурилаяпти. Биз куз ва қиш ойларида сувни тўплаб, суғориш мавсумида мана шу сувни қўшни давлатларга берамиз. Мазкур лойиҳа ўз вақтида Тошкентда тайёрланган, -деди Алмазбек Атамбаев.
Президентнинг айтишича, Датка-Кемин электр узатиш линиясининг барпо этилиши ҳам Қамбарота-1 ГЭСининг қурилиши каби Қирғизистоннинг энергетик мустақиллиги учун ташланган қадамлардан биридир. Атамбаев Датка-Кемин тармоғи олти ой мобайнида бунёд этилиши, бу орқали эса мамлакатда энергетик инқирози бартараф этилишини ваъда қилди.
Матбуот анжуманида Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров масаласи ҳам кўтарилди.
Amnesty International, Human Rights Watch каби қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров устидан маҳкама сохта айбловларга ҳамда сиёсий сабабларга асосланган, дея кескин танқид қилган ва Асқаровнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилиб келмоқда. Бироқ президент Атамбаев Асқаровнинг айбсизлигига далил-исботлар йўқлигини таъкидлади.
- Журналистлар, нодавлат ташкилотларининг мурожаатларидан ташқари менга битта-иккита гувоҳни кўрсатинглар-чи? Бу иш мен президент бўлгунимга қадар якунланган. Лекин ҳар доим гапни Асқаровдан бошлайсизлар. Ўтган сафар Германия президентига “Агар суд қарори чиқса, сизлардан бошқа биров мана шу суд қарорни бекор қиласан деб талаб қила оладими?”, деб савол бердим. Нега энди президент Атамбаев қонунни бузиб, қарор қабул қилиши керак? Бизда ҳам қонун бор. Суд қарорини президент бекор қилсин деб талаб қилаётганлар Қирғизистонни менсимайдиганлардир, - деди Атамбаев.
Қирғизистон президенти матбуот анжуманида АҚШ ва Европани “иккиюзлама сиёсат” юритаётганда айблади. Унинг айтишича, Қирғизистон талабига қарамай Британияда АҚШ сўрови билан қўлга олинган собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиев Бишкекка топширилмаяпти. Айни пайтда Европа давлатлари Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари масаласи юзасидан ташвиш билдиради.
- Биз бу масалани қаерда бўлса кўтармоқдамиз. Яқинда Германияга борганимда ҳам айтдим. Биз 15 миллон евро қарз сўрасак, Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари масаласини рўкач қилади. Қирғизистондан камида бир миллард доллар маблағни Европага олиб чиқиб кетган Максим Бакиев эса Британияда бемалол яшамоқда. Бу ерда “иккиюзламачилик сиёсати” бор, -деди Атамбаев.
Қирғизистон раҳбарига кўра, Бишкек Москва билан яқинлашув сиёсатини олиб бормоқда. Атамбаевнинг айтишича, Россия Қирғизистон армиясини катта миқдордаги қурол ва ҳарбий техника билан таъминлайди. Бироқ бу ёрдамнинг миқдори давлат сири бўлгани учун очиқланмайди.
Матбуот анжумани якуланай деб қолганида президент резиденциясида электр энергияси ўчиб қолди. Бу воқеа мамлакат энергетик инқирозни бошидан кечираётганига яна бир далил бўлди. Электр таъминотида узилиш бўлгани учун журналистлар президентнинг Қирғизистон халқига йўллаган янги йил табригини ёза олмай қолдилар.
Янги йил арафасида журналистлар саволларига жавоб берган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўз мамлакати қўшни давлатлар фикри билан ҳисоблашмасдан туриб, мазкур ГЭСларни қура олмаслигини таъкидлади.