Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:44

Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари ўз китобини Москвада тақдим қилди


Рафиқ Нишонов Москвадаги Итар-ТАСС Mатбуот марказида “Дарахтлар бўронгача кўкаради” номли китобини тақдим қилди.
Рафиқ Нишонов Москвадаги Итар-ТАСС Mатбуот марказида “Дарахтлар бўронгача кўкаради” номли китобини тақдим қилди.

Таниқли ўзбек-совет сиëсий арбоби¸ дипломат¸1989 йилгача Ўзбекистони бошқарган Рафиқ Нишонов ўз хотираларини акс эттирган китоб тақдимоти 18 декабр куни Москвада бўлиб ўтди.



“Дарахтлар бўронгача кўкаради” деб номланган 360 саҳифали бу китоб собиқ Совет даври 86 яшар Рафиқ Нишонов тақдирида қандай акс этганидан ҳикоя қилади.

Муаллифнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда китоби ҳақида буларни айтди.

- Мен Ўзбекистоннинг олис тоғли қишлоғида, қашшоқ батрак оиласида туғилиб¸ то СССР Mиллатлар кенгаши раиси бўлгунимгача бўлган ҳаëт хотираларим бу китобдан ўрин олди, дейди Рафиқ Нишонов Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Тақдимот маросими ташкилотчиси Олег Остравидовнинг Озодликка айтишича, Рафиқ Нишоновнинг ўзи иштирокида ўтган тадбир Россия жамоатчилигида қизиқиш уйғотган.

Москвадаги Итар-ТАСС Mатбуот марказида бўлиб ўтган тақдимот маросимида тарихчи олимлар¸ китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар¸ сиëсатшунос ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирни очиб берган Россия собиқ бош вазири¸ академик Евгений Примаков ўз сўзида Рафиқ Нишоновни “Совет ҳаëтининг энциклопедик билимдони” деб таърифлади.

Китоб таниқли кишилар ҳаëти ҳақида ҳикоялар ëзиш билан танилган россиялик икки журналист Марина Завада ва Юрий Куликовнинг Рафиқ Нишонов билан суҳбатларига асосланган.

Тадбирда сўз олган Марина Завада ва Юрий Куликовлар “бу китоб Рафиқ Нишонов монологи” эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00
Бевосита линк

Рафиқ Нишоновнинг “Дарахтлар бўронгача кўкаради” китоби ҳақида

1989 йилдан бери Москвада истиқомат қилаëтган Рафиқ Нишонов Озодлик тингловчиларига ўз китоби ҳақида гапириб берди:

- Бу китоб улуғ ҳаëтнинг бир хотираси. Эсдалик учун ҳаммадан олдин улуғ отам билан онамнинг ўша совет ҳукумати бошланган йилларида қандай кун кўргани ва қандай қилиб ватан учун жон бериб хизмат қилганига тўхталдим.

Улуғ Ватан уруши йилларида бизнинг кўп қариндош-уруғларимиз фронтга кетиб, бирлари қайтди, бирлари ўша ëқда ҳаëтдан кетди. Уларни ҳам эсладим. Кейин ўзим 6 йил армияда хизмат қилдим. Уни ҳам эсга олганман. Армиядан қайтиб келгандан кейин ўқиш, ишлаш. Тошкентда анча партия соҳасида, совет соҳасида қилган ишларимни эсга олганман¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Рафиқ Нишонов.

Рашидовдан қарздорман

18 декабр куни Москвада тақдим қилинган хотира китобида Ўзбекистонни узоқ вақт бошқарган раҳбар Шароф Рашидов шахсига алоҳида тўхталдим, дейди Рафиқ Нишонов:

- Менинг кўп ишларда кўтарилишимда Шароф Рашидовичнинг роли катта.
Рашидов жуда катта эътибор билан менга қараган ва ўша кўтарилиш учун мен Шароф Рашидовичга албатта қарздорман.

У кишини улуғ одам деб ҳисоблайман. Ўзбекистон учун кўп хизмат қилган. Унинг характерида бир хил камчиликлари бўлган. Улар тўғрисида озгина ëзганман. Лекин Ўзбекистон учун унинг қилган хизмати жуда катта. Кейин мен қандайдир воқеалар ўтиб, дипломатический ишга кетиб, 5 йил чет элда хизмат қилиб келганман. Цейлонда, Малдив Республикасида, Иорданияда қирол Ҳусайн билан 15 йил иш қилганман. Ўша дипломатический ишларни қилганман. Шароф Рашидович вафот этгандан кейин мени республикага қайтадан чақиришди. Қисқа муддат ичида қандай ишлар қилинган республикаларда мен албатта уларни эсга олиб, қоғозга туширдим. Перестройка даврида Михаил Сергеевич Горбачев мени Москвага ишга чақирди ва СССР Олий Советининг миллатлар палатасига раис қилиб сайлашди. Икки ярим йил перестройка вақтида Олий Советнинг Миллатлар палатасининг раиси хизматида анча иш қилдим. Уларнинг ҳаммасини эсга олдим¸ дейди Рафиқ Нишонов Озодлик билан суҳбатда.

"Бугунги Ўзбекистон ҳақида китобимда ëзмадим"

Рафиқ Нишонов бугунги Ўзбекистон ҳақида ўз китобида ҳеч нарса ëзмаганлигини айтди:

- Афсуски, Совет ҳукумати йўқ бўлиб кетди. Республикалар ўзи учун мустақиллик олишди. Уларнинг ҳозирги ҳаëти ва халқининг ҳаëти тўғрисида эсимга келган нарсаларни ëздим.

Умуман, китоб ëшлар учун қандай ҳаëт кўрган совет вақти одамлари хотира бўлиб эсга олинади. Ҳозирги Ўзбекистоннинг ҳаëти ва ҳозирги қилинаëтган ишларни мен ëзмаганман. Менинг бу ишларга қатнашим йўқ. Ўзбекистонда ҳозир қандай ишлар бўлаëтганини бевосита у ерда туриб кўрганим йўқ. Шунинг учун республикалар мустақил бўлиб чиқиб кетгандан кейин Ўзбекистонда қандай ҳаëт кетаëтганини мен ëзганим йўқ. Мен уни, просто, билмайман. Лекин мен хурсандман Ўзбекистон мустақил бўлди. Ўзбекистон ўзининг традицияси билан, ўзининг ҳаëти билан яшаяпти. Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи ишларини мустақил олиб бораяпти. Бунинг учун мен хурсандман.

Мустақиллик арафасидаги Ўзбекистон

Рафиқ Нишонов Ўзбекистоннинг янги тарихи арафасидаги энг қизиқ ва энг қалтис бир даврда республикани бошқарди.

Нишонов Ўзбекистон ëзувчилар уюшмасидаги мажлисларда мамлакат зиëлиларининг мустақиллик орзусидаги оташин чиқишларини ўз китобида эслаганини айтади”

- Китобда у вақтда қилинган ишлар бор. Мустақиллик учун кураш вақтларида бўлганман уни албатта ëздим. 80-йилларнинг охирида 90-йилларнинг бошида Марказ қанчалик республикаларга қаттиқ босим қилгани ва қаттиқўллик билан иш олиб борганларини ҳам ифода қилганман¸ дейди Озодлик билан суҳбатлашган давлат ва сиëсат арбоби Рафиқ Нишонов.

Колхозчи¸ фирқа фаоли¸ аскар¸ шаҳар ҳокими¸ элчи¸ давлат раҳбари

Бу Рафик Нишанов эгаллаган касб ва лавозимларнинг қисқа баëни.

1926 йили Тошкент вилоятининг Ғазалкент шаҳрида туғилган Рафиқ Нишонов кундузи колхозда ишлаб, кечқурун Тошкент давлат педагогика институтида тахсил олди.

1945 йилдан 1950 йилгача Совет армиясида хизмат қилди.

1951 йилдан бошлаб Ўзкомфирқа сафларида фаолият бошлади. Қисқа муддатда оддий инструктордан туман партия қўмитаси котибигача юксалди.

1959 йилда Тошкент шаҳар кенгашига раис қилиб тайинланди.

1963 йилда Ўзбекистон Компариясига котиб бўлди.

1970 йилда Совет Иттифоқининг Шри-Ланкадаги элчиси лавозимига тасдиқланди.

Рафиқ Нишонов1978 йилда СССРнинг фавқуллода ва мухтор элчиси сифатида Иорданияда ишлади.

1988 йилдан1989 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби сифатида республикани бошқарди.

1981 йилдан 1991 йилгача СССР Миллатлар кенгаши раиси лавозимида ишлади.

Рафиқ Нишонов 1991 йилдан бошлаб Ўзбекистонда исталмаган шахслардан бирига айланди.

Кейинги 20 йил мобайнида Рафиқ Нишонов Москвадаги Яқин Шарқ ва Шимолий Америка билан ҳамкорлик регионал фондига раҳбарлик қилиб келади.

Рафиқ Нишоновнинг уч фарзанди, тўрт невараси ва беш эвараси бор.
XS
SM
MD
LG