Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:16

"Швеция ва Россия Жуковский ҳақида маълумот бериши керак"


Октябр ойи бошида Юрий Жуковский ҳибсга олингани ҳақдаги дастлабки хабарлар швед матбуотида пайдо бўлганидан буён жамоатчилик бу борада янги маълумот ола олгани йўқ.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам Швеция прокуратураси ҳам бу ҳақда ҳануз жим.

"Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева таниқли имомга суиқасдда гумонланаётган шахс билан боғлиқ жараëн шаффоф бўлиши талаби билан чиқди:

- Биз ҳозир Ўзбекистондаги халқаро ширкатлар юз тутган муаммолар манзарасида Юрий Жуковскийдан босим ўтказиш ёки музокараларда ишга солиш мумкин бўлган восита сифатида фойдаланилиши хавфи бор, деб ўйлаяпмиз, дейди Мўътабар Тожибоева.

Тожибоева тахминича, Жуковскийнинг Россияда ҳибсга олинганидан бери МТС мобил телефон ширкатининг Ўзбекистонда юз тутган муаммоларининг ижобий томонга ҳал бўлиши мумкинлиги белгилари пайдо бўлган:

- Жуковскийнинг ҳибсга олинганлиги айнан МТС можароси манзарасида рўй бергани бежиз эмас, афтидан. Россия қанчалар қудратли, нималарга қодир эканини Ўзбекистонга кўрсатиб қўйиш мақсадида у одамни қўлга олган, деган шубҳа-гумонга борaяпмиз, дейди Тожибоева.

2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган Обидхон қори Назаров шу йилнинг феврал ойида ўз уйи яқинида отиб кетилган эди.

Суиқасд амалини бажарган асосий шахс 34 ёшли Ўзбекистон ва Россия фуқароси Юрий Жуковский экани, у Россияга қочиб кетгани ва кейинчалик Россияда ҳибсга олингани хабар берилди.

Швециядаги етакчи ва нуфузли газеталаридан бири бўлган Expressen газетасининг мухбири Майк Ўландер Озодлик билан суҳбатда Обид қорига суиқасд қилган шаxс ушлангани ҳақидаги маълумотни ўта ишончли манбадан олганликлари ва хабар бир неча манбаа орқали тасдиқланганидан кейингина эълон қилинганини айтган.

Ўландер Швеция ва Россия ўртасида Жуковскийни экстрадиция қилиш борасида сўзлашувлар бораётгани ҳақида ҳам хабар қилганди.

Обидхон қорининг ўғли Довудхон швед матбуотида тарқалган хабарларнинг ишончлилигига шубҳа қилмайди.

- Бир газетада чиққани йўқ бу хабар. Жуда кўп нашрларда янгради бу янгилик. Лекин, ўшандан бери ҳаммаси жим-жит бўлиб қолди. Биз бу ерда ҳар-хил расмий идораларга мурожаат қилиб буни аниқлашга ҳаракат қилдик. Улар бу ҳақда маълумот беролмаймиз, деб гапни қисқа қилишаяпти. Англашимизча, ахборот нотўғри бўлмаган, эҳтиёткорлик қилишяпти улар ¸ дейди Обидхон қорининг ўғли Довудхон.

Довудхоннинг айтишича, тўққиз ойдан буён шифохонада оғир аҳволда қолаётгани айтилган Обидхон қорининг аҳволи ҳозирда "ижобий томонга ўзгара бошлаган".
XS
SM
MD
LG