Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:23

Тиллаев: ўзбек мухолифатчиларига тазйиқ кучаймоқда


Ўзбекистонлик фаолларга нисбатан босимлар уларнинг маҳаллий мардикорлар орасида касаба уюшмасини тузиш уринишларидан кейин бошланган.
Ўзбекистонлик фаолларга нисбатан босимлар уларнинг маҳаллий мардикорлар орасида касаба уюшмасини тузиш уринишларидан кейин бошланган.
Ўзбекистонда “Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси”ни тузмоқчи бўлган фаолларга турли кўринишдаги босимлар давом этмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон “Эрк” Демократик партияси Марказий Кенгаши аъзоси Фахриддин Тиллаев маълум қилди.

Сентябр ойида Тошкент шаҳар Ҳамза туман суди Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ҳамда Абдулла Тожибой ўғлини ноқонуний фаолиятда айблаб, уларнинг ҳар бирини юз минимал иш ҳақи (7 миллион 235 минг 500 сўм) миқдорида жаримага тортган эди.

Учовлон 22 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесида жойлашган меҳнат биржасида милиция ходимлари тарафидан ушлаб олиб кетилган.

Ўшанда иш топиш илинжида меҳнат бозорига келган одамларга "Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси"га кириш учун варақа тарқатган фаоллар суд томонидан жаримага тортилган.

Бу жаримани ўзи ва ҳаммаслакларига нисбатан тазйиқ дея баҳолаган Тиллаев эндиликда бу каби босимлар маҳалла фаоллари ва нозирлари воситасида амалга оширилаётганини урғулайди. Бундан ташқари...

- Ички ишлар ходимлари, бошқалар безовта қилаяпти ҳар қадамда. Масалан, фақат Нуриддин акага (Жуманиёзов – таҳр.) эмас, менга ҳам, Абдулло Тожибой ўғлига нисбатан ҳам шу ҳолатлар бўлаяпти. Кундан кунга назорат кучайиб бораяпти. Миллий хавфсизлик ҳам, милиция ҳам кучни фақат бизга қаратган, - дейди Фахриддин Тиллаев.

Суҳбатдошимизга кўра, кеча Ўзбекистон “ЭРК” Демократик партиясининг Марказий Кенгаш аъзоси Нуриддин Жуманиёзов Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суд ижрочилар бўлимидан келган чақирув қоғози асосида мазкур бўлим ходими Беҳзод Ражабовга учраган. Ражабов унга 23 сентябр куни Жиноий ишлар бўйича Ҳамза туман суди томонидан чиқарилган қарор асосида 7 миллион 235 минг 500 сўм жарима тўлаши лозимлигини, бу пулни ҳар ойда 361 минг 775 сўмдан қилиб тўлаб туриши шартлигини айтган.

Айни пайтда Нуриддин Жуманиёзов оиласи билан яшаётган Ҳамза туманидаги ижара уй эгаси Жамила опага ҳам ўзи ҳақида турли бўлмағур сўзлар айтилганини, “ваҳҳобий” деб танитилганини айтади. Бу гаплардан ўтакаси ёрилган уй эгаси Нуриддин акани уйдан чиқармоқчи бўлган.

- Улар ўзаро келишиб, мени квартирадан чиқармоқчи бўлди. Лекин Жамила кеча келди. Корректний, ақлли аёл экан. Мен билан узоқ ўтириб суҳбатлашди. Мен: “Сизга бир зарар бермайман, иккимизга икки томонда икки хил гап қилиб, бизларни ҳайдамоқчи”, дедим. “Унда мен ҳозир қишда сизларни ҳайдамайман, майли, яшаб туринглар. Агар менга қоладиган бўлса, мен сизларни чиқариб юбормайман”, деди. Мардлик қилди шу ерда бу аёл. Энди мен уларни кечадан бери кўрмадим, аммо анча ҳовуридан тушишганга ўхшайди. Одатда, бунақа пайтларда улар ҳеч нарсага қарамасдан, ҳайдатиб юборишади, - дейди Нуриддин Жуманиёзов шу кунда ўзига нима сабабдан “ваҳҳобий” деб туҳмат қилишганининг сабабини аниқлаш билан банд эканини айтаркан.

Фахриддин Тиллаев эса ўзига ҳаммаслак фаоллар муттасил кузатилаётганини ҳам қўшимча қилади.

- Қаерга бормайлик, ортимиздан одам бор. Мана, ҳозир судга бориб келаётган жойимизда ҳам орқамиздан одамлар тушган. Ҳар бир қадамда, ҳар бир жойда назорат жуда кучайтирилган бизнинг устимиздан. “Ҳозирги мавжуд ҳукуматни булар ағдариб ташлаш учун куч йиғаяпти, булар мана шунақа нарса билан шуғулланаяпти” деган фикр ҳечам буларнинг хаёлидан кетмаяпти, - дейди мухолифат фаоли Фахриддин Тиллаев.
XS
SM
MD
LG