Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:48

Сиёсий маҳбус Халқаро Қизил Хоч ташкилотидан яширилмоқда


Қарши қамоқхонаси нозирлари журналист Солижон Абдураҳмоновни Халқаро Қизил Хоч ташкилоти кузатувчиларидан яшириб келишмоқда.

Маҳбус яқинларининг айтишларича, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Абдураҳмонов билан шу йилнинг бошидан буён учрашишга уриниб келади.

Аммо қамоқхона нозирлари сиёсий маҳбусни халқаро кузатувчилардан яширишган ёки уни ўрнига бошқа одамни кўрсатишган.

- Илк бор халқаро кузатувчилар гуруҳи журналист билан учрашишга уриниш пайтида уни машинага солиб, номаълум жойга олиб боришган ва қўмита ходимлари колонияни тарк этмагунча ушлаб туришган, - дейди журналистнинг ўғли Даврон.

Ўтган ой Даврон Қарши қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган отасини кўриб қайтган.

- Дадамни айтишича, ўтган ой уни номаълум жойга олиб кетишган. Унинг ўрнига бошқа бир маҳкумни Қизил Хоч ташкилоти кузатувчиларига кўрсатишган, гўё у Солижон Абдураҳмонов деб. Бу ҳақда унинг камерадошлари келганидан кейин айтиб беришган. Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакиллари ҳам учрашув пайтида қаршисида бошқа одам турганини дарров англашган, - дейди Даврон.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари муовини Иҳтиёр Асланов Озодлик билан суҳбатда: "Бу маълуот биздан чиқмаган. Қамоқхоналардаги кузатувларимиз эса конфиденциал ҳисобланади ва биз уни фақат Ўзбекистон ҳукумати билан мухокама қиламиз", - деб жавоб қилди.

Ташкилот 2009 йилдан ўзбек қамоқхоналарини мониторинг қилишни қайта бошлаган.

Бунгача Қизил Хочнинг ўзбек қамоқхоналарига сафарлари 2004 йил декабридан тўхтатилганди.

Бунга Қизил Хоч қўллаётган усуллардаги ноаниқликлар сабаб қилиб кўрсатилган, аммо аксар инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, аслида бунга ўзбек ҳукуматининг Қизил Хоч истаган қамоқхоналарга йўлни очиб бермагани сабаб бўлган.

Uznews.net мустақил ахборот нашрининг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб ишлаган 62 ёшли Солижон Абдураҳмонов 2008 йил июн ойида йирик миқдорда гиёҳванд моддалар сақлаганлик ёки тарқатганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари журналистнинг қамалишини унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини айтишган.

Солижон Абдураҳмонов "Озодлик" ва "Америка овози" радиоларининг Қорақалпоғистон бўйича мухбири сифатида фаолият юритган, Британиянинг Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти, Uznews.net мустақил нашри билан ҳамкорлик қилган.

Ўтган йили Халқаро Амнистия ташкилоти Солижон Абдураҳмоновни сиёсий маҳбус, деб эълон қилган эди.

Ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам журналистга нисбатан амнистия қўлланилмаяпти.
XS
SM
MD
LG