Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:39

Тошкентда "қиз сотиш"да гумонланган уч аёл қўлга олинди


15 ноябр куни Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказган рейд натижасида одам савдосида гумонланаётган уч аёл ҳибсга олинди.

Ушбу амалиёт гувоҳларининг Озодликка айтишича, кундуз соат 12 да Қоратош маҳалласидаги беш қаватли уйлардан бирини фуқаролик кийимида бўлган 15 нафарча "барзанги" кишилар ўраб олган.

Гувоҳларга кўра, ўзларини Террорчиликка қарши кураш корпуси (Ўзбекистон қуролли кучларига қарашли махсус отряд) ходимлари деб таништирган бу кишилар иккинчи қаватдаги квартира эшигини тақиллатганида ичкаридан эшикни ҳеч ким очмаган.

Хавфсизлик ходимларидан бири уйнинг ичкарисига нарвон ёрдамида ойнадан кирган ва кўп ўтмай ушбу квартирадан ёшлари 30-35 ëш атрофида бўлган уч аёл олиб чиқилган. "Аёллардан бирининг қўлида гўдак боласи ҳам бор эди"¸ дейди Тошкентдаги Озодлик манбаси.

Хавфсизлик ходимларининг айтишларича, учала аёл одам савдоси, хусусан ўзбекистонлик қизларни Дубайга олиб чиқиб фоҳишалик учун сотганликда гумонланиб қидирувга берилган.

Мазкур хонадонда уларнинг қарийб бир ярим ойдан буён яширинча яшаб келгани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, аёллардан бирининг опаси ушбу кўп қаватли уйда яшаб келган ва у яшириниб юрган аёлларни хорижга кетиб уй калитини ўзига қолдирган қўшнисининг уйига жойлаштирган.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш сусаймаётган эса-да, одам савдоси қурбонлари ҳақидаги хабарлар ҳам камаймаётир.

Айни пайтда оммавий ахборот воситаларида, мамлакат вокзал ва аэропортларида одам савдосидан огоҳлантирувчи рекламалар кўпайган.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари одам савдоси кўлами ва бу иллатга қарши кураш сарҳисобларини жамоатчиликка кўп ҳам ошкор қилмайди.

Айнан шу туфайли АҚШ Давлат департаментининг одам савдоси бўйича 2012 йилги ҳисоботида Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш бўйича минимал талабларни бажармаган давлатлар қаторига қўйилган.

Ҳисоботга кўра, Қозоғистон, Россия ва Украинага кетган ўзбек эркаклари ва аёллари оғир меҳнатга мажбурланишлари мумкин.

Одам савдогарлари қўлига тушган аёллар эса¸ аксар ҳолатларда¸ БАА, Ҳиндистон, Таиланд, Россия, Қозоғистон, Хитой, Корея, Малайзия ва Индонезияда жинсий хизмат кўрсатишга мажбур қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG