Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

"Ўздунробита" аризасини кўриб чиқиш яна қолдирилди


Ўзбекистон Олий хўжалик суди “Ўздунробита” ширкатини лицензиядан маҳрум қилиш юзасидан қарор чиқаришни яна номаълум муддатга қолдирди. Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистондаги шўъбаси лицензиясидан маҳрум қилингани юзасидан Олий хўжалик судига топширган аппеляция аризаси 13 ноябр куни кўриб чиқилиши керак эди. Ўзбекистонда шу йилнинг июлида фаолияти тўхтатилган “Ўздунробита”га оид иккита суд ишининг бири ўтган ҳафта ширкат фойдасига ҳал бўлди. Шу сабабдан Олий хўжалик судининг МТС учун ижобий қарор чиқариши эҳтимоли борлиги айтилмоқда.



Ўзбекистон Олий Хўжалик суди “Ўздунробита” апелляция аризасини 13 ноябр куни кўриб чиқиши лозим эди.

МТС ширкати матбуот хизмати вакили Валерия Кузьменконинг Озодликка айтишча, суд мажлиси яна қолдирилган.

- Шикоят аризамиз бугун кўриб чиқлиши керак эди. Лекин, афсус, ҳеч бир изоҳсиз суд мажлиси қолдирилганини маълум қилишди. Шикоятимиз қачон кўриб чиқилиши ҳақида ҳам бизга билдиришгани йўқ, деди МТС вакили.



Олий хўжалик судининг ўзини таништирмаган вакили Озодликка бу хусусда изоҳ беришдан бош тортди.

Олий суд “Ўздунробита” лицензиясини бекор қилиш ҳақидаги аввалги маҳкама қарори қанчалик қонунга мос бўлганига оид масалани даставвал 16 октябр куни кўриб чиқиши керак эди, лекин маҳкама олдин 30 октябр, кейин 13 ноябрга қолдирилган эди.

8 ноябр куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди апелляция ҳайъати “Ўздунробита”га оид бошқа ишни кўриб чиқиб, МТС аризасини қисман қондириб, ширкатнинг Ўзбекистондаги барча активларни давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисида қуйи инстанция чиқарган қарорни бекор қилди. Лекин шу билан бирга суд МТС ширкати давлат бюджетига 600 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўтказиши лозим, деган қарорни чиқарди. Бундан ташқари “Ўздунробита”нинг тўрт нафар ходимини шартли қамоқ жазосига ҳукм қилиш қарори ҳам кучда қолдирилди.

Кўпчилик МТС учун ижобий, деб баҳолаган суд қарори, Валерия Кузменконинг айтишича, ширкатни тўла қониқтирмаган.

- Ҳозирча ижобий ўзгаришларни сезганимиз йўқ. Лекин биз масалани ҳал қилиш уринишларини давом эттирмоқдамиз, деди МТС вакили.

Валерия Кузменконинг айтишича, ўтган ҳафта суд чиқарган қарор МТСга тақдим этилганича йўқ, шу сабабдан унда келтирилган Ўзбекистон ҳукуматининг 600 миллионлик молиявий даъвосини қондириш масаласи ҳам кўриб чиқилгани йўқ.

Олий суд ҳукми МТС фойдасига бўладиган тақдирда ширкат Ўзбекистонга қайтишга тайёрми, деган саволга Кузменко “бу ҳақда гапириш ҳали эрта”, дея жавоб берди.

МТС вакили сешанба куни Озодлик мухбири билан суҳбатда, Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага қарашли Москва марказида жойлашган хашаматли квартира мусодара қилингани тўғрисида ўтган ой матбуотда пайдо бўлган хабарни ҳам инкор қилди.

- Гулнора Каримованинг квартираси тўғрисида миш-мишлар пайдо бўлган эди. Биринчидан бу миш-мишларнинг пайдо бўлишига МТСнинг алоқаси йўқлигини айтмоқчиман. Бундан ташқари МТСнинг Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқарилиши юзасидан Россияда очилган жиноят иши якунлангани йўқ, шу сабабдан бу иш доирасида мусодара тўғрисида қарор чиқарилиши ҳам мумкин эмас. Жиноят ишидан кўзланган мақсад, яъни МТСнинг ёпилишига алоқадор бир гуруҳ шахсларни аниқлаш ишлари ҳам якунлангани йўқ, деди Валерия Кузменко.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатган эди. 31 июл куни эса Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди.

27 август куни "Ўздунробита" мулозимларига қарши текширувлар асосида тўпланган фактлар маҳкамага оширилди ва 17 сентябр куни Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” компаниясининг тўрт нафар ходимини уч йилдан шартли равишда озодликдан маҳрум қилди.

Баъзи тасдиқламаган хабарларга кўра, Ўзбекистон билан Шарқий Европада энг йирик ҳисобланган мобил алоқа оператори ўзаро можарони ҳал қилиш бўйича ёпиқ музокараларни олиб бормоқда.

“Ўздунробита” оператори фаолиятининг тўхтатилиши Ўзбекистонда миллионлаб абонентларнинг бир муддат алоқасиз қолишига сабаб бўлди. Ҳозирда абонентлар бошқа операторларга ўтиб кетган бўлса-да, мамлакат бўйлаб уяли алоқа сифати сезиларли тарзда пасайгани кузатилмоқда.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллион абонентга хизмат кўрсатар эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:46 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG