Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:50

Тошкент Санъат музейи сенсациялар марказида


16 асрда ижод қилган италян рассоми Паоло Веронезенинг Тошкентда пайдо бўлган асари.
16 асрда ижод қилган италян рассоми Паоло Веронезенинг Тошкентда пайдо бўлган асари.

Ўзбекистон пойтахтидаги Давлат санъат музейида йиллар давомида сақланиб келинган сурат ранг қатлами тагидан яна бир дурдона асар чиқди. Айни пайтда шу кунларда ушбу музейда 20-асрнинг энг машҳур рассоми Пикассонинг 12 асари ҳам намойиш қилинмоқда.


Тошкент Давлат санъат музейи сақланиб келган суратнинг ранг қатлами тагидан яна бир дурдона асар чиққани баробарида¸ айни музейда Пикассонинг 12 асари ҳам намойиш қилинмоқда.

Тошкент Давлат санъат музейи жамламасидаги эски рангтасвир асарини реставрация қилиш чоғида¸ расм устидаги ранг қатлами остидан машҳур италиялик рассом Паоло Веронезе (итал. Paolo Veronese 1528-1588) асари чиқди.

Бу ҳақда Озодлик мухбирига Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги матбуот бошқармаси бошлиғи Ҳиндол Мадраҳимов маълум қилди.



Мадраҳимовнинг Озодликка айтишича¸ Паоло Веронезенинг бу асарини Ўзбекистонга чор Россиясидаги романовлар сулоласи вакиллари олиб келишган.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи бош хазиначиси Мирфайз Усмонов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда эски ранг қатлами остидан чиққан Паоло Веронезе асари айни пайтда яхши ҳолатда сақланаëтганлигини айтди.

Ўзбекистон Давлат санъат музейи санъатшуноси Умида Раҳимованинг Озодликка айтишича¸ шу кунларда Паоло Веронезе асари кўргазма залига осиб қўйилган.

Суҳбатдошга кўра¸ Италиянинг Верона шаҳрида туғилиб 16-асрнинг биринчи ярмида ижод қилган Паоло Веронезе Венеция рангтасвир мактабини энг мақбул тарзда тамсил қилган йирик рассомдир.

- Бу рассомнинг асарии бошқа италиялик рассомлар¸ жумладан Беллони асарлари қаторида Ўзбекистон Давлат санъат музейи жамламаси жозибадорлигини оширмоқда¸ дейди санъатшунос.

Матрëшка услуби ҳақидаги иддаолар

Озодлик суҳбатлашган музей расмийлари "Паоло Веронезенинг асари қайси асар тагидан чиқди? Бу асарнинг ҳақиқатдан ҳам Паоло Веронезега оидлиги мустақил экспертиза тарафидан тасдиқландими? Асарнинг романовларнинг Санкт-Петербургдаги жамғармасидан Тошкентга қандай бориб қолгани борасида ҳужжатлар мавжудми?" деган саволларга жавоб бера олмади.

1987 йилдан 1992 йилгача музейга директорлик қилган Дамир Рўзибоев эса Озодлик билан суҳбатда Паоло Веронезе борасидаги гапларда мавҳумлик кўп эканини таъкидлади.

Исми айтилишини истамаган тошкентлик реставратор (сурат таъмирчиси) Озодлик билан суҳбатда ноëб суратлар кўп ҳолларда устига замонавий расмлар чизилган ҳолда олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ тафсилотларни айтиб берди.

Суҳбатдош¸ “Матрëшка услуби” деб атаган бу амалиëт чоғида қадимий расм устига масалан¸ Бухоро манзараси ва туялар сурати нари бери қилиб акрилл бўëқда чизилишини айтади. Бундай айëрлик эса¸ ноëб асарни арзон кўча сурати тарзида мамлакатдан олиб чиқиш учун расман изн олишга имкон яратади.

Ана шундай тарзда мамлакатдан чиқиб кетган бу асар устидаги муваққат бўëқ қатлами олиб ташланиб¸ сотувга қўйилади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида бундай амалиëт кўп бўлганини айтган таъмирчи¸ Паоло Веронезе асари устига ҳам айни “Матрëшка” усулида ранг чапланган бўлиши мумкин¸ деган иддаони эҳтиëтли бир тарзда билдирди.

2001 йил охирида Ўзбекистон Давлат санъат музейидан рус рассомларининг бешта машҳур асари ўмарилган эди.

Айвазовсийга оид “Даштда кун ботиши”¸ Тропинин чизган “Обаленский портрети”¸ Брюлловнинг “Турк қизи”¸ Крамскойнинг ”Қизил дуррали қиз” ва Суриковнинг “Мерган қиз” асарлари ўғирлаб кетилган эди.

Кейинги икки-уч йилда Ўзбекистон Давлат санъат музейидан италян рассоми Томазо Солари чизган “Олма ушлаган Венера” ва машҳур рассом Беллони мўйқаламига мансуб “Чўмилаëтган аëл” асарларини ўғирлашга уриниш бўлган.

Ўзбекистон музейларидаги кўп асарларнинг оригиналлари пулланиб¸ ўрнига қўлбола нусхаларини қўйиш амалиëти ҳам урчигани айтилади.

Ўзбекистондаги Тасвирий санъат билим юртининг икки ўқитувчиси музейдаги асарларни алмаштириб қўйиш мақсадида нусха ишлагани учун жиноий жавобгарликка тортилгани ҳам айтилади.

Ўзбекистон музейларида Пабло Пикассо¸ Василий Кандинский каби машҳур рассомларнинг асарлари мавжуд.

Бу асарларнинг жаҳон бозоридаги нархи бир неча миллион доллардан ошади.

Ўзбекистон ва Пикассо

Ўзбекистон Давлат санъат музейида 20-асрнинг энг машҳур рассоми Пабло Пикассонинг 12 та асари сақланади.

Айни кунларда Тошкентдаги Давлат санъат музейида “Пикассо ва Кашина: Шарқу-ғарб мулоқоти “ деб номланган кўргазма очилган.

Кўргазмада таниқли модернист Пабло Пикассога оид керамика асарлари намойиш қилинмоқда.

Кўргазма ҳақида Озодликка маълумот берган санъатшунос Нигора Қулташевага кўра¸ Пикассо асарлари музей фондида 40 йилдан буён сақланиб келган.

Субатдошнинг айтишича таниқли француз рассоми¸ Пабло Пикассонинг яқин дўсти Фернан Леже вафот этганидан кейин унинг беваси Надежда Леже эрига оид осори- атиқалар ва суратларни Совет иттифоқидаги маданияти қолоқ бўлган ҳудудларга беришга қарор қилган.

Шундай қилиб Пабло Пикассо яратган 12 та сопол асар Ўзбекистон Давлат санъат музейига келиб тушган.

Тамарахонимнинг рўмоли

Пабло Пикассонинг яна бир асари яқин-яқинларгача Тошкентдаги Тамарахоним музейида сақлаб келинган эди.

1988 йили Тамарахонимнинг Москвада яшайдиган қизи¸ рассом Ванцетта Салаҳова мухбирингиз билан суҳбатда Пикассо ва Тамарахонимнинг 1925 йил Париждаги учрашуви ҳақида гапирган эди.

1988 йилда КПССнинг Москвадаги қурултойида қатнашаëтган Тамарахоним мажлисдан чиқиб¸ ўша пайтда Москвада ўқийдиган ўзбек рассомлари билан суҳбатлашади.

Суҳбат иштирокчиси бўлган рассом Фатхилла Шокировнинг эслашича¸ бу мулоқотда Тамарахоним қандай қилиб Пикассо ўз портретини чизганини фахрланиб айтиб берган.

Ҳикояга кўра¸ 1925 йили Париждаги Совет делегацияси таркибида бўлган Тамарахонимни кўрган Пикассо "Осиë гўзали"га ўз шайдолигини яшира олмаган.

Ана шундан кейин рассом Тамарахоним қўлидаги рўмолчага унинг портретини қалин қалам (маркер) билан чизган.

Пировардида бу портрет Тамарахоним музейидан ўрин олган.

"Айни пайтда бу портрет йўқ¸ унинг Россиядаги оила аъзолари олиб кетишган"¸ дейди Тамарахоним музейи директори Зубайда Музаффарова Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ Тамарахоним Пикассо расм чизган рўмолга алоҳида меҳр қўйган. Пировардида бу рўмолга бағишлаб “Рўмолим” деган қўшиқ айтган.

“Рўмолим” қўшиғи 1937 йили алоҳида грампластинка тарзида 100 мингдан зиëд нусхада чиқарилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:06 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG