Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:28

Гомес: Ўктам Пардаев озод этилиши керак!


Salem-news интернет нашрининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Уилям Николас Гомес.
Salem-news интернет нашрининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Уилям Николас Гомес.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Salem-news интернет нашри вакили мана шу чақириқ билан Ўзбекистон президенти номига очиқ хат йўллади.

Дунёнинг 22 давлатидан жами 98 нафар журналист, публицист, илмий тадқиқотчи ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари бўлган Salem-News интернет нашрининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Уилям Николас Гомес ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг озод этилишини сўраб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига очиқ мактуб йўллади.

Очиқ хатида Front Line Defenders ташкилотининг Пардаевни озод этиш ҳақидаги чақириғини қувватлаган Гомес Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ фаолининг ҳибсга олинишини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан ҳукумат тазйиқининг давоми сифатида баҳолади ва шунингдек, 8 октябр куни олган яна бир хабарини қўшимча қилди.

- Жаноб Пардаев зўравонлик билан ҳибсга олинган ва бунинг асл сабаби унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эканидир. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ўта қўпол ва даҳшатли тарзда поймол этилаётган давлатлардан биридир, дейди сўнгги икки йилдан буён Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатаётганини айтган Уилям Николас Гомес.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Жиззах вилояти бўлими раиси бўлган Ўктам Пардаев шу йилнинг 30 сентябрида Жиззах шаҳри марказидаги катта кўчалардан бирида зўрлик билан ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Яқинлари ва ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларидан олинган маълумотга кўра, ҳуқуқ фаоли 2 октябр куни суд қилинган ва маъмурий тартиббузарликда айбланиб, 15 суткалик ҳибсга ҳукм қилинган.

Маъмурий тартиббузарлик айби эса Пардаевнинг жиззахлик аҳоли вакилларини пахта теримига чиқиш мажбуриятига қаршилик кўрсатишга даъват этгани боис қўйилгани айтилган эди.

Шу кунларда ўктам Пардаев Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланаётгани ҳақида яқинларига расман маълумот берилган, аммо унинг ўзи билан кўришишга рухсат берилмаган.

Озодлик Salem-News интернет нашрининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Уилям Николас Гомес чақириғи ортидан бошқармага боғланди.

Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармасидаги ишонч телефони орқали жавоб берган, аммо ўзини таништирмаган расмий 9 кундирки яқинларига кўрсатилмаётган Ўктам Пардаевнинг бошқарма ҳибсхонасида сақланаётганини тасдиқлади.

Аммо, бу ходим Ўктам Пардаевнинг яқинларига кўрсатилмаётгани ҳақидаги маълумотларни ҳам инкор қилди. "Шаҳар судига ариза ёзиб, рухсатнома олишса, бемалол кўришлари мумкин", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ишонч телефони орқали жавоб берган ходим.

Аммо, аввалига бир неча кун давомида ҳуқуқ фаолининг қаерда эканини аниқлолмай сарсон бўлганини айтган укаси Шароф Пардев акасининг бошқарма ертўласида экани ҳақидаги расмий маълумотнинг ҳақиқат эканига ишончи комил эмаслигини айтди.

- Акамни қариндош-уруғлардан ҳали ҳеч кимга кўрсатишгани йўқ. Судга неча марта ариза билан чиқдик, рад қилиб юборишди. 15 суткаликда кўришишга рухсат берилмас экан. Давлат ёллаган адвокат кўрдим, аҳволи яхши, деди. Лекин у ҳам 2 октябр куни судда кўрган. Кўршишини сўраб, судга борсак, суд қайтарворади, горотделга борсак улар ҳам қайтариб юборади. Биз хавотирдамиз, чунки акамнинг мазаси йўқ. Бизга ҳаммаси қоронғуда, балки Жаслиққа олиб кетишгандир, балки олиб кетишмагандир, бизга қоронғу, - дейди Шароф Пардаев.

Яқинлари Ўктам Пардаевнинг ҳуқуқий ҳимояси учун унинг ўзи ва яқинларининг адвокат ёллаш ҳақидаги сўровлари ҳам рад этилганини айтмоқда.

Ўз манбаларининг хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида ошкор қилмаётганини, аммо уларнинг ишончли эканини иддао қилаётган Уилям Николас Гомес ҳуқуқ фаолининг қийноққа тутилганини ҳам айтмоқда.

- Биздаги ишончли маълумотларга кўра, у оғир қийноққа тутилган ва хавфсизлик хизмати ходимлари уни АҚШдаги ҳукумат ташкилотлари ҳамда бошқа халқаро ноҳукумат ташкилотлари билан алоқада бўлгани учун сўроққа тутилган, дейди ўз ишончли манбаларига таянганини иддао қилаётган Николас Гомес.

Гомес Ўзбекистон ёпиқ ва инсон ҳуқуқлари муттасил поймол этилаётгани нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан такрор-такрор таъкидланган давлат эканига эътиборни қаратди.

У ўз очиқ мактубида Ўзбекистон президентига уч чақириқ билан мурожаат қилган:

1. Ўктам Пардаевнинг қаерда эканини дарҳол очиқлаш ва уни ҳеч бир шартларсиз дарҳол озод қилиш,

2. Унга нисбатан ҳибсда халқаро қонунчиликда белгилангани каби муносабатда бўлинаётганига ишонч ҳосил қилиш учун ва унинг қариндошлари билан учрашиши учун имкон бериш,

3. Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ фаолларига ўз қонуний вазифасини бажариш имконини берувчи шарт-шароитларни яратиб бериш.

Уилям Николас Гомес бу чақириқларни Озодлик билан суҳбатда ҳам такрор таъкидлар экан, Ўктам Пардаев масаласини Европа Иттифоқи расмийлари даражасида кўтариши ва унинг озод этилишини талаб қилишда давом этишини айтмоқда.

- Мен Европа Иттифоқини Ўктам Пардаев ишига аралашишга чақираман. Мен Ўзбекистондаги вазият масаласини халқаро миқёсда муҳокамага қўйишда давом этаман. Ўзбекистонда демократия ва қонун устиворлиги йўқ, адолат йиллар давомида қарор топмаган ва рад этиб келинаётган давлатдир, - дейди Salem-News интернет нашрининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Уилям Николас Гомес.

1978 йилда туғилган Ўктам Пардаев 2006 йилдан бери Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлиб келаётган эди.

У оилали, 3 фарзанди бор.

Ўктам Пардаев йиллар давомида чиқиш визаси берилмаган жиззахлик ҳуқуқ фаолларидан биридир.
XS
SM
MD
LG