Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:52

Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлди


Маҳаллий аҳоли вакилларининг Озодликка маълум қилишича¸ Жиззах вилоятида чечак касалига қарши вакцина қилинган 40 мингга яқин қўй сирли хасталикка чалиниб, қирилиб кетган. Расмийлар бу хабарни тасдиқлади.



Қўйларнинг кейинги уч-тўрт кун ичида ëппасига қирилиб бораëтгани ҳақида Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ва вилоят расмийларидан олинган маълумотларга кўра, вакцинадан тарқалган номаълум касалликнинг “қутуриш” ёки “қичима” касаллиги экани тахмин қилинмоқда.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи Набижон Жўрабоевнинг айтишича, вакцинация 10 кунлар муқаддам – вилоятдаги қўйлар орасида чечак касаллиги тарқалаяпти, деган сабаб билан бошланган.

- Қўйларда чечак чиқаркан. Шуни олиш мажбур эканда. Бутун вилоят бўйича олиб укол қилиб чиқилган. Бу энди ҳозир чет элдан келган эмиш. Дори нимадир ҳолда бўлган. Энди заҳари нимадан бўлганлигини ҳозир 7 кунда лабораторияда кўриб чиқади, кейин айтади. Лекин халқ еб қирилиб кетиши мумкинку 10-15 кундан кейин. Укол қилгандан 7 кундан кейин қўйларга таъсир қилган экан, дейди Набижон Жўрабоев.

Муддати ўтиб кетгани тахмин қилинаётган вакцинадан чиққан офатнинг қанақа касаллик экани ҳақида ҳозирча халқда ҳеч бир маълумот йўқ, дейди бу суҳбатдош. Аммо касалликнинг белгилари “қутуриш”га ўхшайди¸ дейди Набижон ака.

- Қўй температураси кўтарилиб кетиб ҳамма жойини тишлаб ташлаяпти яра қилиб. Ўпка, буйрак, жигар қуриб қолиб ичаклар тиришиб қолаяпти экан. Менинг ўзимнинг оғайнимнинг 300та қўйи вафот этди шунақа қилиб. Буни на докторлар, на бошқа бир инсон, на вилоятда бошқа бир нималар, билмадим¸ халқ менимча энг эътиборсиз халқ бўлиб қолдими. Халқни эътиборга олмай қўйдими. Буни еса қирилиб кетиши мумкинку, дейди Набижон Жўрабоев.

Бу сирли эпидемиядан хавотирга тушган кўп оилаларнинг қўй гўшти¸ умуман гўшт истеъмолини тўхтатгани айтилмоқда. Бироқ юзлаб қўйидан бир неча кунда айрилиб қолаётган баъзи чорвадорларнинг ҳаром ўлган қўйлар гўштини яширин равишда Тошкент ва Самарқанд вилоятларига олиб бориб сотиб келаётгани кузатилмоқда, дейди Набижон ака.

- Ўлган қўйни бир хиллар ëқиб ташлаяпти кўмиб. Битта-иккитаси сотиб юрибди яширинча 7000-8000 дан. Ҳозир қўй гўшти 17 минг. Шу ерда сўйиб Тошкентга яширинча олиб бориб сотиб келаяпти экан, дейди Набижон Жўрабоев.

Набижон аканинг бу гапларини исми сир қолиши шарти билан тасдиқлаган жиззахлик фермерлардан бирининг айтишича, ушбу номаълум касалликдан қирилиб кетган қўйлар сони 40 мингга яқинлаган.

Ушбу манба 19 сентябр куни айни масала бўйича туман ҳокимлигидаги расмийлар билан суҳбатлашгани ва айни кезда вилоят Ички ишлар бошқармаси бу иш юзасидан тергов бошлаганини маълум қилди.

Озодлик мухбири бошқарма билан боғланганида, ички ишлар ходимлари бу хабарни тасдиқлаб¸ айни дамда Жиноят қидирув бўлими ушбу иш билан шуғулланаётганини қўшимча қилди.Жиноят қидирув бўлимидан эса¸ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра¸ уч кундан буён бошқарма аҳоли пунктларида огоҳлантирув ишларини олиб бормоқда.

- Уч кундан бериш ишлаяпмиз. Чиққан касалликнинг нима экани номаълум¸ лекин учта касалликни тахмин қилиб турибмиз. Одамларнинг ҳаммаси соғ-саломат, деди бу расмийси микрофонсиз суҳбатда.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакилининг айтишича, тахминий рўйхатда турган касалликлар орасида қутуриш ва қичима касалликлари бор.

Айни пайтда расмий¸ аҳолига эҳтиёт чораси ўлароқ қўй гўшти емаслик, колбаса ва бошқа гўшт маҳсулотларини ҳам емай туришликни тавсия қилди.
XS
SM
MD
LG