Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:24

"Ўздунробита" ходимлари устидан ҳукм чиқди


Тошкент суди қарори билан Россиянинг МТС ширкати шўъба корхонаси "Ўздунробита" мобил операторининг тўрт нафар ўзбекистонлик менеджери шартли тарзда озодликдан маҳрум қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 17 сентябр, душанба куни “Ўздунробита” мобил алоқа компаниясининг (“МТС-Ўзбекистон”) тўрт нафар ходимини уч йилданга озодликдан шартли маҳрум қилди.

Бу ҳақда тилга олинган суд вакилидан олинган маълумотга таяниб, Взгляд РУ сайти хабар қилди.

Интерфакс ахборот агентлиги эса, ширкатнинг 4 ходими турли муддатларга озодликдан шартли маҳрум қилингани ва жаримага тортилганини хабар қилди.

"Ўздунробита" ширкатининг молиявий ишлар бўйича бош директор биринчи ўринбосари Темурмалик Олимов, корпоратив ривожлантириш дастурлари директори Азизилло Мирзамўйдинов, хавфсизлик департаменти директори Алишер Муҳаммедов ва ахборот технологиялари бўйича бош директор ўринбосари Азиз Раҳимовлар молиявий жиноятлар ва ноқонуний даромадни ўзлаштириш мақсадида жиноий гуруҳ тузганликда айбдор деб топилди.

Айтилишича, Ўзбекистон прокуратураси “Ўздунробита”нинг етакчи менежерларини асбоб-ускуналарни атайлаб қиммат нархда сотиб олиш йўли билан мамлакатдан пул маблағларини олиб чиқиб кетганликда ҳамда “назорат қилинмайдиган фойда олиш мақсадида жиноий гуруҳ тузганликда” айбланган.

"Ўздунробита" менежерлари устидан суд шу йилнинг 27 август куни бошланган эди.

“Ўздунробита” МЧЖ устидан текширувлар жорий йил июнида бошланган эди.

17 июл куни эса, компания Ўзбекистон Республикаси Алоқа ва ахборотлаштириш давлат инспекцияси талабига биноан ўз фаолиятини тўхтатган ва натижада 9,5 миллион мижоз мобил алоқасиз қолган эди.

МТС ширкати вице-президенти Майкл Ҳеккер билан ўтган ҳафта охирида ўтказилган суҳбат чоғида ундан мухбиримиз “Ширкат мулкини мусодара қилиниши эҳтимолига нима дейсиз?” деб ҳам сўраган ва ундан мана бундай жавоб эшитган эди:

-“МТС” ширкати 2004 йилдан бери “Ўздунробита” ускуналари учун ва умуман бу мамлакатдаги бизнесмизга миллиард доллардан зиёд сармоя ётқизган. Ва вазият сиз айтгандай ривожлангудай бўлса, буни биз ғайроқонуний экспроприация деб атаган бўлардик, деган эди бундан 2 кун муқаддам Майкл Ҳеккер.

Душанба куни кечга яқин “МТС” ширкатининг Москвадаги бош қароргоҳи матбуот хизмати Озодликнинг баъзи саволларига жавоб берди.

Хизмат вакили Валерия Кузьменко ўз ҳамкасблари устидан Тошкент шаҳар суди ҳукми чиққанини тасдиқлади.

МТС вакили, шунингдек, “Ўздунробита”нинг тўрт менежерига белгиланган жазо муддати тўғрисидаги хабарларга аниқлик киритди. Унинг айтишича, ходимлар 2,5 йилданга озодликдан шартли маҳрум қилинган ва суд залидан озод қилинган.

Суд ҳукмини шарҳлар экан, МТС расмий вакили бундай деди:

-Шуни таъкидлаб айтишим керакки, биз ҳануз ходимларимиз устидан иш қўзғатилганини адолатсиз, деб ҳисоблаймиз. Улар устидан чиқарилган ҳукм ҳам адолатсиздир. Бу иш компаниямиз активларини ва бизнесини тортиб олиш учун бир баҳона бўлди, деб ҳисоблаймиз, деди Валерия Кузьменко.

МТС расмий вакили душанба кунги ҳукмдан мутлақо норози эканлигини билдирар экан, компания раҳбарияти кўражак чоралар тўғрисида бундай деди:

-Биз ходимларимиз устидан чиқарилган ҳукмдан ҳам, активларимиз юзасидан чиқарилган ажримдан ҳам норозимиз. МТС ҳамжавобгар сифатида ишга жалб этилмагани ва натижада судда ўз манфаатларини ҳимоя қила олмаганидан келиб чиқиб, ҳам халқаро миқёсда, ҳам Ўзбекистоннинг ўзида бизга етказилган зарарни қоплаш учун барча ҳуқуқий воситаларни ишга соламиз, деди МТС расмий вакили Валерия Кузьменко.
XS
SM
MD
LG