Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:47

“Шўртаннефтгаз” раҳбарлари ҳибсга олинди


Жорий йилнинг 29 август куни “Шўртанефтгаз” унитар шўъба корхонасининг Қашқадарëнинг Ғузор туманида жойлашган идорасини автоматлар билан қуролланган “қора ниқобли”лар босди. Махсус уюштирилган операция натижасида корхона раҳбарлари ҳибсга олинди.



“2012 йил 29 август куни соат 10.30 да "Шўртаннефтгаз" унитар шўъба корхонаси идорасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан махсус операция ўтказилди.

Шу куни юзларига қора ниқоб таққан, қуролланган махсус хизмат зобитлари (7-бўлимнинг спецназ одамлари) иштирокида корхона бошлиғи Илҳом Норчаев Хурсандович молиявий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинди.

Аввалига ушбу қора ниқобли гуруҳ Илҳом Норчаевнинг Ғузор тумани марказида жойлашган ҳовлисига ҳужум қилиб рейд ўтказган ва кўплаб миқдордаги пул маблағлари ва ноқонуний моддий бойликларни аниқлаган. Сўнгра Шўртаннефтгаз УШК бошқармасига келиб, директор хизмат хонасига бостириб кириб уни ҳам ҳибсга олишган”, дейилади 31 август куни Озодлик электрон почта қутисига мактуб ëзган Ғузордаги манба. .

Бу хабарда айтилишича, шу куни Илҳом Норчаевнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари (бир вақтда Ғузорнинг "Шўртан" футбол клуби президенти Бахтиёр Турдиқулов ҳам ҳибсга олинган.

“Шўртаннефтгаз” корхонасининг ўзини таништирмаган корхона ходими бу хабарни тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади:

- Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ, бугун ишга чиқдим, ҳозир раҳбарлардан ҳеч ким йўқ. Эртага қўнғироқ қилинг, деб гўшакни қўйиб қўйди корхона ходими.

Айни пайтда¸ “Шўртан” футбол клуби мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда 29 август куни “Шўртаннефтгаз” корхонаси идорасини “қора ниқобли”лар босганини тасдиқлади:

- Ҳа, хабаримиз бор. Ўша куни “Шўртанефтгаз” идорасини босишган экан. Бизнинг клубимиз президенти Бахтиёр Турдиқулов ҳозир допросда экан. Илҳом Норчаевни ҳам ҳибсга олишибди, дейишди. Бизнинг билганимиз бори шу, деди “Шўртан” футбол клуби мулозимларидан бири.

“Шўртаннефтгаз” корхонасида 2012 йилнинг 10 февралида ҳам махсус рейд ўтказилиб, корхонанинг 11 нафар ходими ҳибсга олинган эди.

Ўша воқеадан ўн кундан сўнг корхона директори ўринбосари Соат Абашов ҳибсга олинишига санкция олиш учун суд биносига келтирилганда, у ўзини Қарши шаҳар судининг иккинчи қаватидан ташлаб юбориб, нобуд бўлган эди.

2012 йилнинг 21 апрелида “Шўртаннефтгаз” корхонасининг бош муҳандиси Отабек Курбонов ҳам уюшган жиноий гуруҳга шерикликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Бу борадаги тергов ишларининг ҳали ҳам ниҳоясига етмагани айтилади.
XS
SM
MD
LG