Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:27

Тошкентлик келинларга "Ҳайит саломи" тақиқланди


"Ҳайит саломи" Тошкентда никоҳ тўйининг давоми бўлган маросимлардан бирига айланган.
"Ҳайит саломи" Тошкентда никоҳ тўйининг давоми бўлган маросимлардан бирига айланган.

Тошкент шаҳри ва вилоятида йиллар давомида урф бўлиб келган келинларнинг “Ҳайит саломи” бу йил деярли ўтказилмади.

“Ҳайит куни келин-куёв санаторийга жўнатилди”

Тошкентдаги Тирсакобод маҳалла қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, ўтган йили Рамазон ҳайити кунлари маҳаллада келинларнинг “Ҳайит саломи” ихчамлаштириб ўтказилган бўлса, бу йил умуман ўтказилмаган.

- Бизнинг маҳаллада ҳайит ўтказилмади. Унинг ўрнига оромгоҳларга келин-куёв бориб ўйнаб келишди. Оқтош тоғи ўша жойга 10 кунга жўнатдик. Ҳомийлар ҳисобидан жўнатдик,- дейди маҳалла фаоли.

“Ҳайит салом” ўрнига кинога тушинг”

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Ёқуб Зиёев маҳалласида эса "Ҳайит саломи" маросимининг ўрнини босиш учун арзонроқ тадбир олинган - Келинлар “Ўжар келин” филмига юборган.

- Бу йил бизларда келинлар ҳайитлик қилишмади. Кинога тушинглар дедик. Кеча “Ўжар келин” киносига тушинглар дедик. Олдинги ҳайитда келинларни “Пирамида” санаторийсига жўнатгандик. Иккита келинчагимиз бориб, дам олиб келишганди. Бу сафар “Ўжар келин” киносига юборинглар деб айтилди. Ўзи бошида фалон куни тўй қиламан деб ота-оналар келганидаёқ айтамиз, тўйларни ихчамлаштиринг, ҳайитларни ихчамлаштиринг деб айтамиз,- дейди суҳбатдош.

“Бектўпилик келинлар театрга тушди”

Чилонзор туманидаги Бектўпи маҳалласида эса келинларни ҳайит куни театрга жўнатишга қарор қилишган.

- Бизнинг маҳалламизда ҳам тўртта келин тушганди. Олтита қиз узатганмиз бу йил. Келинлардан иккитаси умуман ҳайит қилишмади. Буни олди олинганда. Уйларида умуман ҳайит бўлмади. Қолган иккита келинимиз театрга борди. Миллий театрда “Андишали келин” бўлаётганди, ўшанга боришди,- дейди Бектўпи маҳалласи ходими.

“Ҳайит саломи”ни яшириб бераётганлар ҳам бор

Тошкентдаги Ал Хоразмий маҳалла қўмитасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, қатъий чекловларга қарамасдан, маҳалладаги айрим келинлар яширинча “Ҳайит саломи” ўтказган.

- Энди бир-иккита жойда яшириб келинлар ҳайитлик ўтказишди. Энди бор шунақа бир-иккиси. Лекин қиз ва аёлларнинг тўда-тўда бўлиб, кўчада юришлари йўқ. Бу нарсалар умуман йўқ. Олдиндан айтилган. Дам олишга у ёқ-бу ёққа боринглар дейилган. Энди ҳайитда бу нарса ортиқча даҳмаза. Кимдир стол-стул кўтариб келади. Кимдир фалонча тоғора қилса, кимдир 2 та тоғора ҳам қила олмайди. Шунинг учун шундан воз кечинглар, иложи бўлса тўхтатинглар деб катта-катта қиладиганларга ҳам бир оғиз айтганмиз. Ҳаракат қилиб тушинтирдик. Ундан кўра бунга кетадиган маблағни ёшларга беринг, кам-кўстига ишлатсин дедик,- дейди суҳбатдош.

“Ҳайит салом” ўтказмаслик учун тилхат ҳам олинди

Озодлик шаҳардаги Бўстон, Бешкапа, Бешқайроғоч маҳалла қўмиталари ходимлари билан суҳбатлашганида улар ҳам бу йил “Ҳайит саломи” ўтказилмаганини айтишди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, пойтахтнинг Эски шаҳар қисмидаги айрим маҳаллаларда янги келин туширган оилалардан ҳайитни ўтказмаслик борасида тилхат ҳам олинган.

Тирсакобод маҳалласи фаоли ҳайитни ўтказмаслик борасида тилхат олиш бўлмагани, бироқ кенг кўламда ўтказилган тушинтириш ишлари натижа берганини айтади.

- Бу нарса тўғри тушунтирилди. Хотин-қизлар раиси, ўзимизнинг маслаҳатчилар билан уйма-уй кириб, тушунтирилди. “Барака топгур, у ёқдан тоғора олиб келсангиз, бу ёқдан тоғар келса. Бу бўлмаган нарса. Кун иссиқ. Йўлда келгунча тоғорадаги овқатлар бузилиши мумкин” деганимиздан кейин икки ёқ қудага ҳам маъқул тушди. Бу нарсаларни йўқ қилишганди иккала келин “Оқтош” да дам олишга рози бўлишди,- дейди суҳбатдош.

"Ҳайит саломи" ҳақида

Тошкент шаҳри ва вилоятида Рамазон ва Қурбон ҳайитларида янги тушган келинлар "Ҳайит саломи" бериш анъанаси шаклланган. Анъанага кўра, янги келинлар Рамазон ҳайитида уч кун, Қурбон ҳайитда эса бир кун дастурхон безаб меҳмон кутишади. Келинлар маҳалла-куйда яшовчи хотин-қизлар, болалар, қариндошларга "келин салом" қилиб, уларни меҳмон қилади. Кейинги пайтларда қуда тараф ҳайитда 40 та тоғорада пишириқ юбориш одати шаклланаётган эди.

Жорий йилнинг 18 апрелида Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги” қарори қабул қилинган эди.

Озодлик суҳбатлашган маҳалла қўмиталарида “Ҳайит салом”ларни тақиқлаш айни қарор ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини айтишди.
XS
SM
MD
LG