Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Ўзбекистон ўз ташқи сиëсатига ўзгартиш киритди


Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” Қонун қабул қилинди. Ушбу Концепция ташаббускори президент Ислом Каримовнинг ўзи экани айтилади.



Концепцияда Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий тамойиллари белгилаб берилган.

Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов ушбу Концепция аҳамиятини изоҳлашга уринди:

- Бу концепция жуда долзарб ва ўз ўрнида қабул қилинган ҳужжат бўлди назаримда. Минтақада ҳам, дунёда ҳам вазият жиддий ўзгариб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бу ўзгаришларга ўз сиёсатини коррекция қилиши мақсадга мувофиқ. Бундай концепция бор эди ва Концепциянинг ушбу янги таҳририда бир қанча янги нуқталар, тамойиллар мавжуд. Хусусан, “Миллий манфаат” тушунчаси юқори даражага кўтарилган ва ташқи сиёсат миллий манфаатлардан келиб чиқиб белгиланиши алоҳида урғуланган. Кейин, бу Концепцияда олдинги вариантидаги каби ҳарбий блокларда қатнашмаслик тамойили қайтарилган.

Озодлик: Концепцияда Ўзбекистоннинг хорижда тинчлик ўрнатиш операцияларида иштирок этмаслиги айтилади. Бундан мақсад нима?

- Бу тамойил бўйича ҳар хил қарашлар бўлиши мумкин. Кимдир Ўзбекистонни бу каби тинчликпарвар операциялардан четда бўлиши лозимлигини айтиши мумкин. Бошқалар эса Ўзбекистонни бу каби операцияларжа иштироки тарафдори бўлиши мумкин. Ҳар бир позициянинг кучли томони бор. Менинг шахсий фикрим, агар биз халқаро сиёсатда фаол иштирок этмоқчи бўлсак, халқаро тинчликпарвар операцияларда қатнашсак ёмон бўлмас эди. Бир вақтлар Ўзбекистон иштирок этган ЦЕНТРАЗБАТ батальони ташкил этилганда, БМТ ҳузурида тинчликпарвар батальон мақомини олган эди. Кичик бўлсада, бу каби тажрибамиз ҳам бор эди.

Озодлик: Концепцияда айтилган ҳарбий базалар масаласидаги фикрингиз қандай?

- Бу охирги пайтларда кўп айтилаётган миш-мишларга чек қўйувчи позиция бўлди¸ деб ўйлайман. Ўзбекистон ўз қонунчилиги даражасида таъкидлаб, ўз ҳудудида ҳеч бир давлатнинг ҳарбий баъзаси бўлмаслигига аниқлик киритмоқда. Бу билан турли фикрларга, миш-мишларга чек қўйилди, деса ҳам бўлади. Марказий Осиё милитаризацияга юз тутгандек кўринади. Ўзбекистон бу жараёнга ўз қонуни даражасида чек қўйиш учун баёнот бераётгандек кўринмоқда.

Озодлик: Концепцияга кўра, Ўзбекистонда ҳеч бир давлатнинг ҳарбий базаси бўлмайди. Агар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳарбий блокка айлана бошласа, Ўзбекистон ундан чиқиб кетади ва агарки 2010 йилдаги Ўш воқеалари каби воқеалар такрорланса, унда Ўзбекистон тинчликпарвар куч сифатида иштирок этмайди, деган хулосаларга келиш мумкинми?

- Сўзсиз! Шак-шубҳасиз, айнан ана шундай деб ҳам тушуниш мумкин, дейди Фарҳод Толипов.

Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ушбу Концепция Тошкент юрғизиб келаëтган ташқи сиëсатга деярли ўзгартиш киритмаслигини айтади:

- Бу, назаримда, қилиниши керак бўлган ишлар. Ташқи алоқалар тамойиллари бирма-бир кўриб чиқилган. Лекин, ушбу Концепция лойиҳаси Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсатга номуносиб. Сабаби, Ўзбекистоннинг бир қанча давлатлараро, халқаро ташкилотлар фаолиятида рамзий иштирок этган. Ўзбекистон ташқи сиёсатида “ажралиб туриш” жуда билиниб туради. МДҲ доирасида, Ўзбекистон бирон-бир жиддий ҳужжатни имзоламаган, ратификация қилмаган, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистонлик мустақил сиëсатшунос Фарҳод Толипов ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев билан тўлиқ суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:37 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG