Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:31

Тожикистон шарқида вазият оғирлигича қолмоқда


Ишкошимдаги чегара заставаси бошлиғи бўлиб ишлаган хоруғлик Толиб Айёмбеков.
Ишкошимдаги чегара заставаси бошлиғи бўлиб ишлаган хоруғлик Толиб Айёмбеков.

Тожикистон шарқида миллий хавфсизлик қўмитаси генералини ўлдирганликда айбланган чегара заставаси бошлиғи Толиб Айёмбеков ҳукумат кучлари билан бўлган тўқнашувдан сўнг Афғонистонга қочиб ўтди. Бу ҳақдаги хабарни Озодлик радиосининг тожик хизматига ички ишларда хизмат қилаётган манба айтди.

Қурбонлар сони 42 нафарга етди

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси тарқатган хабарга кўра, Хоруғ шаҳрида олиб борилган ҳарбий амалиётлар чоғида 30 нафар жанггари ва 12 нафар ҳукуматга қарашли кучлар вакиллари ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, шунингдек, ғайриқонуний қуролли гуруҳларнинг 40 нафар аъзоси ҳам қўлга олинган. Уларнинг 8 нафари Афғонистон фуқароларидир.

Тожикистон Миллий хавфсизлик хизматининг матбуот хизмати раҳбари Нозиржон Бўриевнинг айтишича, бу амалиёт давомида 100дан ортиқ ўқотар қуроллар мусодара қилинган. Унга кўра, ҳукумат кучларидан 23 киши тан жароҳатлари олган. Нозиржон Бўриев тинч аҳоли орасида талафот йўқлигини айтди.

Қуролли гуруҳ йўқ қилинди

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида қуролли жангариларга қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётлар давомида 20 киши ўлдирилди. Улар орасида Толиб Айёмбековнинг ўғли ва ноқонуний тузилган қуролли гуруҳ раҳбари Ёдгор Шоҳмусалламовнинг ҳам борлиги айтилади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасида ишлаётган манбага кўра, қуролли жангариларга қарши олиб борилган амалиёт ниҳоясига етган.

24 июл куни эрталабТожикистон миллий хавфсизлик хизматининг матбуот хизмати раҳбари Нозиржон Бўриев "Хоруғ шаҳрида жиноятчилар гуруҳини ушлаш ва йўқ қилиш бўйича амалиёт бошлангани" ҳақида гапирган эди.

Сешанба куни тонгдаТожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг "Жаҳоннамо" телевидениеси орқали тарқатилган баёнотида Афғонистон билан чегарадош Ишкошим туманидаги чегара заставаси бошлиғи Толиб Айёмбековнинг жиноий гуруҳи Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Абдулло Назаровни ўлдирганликда айбланган эди.

Ҳарбий амалиёт давомида Тоғли бадахшон вилоятида 20 кишининг ўлдирилгани айтилади. Шунингдек Итар-ТАСС хабарига кўра, ҳукумат кучларидан ҳам 9 киши ҳалок бўлган ва 25 киши яраланган.

Хоруғ шаҳрида истиқомат қилувчи Озодлик манбасига кўра, ҳарбий амалиётлар асосан шаҳарнинг Толиб Айёмбеков истиқомат қиладиган "Хлебзавод" маҳалласида олиб борилмоқда. Бу манба ҳатто тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар борлигини айтади. Хоруғ шаҳрида истиқомат қиладиган кўпчилик аҳоли хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз уйларини тарк этган.

Толиб Айёмбеков гуруҳига қарши жангларда Президент гвардияси, ОМОН, АЛФА, МХҚ ва ИИВ қўшинлари сафарбар этилгани айтилади.

24 июл, эрталаб

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида Миллий хавфсизлик қўмитасининг минтақавий раҳбари¸ генерал Абдулло Назаров ўлимида гумонланганларни йўқ қилиш бўйича махсус амалиёт ўтказилди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига бугун Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Нозиржон Бўриев маълум қилган эди.

- 24 июл тонгида Ҳоруғ шаҳрида уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини тутиш бўйича амалиёт бошланди, - деди жумладан Нозиржон Бўриев.

“Марказий Осиё янгилик хизмати” сайти эса ўзининг Хоруғдаги манбасига таянган ҳолда у ерда эрталабки соат тўртдан бери вертолётлар иштирокида махсус амалиёт ўтказилаётгани, шаҳарга кириш ва чиқиш йўллари вақтинча ёпилгани ҳақида хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, кеча тушдан кейин давлат хизматчиларига ишхоналаридан жавоб бериб юборилган ва бугун ҳам улар ишга чиқмаган.

Операцияга генералнинг ўлдирилиши сабаб бўлди

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров 21 июл оқшомида Ишкошим туманида ўлдириб кетилганди. Генерал Назаров ўлими билан боғлиқ ҳолда Тожикистон прокуратураси мамлакат Жиноят кодексининг 3 моддаси бўйича жиноий иш қўзғатганди. Бу ҳақда 23 июл куни матбуот анжуманида сўзлаган Бош прокурор Шерхон Салимзода мазкур қотиллик юзасидан тергов ишини ўз муовини, Тожикистон бош ҳарбий прокурори Хайрулло Саидов мувофиқлаштираётганини айтганди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Давлат миллий хавфсизлик хизмати бугун эълон қилган қўшма баёнотда эса дастлабки суриштирув чоғида генерал Назаровга ҳужум “Ишкошимдаги чегара заставаси бошлиғи бўлиб ишловчи хоруғлик Толиб Айёмбековнинг ноқонуний қуролли гуруҳи томонидан амалга оширилган”и қайд этилади.

“Айёмбеков ва унинг тарафдорлари тергов идораларининг ўз ихтиёри билан келиб, таслим бўлиш таклифини рад этди. Тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш мақсадида республика президенти топшириғи билан таркибида халқ депутатлари, ҳукумат аъзолари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар ва дин арбоблари ҳамда вилоят фаолларидан иборат комиссия тузилган, улар уч кун мобайнида Айёмбеков ва унинг тарафдорларига қуролни ташлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига жиноятчиларни топшириш таклифи билан бир неча бор учрашган”, дейилади қўшма баёнотда.

"Айёмбеков таклифни қабул қилмади"

Тожикистон махсус хизматлари таъкидича, Айёмбеков бу таклифларга кескин шаклда рад жавобини берган ва қуролли қаршилик кўрсата бошлаган.

“Шу важдан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва куч ишлатар тузилмалар томонидан Хоруғ шаҳридаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини тутиш ва жавобгарликка тортиш мақсадида 24 июл тонгида махсус амалиёт ўтказила бошланди”, дейилади баёнотда.

Махсус хизматлар қайдига кўра, жиноий гуруҳ тузган ва оғир жиноятлар, хусусан, бандитизм ва бошқа жиноятларни амалга оширган Айёмбеков бир неча йиллардан буён наркотик, тамаки маҳсулотлари ва қимматбаҳо тошлар контрабандаси билан шуғулланиб келган.

Аввалроқ Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Нозиржон Бўриев Озодлик радиосининг тожик хизматига 21 июл куни пичоқлаб кетилган генерал Назаров ўлимида ҳудудда тамаки контрабандаси билан шуғулланган кишилар алоқадорлиги ҳақида сўзлаганди.

Марҳум генерал ким эди?

Ўтган шанба Ҳоруғ шаҳри яқинида ўлдириб кетилган Абдулло Назаров 2010 йилгача Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасида раис ўринбосари лавозимида ишлаган, ундан аввал эса ДМХҚнинг Сўғд вилоят бошқармасига раҳбарлик қилган.

2010 йил ноябрида Қирғизистон матбуоти ДМХҚнинг бу мулозимини Қирғизистонда ҳокимиятдан қулатилган президент Қурмонбек Бакиевнинг яқинларига бошпана берганликда айблаб чиққан, Назаров эса бу айбловларнинг барчасини рад қилган ва “улар Тожикистондаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган”, дея баёнот берганди.

Ўтган йили матбуотга берган баёнотида эса генерал Назаров расмий Тошкентни айблаб чиққанди. Унга кўра, қувғиндаги полковник Маҳмуд Худойбердиевни қўллаётган Ўзбекистон расмийлари унинг Тожикистонга қарши қаратилган фаолиятига тўсқинлик қилмаяпти.

Абдулло Назаров, маълумотларга кўра, СССР давридан буён хавфсизлик соҳасида ишлаган тажрибали зобитлардан бўлган. 1991 йили “Чароғи рўз” мустақил ҳафтаномасига интервю берган Назаров 1990 йил феврал воқеаларини уюштириш ишига КГБ (ДХҚ) масъул эканини айтиб чиққан. Эслатиб ўтамиз, 1990 йил 12 февралида Душанбе марказида ўтаётган митинг оммавий тартибсизликларга айланиб кетган, ўшанда русийзабон аҳолининг мулки таланганди. Мазкур интервюдан кейин Абдулло Назаров КГБдан бўшатилган.

Аммо 1992 йил баҳорида Душанбе марказидаги Шаҳидон ва Озоди майдонларида митинглар бошланиб кетган пайтда Назаров яна матбуот энг кўп иқтибос келтирадиган шахслардан бирига айланиб қолганди. Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида (1992-97 йиллар) Назаров “мухолифат томонига ўтиб, уларга ёрдам бериб юрган” қабилидаги гаплар ҳам тарқаган. Тинчлик ҳақида битим имзоланганидан кейин эса уни 30 фоизлик квота асосида мухолифат томонидан Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси сафларига қабул қилганлар.
XS
SM
MD
LG