Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:48

Иқтисод ўсмоқда, лекин...


Миллионлаб ўзбекистонлик мамлакат ташқарисида малакасиз меҳнат билан шуғулланаётгани реал вазиятни кўрсатади, дейди таҳлилчилар.
Миллионлаб ўзбекистонлик мамлакат ташқарисида малакасиз меҳнат билан шуғулланаётгани реал вазиятни кўрсатади, дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси жорий йил дастлабки 6 ойи давомида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга ошганини эълон қилди.

Ўзбекистонда бу кўрсаткич кейинги йилларда 8 фоиз атрофидани ташкил қилиб келгани боис кўпчилик учун бу ҳодисанинг янгилик жойи йўқ. Лекин статистика қўмитасининг энергетика соҳасидаги ишлаб чиқаришда пасайиш кузатилганига оид маълумотлари 8 фоизлик ўсиш тўғрисидаги ҳисоботга зид, демоқда баъзи кузатувчилар.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси 2012 йилнинг биринчи ярми учун эълон қилган маълумотларга қараганда, бу даврда мамлакатда газ, газ конденсанти, нефт, нефт маҳсулотлари ва электр қуввати ишлаб чиқариш суръати пасайган.

Лекин шунга қарамасдан, статистика қўмитаси бераётган маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисоди изчил ривожланишда давом этиб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2011 йилнинг шу даврига солиштирганда 8,1 фоизга ошган.

Бунга, статистика қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистон иқтисодининг аксар йўналишлари бўйича, жумладан саноат, қишлоқ хўжалик маҳслотлари ишлаб чиқариш, қурилиш, чакана савдо ва бошқа соҳаларда 107-116 фоизлик ўсиш кузатилгани натижасида эришилган.

Ўзбекистон расмийлари сўнгги 5-10 йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳар йили 8 фоиз атрофида ўсаётганини иддао қилиб келади. Лекин кейинги 2-3 йил давомида ЯИМ ўсиши фонида, Ўзбекистон ҳукумати негадир энергетика соҳасидаги ишлаб чиқариш пасаётганини тан олиб келмоқда.

Лондондаги “Economist Intelligence Unit” иқтисодий тадқиқотлар марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Жон Эндрю жаҳон иқтисоди инқирозга юз тутган бир пайтда Ўзбекистон иқтисоди 8 фоизга ошаётганининг ўзи шубҳалидир, дейди. Лекин буни аниқ факт деб қабул қиладиган бўлсак ҳам, иқтисоднинг асосий ҳаракатланиш кучи бўлган энерегия соҳасидаги кўрсаткичларнинг пасайиши бу иддаоларни инкор қилади, дея давом этади иқтисодий таҳлилчи.

- Ўзбекистон иқтисодига оид фақат расмий маълумотлар бор, холос. Бу маълумотлар ҳам кўпинча бир-биридан фарқ қилади. Шу боис вазиятга аниқ баҳо бериш қийин. Масалан, улар ўтган йили ялпи ички маҳсулот 9 фоизга ошганини эълон қилишди. Бунда, расмий маълумотларга кўра, саноат ҳам 9 фоизга ошган. Бу рақамлар, менимча, бироз бўрттирилган. Тўғри, масалан, автомобил ишлаб чиқариш саноатида ўсиш кузатилганига ишониш мумкиндир. Лекин айни пайтда расмийлар электр қуввати ишлаб чиқаришда пасайиш кузатилганини тан олишди. Электр қуввати эса одатда саноатнинг қандай ишлаётганини кўрсатувчи омиллардан биридир. Расмийларнинг бир тарафдан саноат ўсаётгани, бошқа томондан саноатнинг қандай ишлаётганига бевосита боғлиқ бўлган электр қуввати ишлаб чиқариш кўлами камайганига оид маълумотлари бир-бирини инкор қилади. Шунинг учун Ўзбекистон иқтисодига оид аниқ рақамларни келтириш қийин бўлса-да, ўтган йили ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 1-2 фоиздан ошмаганини тахмин қилиш мумкин, дейди Жон Эндрю.

Германиядаги Иқтисод университетларидан бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик иқтисодчи Акмалжон лондонлик ҳамкасбининг фикрига қўшилмайди. Унинг айтишича, газ ва нефт қазиб олиш ёки электр ишлаб чиқариш пасайган бўлса-да, Ўзбекистон иқтисоди ўсаётганини тушунтириш мумкин. Чунки, дейди иқтисодчи энергия воситалари ишлаб чиқарилиши пасайиши экспортга эмас, ички истеъмолчи ҳиссасига тўғри келмоқда.

- 8,1 фоиз ошган деган гапига тўғрисини айтганда мен ишонишим мумкин. Газ масаласини айтдингиз. Газ масаласида қазиб чиқариш камайган, лекин экспорт қилиш камаймаганда. Хориж билан шартнома мажбуриятини бажараяпти. Газ ишлаб чқариш камайганини оддий аҳоли ўзининг турмуш даражасида ҳис қилаяпти. Бундан ташқари Ўзбекистон яна кўп нарсалар ишлаб чиқарадида. Айтайлик олтин, уран, пахта сотади. Масалан олтиннинг нархи жаҳон бозорида охирги йилларда анча қимматлаган. Ҳаттоки 20 фоизга ошди. Бундан ташқари пахтанинг ҳам нархи қимматлади. Бу нарсалар ҳам албатта Ўзбекистон иқтисодиëтидаги статистикасида ўзининг таъсирини кўрсатади. Улар ошган бўлса, Ўзбекистонда ҳам экспортдан тушадиган валюта ошган ҳисобланади.

Лекин айни пайтда, ялпи ички маҳсулотнинг ошиши Ўзбекистон шароитида аҳоли фаровонлигининг ошишига ҳисса қўшади дегани эмас, дея давом этади ўзбекистонлик иқтисодчи Акмалжон.

8 фоиз ошганини аҳоли ўзининг турмуш даражасида ҳис қилмаслиги мумкин. Лекин давлат статистикасида бу тўғри ҳисобланади. Айтайлик Халқаро валюта жамғармалари ҳам йиллик ҳисоботларини чиқарганда давлатга тахминий, масалан бу давлат шунча ошади дейди ва охирида мана шунча фоиз ошди, дейди. Бу нарсалар бор. Лекин оддий аҳоли буни ҳис қилмаслиги мумкин. Чунки у пуллар халқнинг чўнтагига тушмайдида. Давлатнинг хазинасига тушади. Кейин давлат ўзининг хоҳлаганига ишлатади, дейди Германиядаги Иқтисод университетларидан бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик иқтисодчи Акмалжон.

Жаҳон молиявий инқирози авж олган сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисоди изчил ўсиб бораётганини тарғиб қилишга катта эътибор қаратмоқда. 2009 йилда ҳатто президент Ислом Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли китоби чоп этилиб, мамлакат элчихоналари орқали тарғиб қилинди.

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон расмийларининг бу иддаоларини тасдиқлаб келса-да, мустақил кузатувчилар мамлакат аҳолисининг аксар қисми қашшоқлик чизиғи ортида яшаётгани, миллионлаб ўзбекистонлик мамлакат ташқарисида малакасиз меҳнат билан шуғулланаётгани реал вазиятни кўрсатишини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG