Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:47

Тайландда ҳам ўзбек фоҳишалари қўлга олинди


Ўзбекистонлик фоҳишалар Тайланд тижорий секс бозорини ҳам эгалламоқда. National Geographic телеканали яқинда эфирга узатган лавҳадан шундай хулоса қилса бўлади. АҚШнинг энг машҳур телеканалларидан бири тайёрлаган “Ўзбек хатаси” номли лавҳада Бангкокдаги меҳмонхоналардан бирида полиция махсус бўлими томонидан фош қилинган фоҳишалар гуруҳи ҳақида гап боради.

National Geographic тайёрлаган лавҳада Тайланд махсус хизмати ҳамда одам савдоси ва ёввойи ҳайвонлар ноқонуний савдосига қарши курашадиган Freeland Foundation ташкилоти биргаликда ўтказган тергов натижасида фош қилинган ўзбек фоҳишалари гуруҳи ҳақида гап боради.

Тайланд полицияси Багкокдаги “Grace Hotel” меҳмонхонасида ўзбек фоҳишалари яшаб турган хонага бостириб киради.

“Тайланд полицияси бир хонада биқиниб ётган 13 ўзбек фохишасини топди”, дея ҳикоя қилади тележурналист.

Полиция хонага бостириб киргач, аёллар ўзбек тилида бақир-чақир қила бошлайди ва кимгадир телефон қилишга уринишади. Полиция бунга йўл қўмагач аёллардан бири қолганларга полицияга қандай кўрсатма бериш лозимлигини уқтиради.

- Тушундиларинга нима дейишни. Полиция сўраса, ўзимга ишлайман денглар, дейди бу аёл.

Freeland Foundation ташкилотининг одам савдосига қарши кураш бўлими раҳбари Стив Галстер бу аёлларнинг кўпчилиги одам савдоси қурбони бўлгани, лекин улар бу ҳақда бировга айтишдан қаттиқ қўрқишини айтади.

- Энди аёлларни полиция бўлимига олиб боришади. У ерда улар профессионал терговчилар томонидан сўроққа тутилади. Чунки одатда уларнинг қай бири одам савдоси қурбони бўлганини аниқлаш қийин. Чунки одам савдоси қурбони ё уялганидан, ё мафиядан қўрққани боис буни тан олгиси келмайди. Улар полициядан ҳам қаттиқ қўрқади, дейди кўп йиллардан бери одам савдосига қарши курашиб келаётган Стив Галстер.

Фаолияти давомида фоҳишалликка мажбурланган минглаб аёлни қутқарган ташкилот Тайланд ва Ўзбекистон фуқароларидан иборат тўдани анчадан бери кузатиб келгани айтилмоқда. Тайланд полициясига кўра, ўзбекистонлик аёлларни фоҳишаликка мажбурлаётган бу тўда йилига мииллионлаб доллар ноқонуний даромад олади.

Сўнгги уч ой ичида ўзбекистонлик фоҳишалар тўдалари Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой, Малайзия, Россия, Грузия ва Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳам фош қилинди.

Ўзбекистонда 2008 йилда “Одам савдосига қарши” қонун қабул қилинган ва бу қонун шу соҳадаги жиноятлар олдини олиш учун асос бўлиши лозимлиги кутилган.

Шунга қарамай, АҚШ Давлат департаментининг 2011 йил одам савдоси ҳақидаги ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча одам савдоси қарши курашга оид минимал талабларни ҳам бажаришга қодир эмас.
XS
SM
MD
LG