Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Улуғбек Қодиров устидан ҳукм чиқади


Улуғбек Қодиров.
Улуғбек Қодиров.

АҚШнинг Бирмингем округидаги Федерал суд ҳакамлари 13 июл куни АҚШ президенти Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров иши бўйича ҳукм эълон қилади.


San-Francisco Chronicle нашри тарқатган хабарга кўра, айбдор деб топилса, Улуғбек Қодиров 30 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

2012 йил 26 апрел куни федерал судя Қодиров иши бўйича ҳукм чиқаришни 13 июлга қолдирган эди.

Аслида маҳкама эшитувлари 17 майга белгиланган, бироқ 22 ёшли Улуғбек Қодиров адвокати Ланс Белл тергов материалларини ўрганиб чиқиш учун суддан кўпроқ вақт сўраган эди.

Жорий йилнинг 10 феврал куни АҚШнинг Алабама штатидаги Бирмингем округи судида Улуғбек Қодиров ўзининг Ўзбекистон Исломий ҳаракати номидан ҳаракат қилгани ва ўзини “амир” деб таништирган шахс билан Интернет орқали мулоқотда бўлиб келганини эътироф этган эди.

У мазкур маҳкама чоғида АҚШ президентини ўлдиришга таҳдид қилганлик, ноқонуний қуролга эга бўлганлик ва террорчиларга моддий ёрдам кўрсатганлик моддалари бўйича айбини тан олган эди. Ўша судда Қодировнинг тергов билан ҳамкорлик қилгани инобатга олинган ҳолда унга нисбатан илгари сурилган президент Обама ҳаётига таҳдид қилиш билан боғлиқ бошқа тўртта айблов олиб ташланган эди.

Улуғбек Қодиров 2011 йил 13 июлида Алабама штатининг Бирмингем шаҳри яқинидаги мотелда ўзини қуроллар сотувчи деб танитган махфий хизмат агентидан қурол сотиб олаётган пайтда ҳибсга олинган.

Агар суд ҳукми билан Қодиров юқорида келтирилган моддалар бўйича айбдор деб топилса, у 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ва 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин.

Адвокат Ланс Белл иддаосича, Улуғбек Қодиров айбига иқрор бўлиш орқали умрбод қамоқ жазосидан қутилиб қолган.

Адвокат Беллга кўра, Қодиров жазо муддатини ўтаганидан сўнг ватанига депортация қилинади.

Улуғбек Қодиров 2009 йилда талабалик визаси билан АҚШга келган.

2010 йил апрелига қадар бирорта ҳам ўқув юртида қайддан ўтмаганлиги боис Қодировнинг визаси ўз кучини йўқотган ва у Қўшма Штатларда ноқонуний яшаб келган.

Улуғбек Қодиров террорчиликка оид айбловлар билан АҚШда қўлга олинган ягона ўзбекистонлик эмас.

Шу йилнинг 21 январ куни Чикагода О’Ҳара аэропортида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов ҳибсга олинган эди.

Маълум бўлишича, АҚШдан сиёсий бошпана олган Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда гумон қилинган ва узоқ вақт давомида Федерал тергов бюроси кузатувида. Тергов материалларида айтилишича, оиласи билан Колорадо штатининг Аврора шаҳрида яшаб келган Мухторов Туркияга террорчилик ҳуружини уюштиргани кетаётган пайтда самолётдан тушириб қолдирилган.

Орадан икки ой ўтиб, март ойининг бошларида Филаделфия шаҳрида яна бир Ўзбекистон фуқароси Бахтиëр Жумаев террорчиликка алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

АҚШ Федерал тергов бюроси ходимлари Бахтиëр Жумаевга қарши илгари сурилган айбловларга унинг Жамшид Мухторов билан яқин дўстлиги, хусусан унга 300 доллар пул юборганини террор ташкилотига моддий ëрдам кўрсатганлик далили сифатида асос қилиб келтирилган.
XS
SM
MD
LG