Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:52

Термиз университети домла ва талабалари норози


Термиз Давлат университети биноси.
Термиз Давлат университети биноси.

Термиз Давлат университетининг бир гуруҳ ўқитувчилари олийгоҳда таниш-билишчилик урчиганидан шикоят қилса, айрим талабалар пахта мавсумида пахта пули деканлар томонидан ўзлаштирилганини даъво қилаяптилар.

Бу ҳақда Озодликка йўлланган мактубда Термиз Давлат университетининг бир гуруҳ талаба ва ўқитувчилари исми-шарифи келтирилган. Озодлик мухбири улардан айримлари билан боғланиб вазиятни ўрганди.

“Декан талабаларнинг пахта пулини ўзлаштирди”


Фарҳод Ўзбеков Термиз Давлат университети тарих факултетининг битирувчиси. У ўтган йилги пахта мавсумида талабаларнинг ҳисобчиси бўлиб ишлаган.

Фарҳоднинг айтишича, пахта мавсумида талабалар терган пахтанинг пуллари университет деканлари томонидан ўзлаштирилганига шахсан гувоҳ бўлган.

- Бир марта беш кунлик пахта пули тарқатилган. Ундан кейин умуман беш кунлик тарқатилмаган. Мен ҳисобчи бўлиб ўша нарсани 100 фоиз айта оламан. Чунки менда ҳисобчи бўлган вақтимда фермерлардан неча пул олганмиз, талабаларга неча пул тарқатилган, неча пул ҳисоб-китоб бўлган – ҳамма нарса документално менда турибди. Бир марта тарқатилган. Қолган пул умуман пахта охиригача тарқатилмаган. Кейин талабаларга 150-160 минг сўмдан қарз ëзилган. Пахтанинг охиригача йиғим-теримда бўлган талабаларга ҳам. Бу нарса бўйича текширув комиссияси олиб борилди. Шаҳар прокуратураси ўтказганлигини биламан. Чунки прокуратурага талабалар билан борганмиз. Лекин прокуратура ходимларининг ишидан биз қониқмаганмиз. Прокуратура ўша ишни олиб бораяптими ноҳақлик бўлгани ҳаммага аëн. Ўшандан кейин ҳам декан ишдан олинмади,- дейди Фарҳод Ўзбеков.

Термиз университети ректори ўринбосари (у кишининг исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрдик) талабаларнинг пахта пули деканлар томонидан ўзлаштиргани ҳолати бўйича шаҳар прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилганини тасдиқлади. Бироқ проректор тергов натижаларини ошкор қилишни истамади.

“Ўқитувчиларнинг пахтага чиқишига қаршимиз”


69 ёшли Яхшибой Олимов Термиз университети фалсафа кафедрасида 46 йилдан буён ўқитувчилик қилади.

Яхшибой домла ҳам пахта мавзусини тилга олиб, ёши катта ўқитувчиларнинг пахтага чиқарилишига қаршилигини айтади.

- Фан номзоди, доцент бўлган 74-75 ëшга кирган домлаларга ҳам пахта терасан дейди. 75 ëшга кирган киши пахта тера олмайдику, кейин пахтага бормадинг деб ведомостдан ойлигини ўчириб ташлашган. Университетдан, ректоратдан, проректор борку, шулар қилишади. Бундан норозимиз,- дейди домла.

“Илмий унвонни фақат таниш-билишларга беришади”


Олимов домла университет раҳбарияти орасида таниш-билишчилик авж олгани ва бунинг ортидан ҳақиқий тер тўкиб ишлаётган ўқитувчилар илмий унвонлардан мосуво қолаётгани ҳақида гапиради.

- Ноҳақликлар бўлаяпти. Масалан, бир кишига 20 мартадан ошиқ мукофот ëзилди. Бошқа кишиларга умуман мукофот ëзилмаган. Масалан, бизда бир неча кишига Халқ таълими аълочиси деб унвон берилди. Улар ҳақиқий меҳнат қилмаган. Ноҳақлик. 30-40 йил ишлаган кишилар бор. Мукофотларни ўшандай кишилар олиши керак. У ерда бўлса, таниш-билишлик қилиб, халқ таълими аълочиси унвони яхши ишламаган, ўзининг меҳнатини кўрсата олмаган кишиларга берилган. Кейин университетнинг ўзида доцентлик ëки профессорлик деган унвон берилаяпти. Шундай кишилар борки, улар аудиторияга кириб бундай дарс ўтмаган, меҳнат қилмаган ëки илмий ишлари яхши бўлмаган кишилар яна ўша ерда доцент ëки катта ўқитувчи деб нима қилинаяпти. Адолат тарозиси бузилаяптида. Қисқаси раҳбарият эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб, адолатли иш тутмаяптида,- дейди Яхшибой Олимов.

“Пахтага чиқмаса унвон ҳам йўқ”


Суҳбатлашганимиз Термиз университети ректори ўринбосари илмий унвонлар билан боғлиқ ўқитувчиларнинг шикоятлари анчадан буён давом этаётгани, лекин бу шикоятлар мутлақо асоссиз эканлигини айтади.

- Прокуратурага ҳам ëзилган. Прокуратурага жуда катта хат қилган булар 82 бетликми. 70-80 киши прокуратурага хат ëзиб, прокуратураларни ҳам анча безовта қилиб, терговлар бўлиб юрди лекин. Ўзи низом бор. Масалан, профессорликка ўтиш, доцентликка ўтишнинг университет илмий кенгаши томонидан тасдиқланган низоми бор. Низом талабларига жавоб берган инсон бўлса, у албатта ўтади. Унга комплексно қаралади. Унинг илмий фаолияти, жамоат ишларида қатнашиши, ўқув тарбиявий фаолияти, ҳаммаси комплексно олиб қаралади. Масалан дарс бериб жонкуярлик қилиб ўтиб юрган бўлиши мумкин. Жамоат ишида пахтада, шанбаликларда, бошқа жойларда умуман кўринмаган бўлиши мумкин. Ундай одамни қандай ўтказасиз, ижтимоий фаол инсон бўлмаса? Ўша шикоят қилаётганлардан сўрангчи “Жамоат ишларида неча марта қатнашдингиз, пахта йиғим-теримида неча кун талабаларга раҳбарлик қилдингиз, вилоят стадион қурилишига неча кун бориб ишладингиз, Бахт уйи қурилишида неча кун бориб ишладингиз, университет ҳудудида неча кун ишладингиз” деб сўраб кўрингда,- дейди ректор ўринбосари.

“Қаримисан, ўрнингни бўшат”


Университет маъсули раҳбариятга нисбатан шикоятлар кўламининг кўплиги изоҳлаб, буни ишдан бўшашни истамаётган ёши катта ўқитувчиларнинг “талвасаси” ўлароқ баҳолади.

- Энди гап бундай. 60 ëшдан ошганлар ҳаммаси нафақага кузатилаяпти. Булар 60 ëшдан ошса ҳам, қолиш мақсади, ишлаш мақсади. Ëшларга қачон биз йўл берамиз ахир? Биз 60 дан кейин ҳам креслога маҳкам ëпишиб ëтсак, кафедрага ëпишиб ëтсак, факултетга ëпишиб ëтсак, ëшлар қачон ишлайди? Қачон оиласини боқади, қачон ўша лавозимга келиб ишлайди улар? Бу йил шунинг учун 60 ëшдан ошганлар ëппасига пенсияга чиқарилаяпти. Шундан норозичилик ҳам бор унинг ичида. Аралаш-қуралашда. Шунинг учун бошқа нарсаларни ҳам ичига аралаштириб ҳазм қиладиган қилиб бераяпти улар,- дейди ректор ўринбосари.
XS
SM
MD
LG