Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:38

Ўзбекистонда экзотик дарахтлар экилмоқда


Юртбошининг гапига кирилса, ўзбекнинг оши зайтун мойида дамланиб, нонуштасига сакура қиёми тортилса, ажабмас.
Юртбошининг гапига кирилса, ўзбекнинг оши зайтун мойида дамланиб, нонуштасига сакура қиёми тортилса, ажабмас.

“Ўзбекистон” телеканали “Ахборот” дастурининг мамлакатда зайтун дарахтлари ўстирилаётгани тўғрисидаги хабари Озодлик телетомошабинини иқлими кескин континентал бўлган юртнинг набототи тўғрисида ўйлашга мажбур қилди.


Кечаги “Ахборот”ни кўриб маза қилдим.

Мазза қивордим.

Хаёлим мени олисларга опқочди. Тунисларга опқочди.

“Туниснома”м ёдимга тушди:

“Яхши кўриб қолдим Тунисни. Севиб қолдим бу сеҳрли юртни. Бир пайтлар Қизни севгандай.

Кейинги йил яна боришим боиси шудир: хурмосидай ширин юрт Тунис, исми жисмига монанд юмшоқ юрт – туууниииссс.

Тонг саҳарлар меҳмонхонадан нарироқларни кездим. Зайтунзорларда тентидим. Хурмо дарахтларини бўйладим. Шиғил-шиғил пишиб турган шингил-шингил хурмолардан кўзим ўтди. Тош отиб қоқмоқчи бўлдим. Тортиндим…”
деб ёзгандим бурноғи йили.

Кечаги “Ахборот”дан билдимки, мана энди зайтунзорларни тентиш учун Тунисга боришим шарт эмас экан - зайтун кўчатларини Ўзбекистонда кўчира бошлабдилар.

- Шу бугунги кун Андижон вилоятидаги халқаро Бобур фондининг боғида 2000 тупдан зиëд зайтун кўчатлари ўстирилаяпти. Сурхондарë вилоятининг Шўрчи, Олтинсой, Жарқўрғон туманларида бугун 15 гектардан ортиқ майдонда зайтун ўсимлиги экилаяпти, деб хабар қилди “Ахборот”.

Тиқиб қўйилса кетмон сопини кўкартирворадиган ўзбек тупроғи учун зайтун дастлабки экзотик дарахт эмас. 10 – йилнинг ўктабрида Юртбоши Қорақалпоққа бориб сакура дарахтларини кўчиришни маслаҳат бергани ёдимда.

Агар президентнинг айтганларига қорақалпоқлар қулоқ солган бўлса, яна бир-икки йилдан кейин улар нонуштанинг нонини сакура қиёмга ботирсалар ажабмас.

Ёки марҳум фахрий академик Зайниддин Фахриддиновнинг лимонларини эсланг.

Ана шунақа сахий юрт Ўзбекистон. Азим чинорларни кесиб ташлашса, ўрнига игнабаргли совуқ дарахтларниям ўстироврадиган юрт.

Амир Темур хиёбонини айтяпман. А Сиз нимани ўйладингиз?

Фақат битта хавф бор. Иссиқ дарахтлар учун хавф.

У хавф тўғрисида “Ахборот”да чиқиш қилган олим бундай деди:

“Бизнинг иқлимимизда асосан зайтун ўсиши, ривожланиши нормал муҳит мавжуд. Фақатгина қишимизда совуқдан зарарланиш эҳтимоли бор. Бизнинг континентал иқлимда”.

Олимнинг Ўзбекистон иқлими кескин континентал эканлигини эслатгани ўзини дарахтга менгзаган бир Шоирнинг мана бу шеърини ёдимга солди:

Одамлар каби мен дунёни кезиб
ёза олмадим-ку шеърий туркумлар,
чунки ота юртдан чиққаним сезиб,
тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.

Чунки келиши-чун кўзларимга ёш
пайдо бўлиши-чун илҳом юракда,
менга жуда зарур аччиқ бир қуёш,
кескин континентал иқлим керакдир.

Шундай экан, денгиз қирғоқларидан,
яшил ўрмонлардан менга сўз очма,
мен ёлғиз Туркистон тупроқларида
ўса оладиган ғариб оғочман...


“Ахборот”ни кўриб ўтириб, шу шеър эсимга тушди.

Зайтунни, сакурани, лимонни кўкартирган Тупроққа нега бир “ғариб оғоч” сиғмайди, деб ўйлай бошладим.

Юртига сиғмаган, тўғрироғи, сиғдирилмаган “ғариб оғоч” ўз қисматдошлари – бошқа оғочлар билан куни кеча Прагада йиғилди.

Бири баланд, бири паст, баъзилари чиндан ҳам аччиқ қисмат, баъзилари ширин сўз исмат бу оғочлар ўрмон бўлолмаслигини тахмин қилардим.

Аммо бу оғочлар Амир Темур хиёбонидай майдонни эгаллашга етарли эканини кўрдим.

У ёққа эгилди бу оғочлар, бу ёққа эгилди. Улар қўзғатган ҳаво шамолга айланмади.
Шамол ҳосил қилолмадилар, лекин иддаолари кучли – бўрон қўптирмоқчилар.

Хабар қилдим-қилдик бу ҳақда. Лекин ўзбекнинг муҳаммадлари чўчиди улардан. Баъзилари ишонди уларга, баъзилари – йўқ.

Худди “Туниснома”мдаги араб Муҳаммад каби:

“Оқшомлари Муҳаммад билан гурунгларимизда яна бир киши бўларди. У – қоровулхонада турган кичкина телевизордаги президент.

- Қалай, дейман телепрезидентга ишора қилиб.

- Яхши, дейди Муҳаммад.

- Неча йилдан бери ўтирибди?

- 20 йилдан ошди.

- Алмаштирворай демаяпсизларми?

Чала инглизчамда бу савол қўполроқ чиқдими, ҳар қалай Муҳаммад киши билмас у ёқ-бу ёғига қараб олди.

Кейин секин "алмаштирганимиздан нима фойда, ҳар қалай буниси тўйиб бўлган, фабрика-заводлари бор, тўплаган бойлиги етти пуштига етади, янгиси келса, униям уруғ-чуруғи билан тўйдиришга яна бир неча йил кетади", деди.

- Э, ўлма, дедим. Муҳаммаднинг елкасига бир урдим. Ўзбек экансану, дедим она тилимда”.


Тунислик Муҳаммад билан қилган бу мулоқотимни унинг юртида инқилоб юз берганидан сўнг эслаган, “Туниснома”мни “Инқилобдан қон ҳиди келади. Худо сақласин! деб тугатгандим.

Бугун ҳам шу фикрда собитман!

Лекин бугун бўш-баёв, ёввош кўринаётган, Прагада тўпланган “ғариб оғоч”ларнинг гапларини эшитишга ҳам қўрқаётган муҳаммадлар бир кечада тўнларини тескари кийиб олишлари оппа-осондир.

Бунга тунислик муҳаммадлар, мисрлик муҳаммадлар, ливиялик муҳаммадлар далил.

Олдини олиш мумкинми бўҳроннинг (эътибор беринг: “инқилобнинг” демаяпман – қўрқаяпман!)?

Бор, фикри ожизимча.

Лимон ҳам, Сакура ҳам, мана энди Зайтун ҳам ўса бошлаган тупроқдан Ғариб Оғочлар учун ҳам жой бериш керак, холос.

Улар билан мулоқот қилиш керак.

Бор гап - шу.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:10 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG