Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Беҳзод Аҳмедовнинг қўлга олингани айтилмоқда


"Ўздунробита" бош директори Беҳзод Аҳмедов Interpol орқали қидирувга берилган.
"Ўздунробита" бош директори Беҳзод Аҳмедов Interpol орқали қидирувга берилган.

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, “Ўздунробита” ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедов Россиядан Ўзбекистонга келтирилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига яқин экани айтиладиган Узметроном нашри хабар қилди.

2 июл куни "Даракчи" газетасида ҳам пайдо бўлган айни хабарда, Ўзбекистон томонидан молиявий жиноятларда айбланиб, Interpol орқали қидирувга берилган Беҳзод Аҳмедовнинг қайси вазиятда Ўзбекистонга келтирилгани тафсилотлари очиқланмаган.

Айни пайтда, Interpol веб-сайтининг қидирувдагиларга оид саҳифасидан ҳозирча Беҳзод Аҳмедовнинг исми олиб ташланмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июн куни баёнот эълон қилиб, Россияга қарашли МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбасини молиявий жиноятларда айблаган эди. Айни баёнотда МТС ширкати мазкур иш бўйича халқаро қидирувда бўлган асосий гумонланувчи Беҳзод Аҳмедовни яшираётганликда ҳам айбланган эди.

Ўз навбатида МТС ширкати ҳам пресс-релиз эълон қилиб, Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўздунробита”га қарши олиб борган ҳаракатларини ноқонуний дея атаб, ширкатга нисбатан босим бўлаётганини таъкидлаган эди.

МТС матбуот котиби Елена Кохановская Озодликка "Ўздунробита" раҳбарлари асоссиз тарзда ҳибсга олингани юзасидан ташвиш билдирди.

- Текширувлар ноқонуний тарзда олиб борилмоқда: бутун мамлакат бўйлаб офисларимиздан ҳужжатларнинг асл нусхалари, протокол тузилмасдан, мусодара қилинмоқда, одамларимиз кечаси адвокатларсиз ҳибс этилмоқда. Бу ҳол, айниқса, ходимларимизнинг қўлга олинаётгани ва сўроққа тутилаётгани, бизни қаттиқ хавотирга солмоқда. Уларга босим ўтказилаётгани айтилмоқда, биз эса бу вазиятда уларга ёрдам бериш имконимиз йўқ. Тўғриси, қайта текширувлар олиб борилиши сабабларини ҳам тушуна олмаяпмиз, деди МТС расмийси.

“Ўздунробита” ширкати раҳабари вазифасини вақтинча бажараётган Радик Даутов ва ширкат молиявий директори Темурмалик Алимов ҳибсга олингани Ўзбекистон Бош прокуратураси 28 июн куни эълон қилган пресс-релизда ҳам айтилган.

Россиянинг "МТС" ширкатига қарашли “Ўздунробита” раҳбари 38 ёшли Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистондан қочиб кетгани ҳақида Озодлик радиоси 14 июн куни хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси баённомасида айтилишича, “Мавжуд маълумотларга кўра, Аҳмедов терговдан яшириниб, Ереван шаҳрига қочган. Бу ерда у “МТС” вице-президенти Распопов билан учрашган ва улар яширин тарзда Москвага учиб келганлар”.

“Ўздунробита” ширкати 1991 йилда фаолият бошлаган. 1990 йиллар охирларида ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган. 2004 йилда эса Каримова “Ўздунробитани” Россиянинг МТС компаниясига 212 миллион АҚШ долларига сотган.

“Ўздунробита” алоқаси Ўзбекистоннинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олади ва 9 миллиондан зиёд абонентга эгадир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG