Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

"МТС Ўзбекистон" лицензиясиз қолиши мумкин


Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси 25 июн куни Россиянинг МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси Ўздунробита компаниясини бу ҳақда огоҳлантирди. “Ўздунробита” бошқарувидаги манбанинг айтишича, муаммолар ширкат раҳбари Беҳзод Аҳмедов шахси билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси веб-сайтида 25 июн куни эълон қилинган билдиришномага кўра, “давлат инспекцияси томонидан ўтказилган мониторинг ҳамда уяли алоқа абонентларидан тушган шикоятлар таҳлили “Ўздунробита” томонидан кўрсатилаётган уяли алоқа хизматлари сифати ёмонлашиши ҳолатлари бўлганини кўрсатган”.

Бундан ташқари, Давлат алоқа инспекциясига кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилган мониторинг натижасида электромагнит мувофиқлик марказининг вақтинча фойдаланиш учун берилган рухсатномалари бўйича “Ўздунробита” 48 та таянч станциясини ноқонуний эксплуатация қилгани аниқланган.

Бундай ҳолатлар Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида аниқлангани айтилмоқда.

Мазкур қонунбузарликлар бўйича ДАИ томонидан “Ўздунробита”га тегишли кўрсатма тақдим қилинган ва ноқонуний эксплуатация қилинаётган таянч станцияларидан фойдаланишни кўрсатма олган кундан бошлаб тўхтатиш талаб қилинган.

Давлат алоқа инспекцияси, бу кўрсатма бажарилмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда “Ўздунробита”га берилган лицензияни амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ёки тугатиш чоралари кўрилишидан огоҳлантирган.

МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси жиддий муаммоларга дуч келаётгани ўтган ҳафта ширкат бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг мамлакатдан қочиб кетганига оид хабарлар бўлгач, маълум бўлди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон прокуратураси ва солиқ инспекцияси бир неча ой давомида “Ўздунробита” фаолиятини тафтиш қилган.

Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари ширкат бош директори Беҳзод Аҳмедовни қаллоблик ва пул ювиш амалиëтларида айблаб Interpol орқали халқаро қидирув эълон қилди. Лекин ўтган жума куни МТС бош директори Владимир Евтушенков бу хабарларни инкор қилгач, Interpol веб сайтидан ҳам қидирувга оид хабар олиб ташланди.

Орадан уч кун ўтиб, душанба куни Interpol Беҳзод Аҳмедовни яна халқаро қидирувга берди.

Озодликнинг “Ўздунробита” бошқарувидаги манбасининг айтишича, алоқа инспекцияси душанба куни эълон қилган огоҳлантирув ҳам абонентлардан тушган шикоятлар ёки ускуналарнинг ноқонуний ишлатилгани эмас, прокуратура тафтиши ва Беҳзод Аҳмедов шахси билан боғлиқ.

“Яқинда бу хусусда текширув ўтказилди, қонунбузарликлар ёки бошқа камчиликлар топилмади. Бу ҳаммаси солиқ идоралари ўтказган текширув билан боғлиқ”, деди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Беҳзод Аҳмедов ҳозирда Ўзбекистонда ва ширкат бош директори лавозимида қолмоқда.

“Ўздунробита” мулозими ширкатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тафтиш қилингани, вужудга келган муаммолар ва Беҳзод Аҳмедовга нисбатан таъқиблар бошлангани хусусидаги саволимизни жавобсиз қолдирди.

Бироқ Беҳзод Аҳмедовнинг қаерда эканига оид бир-бирига зид хабарлар бор. Баъзи манбалар унинг мамлакат ташқарисида қолаётганини айтмоқда.

“Ўздунробита” ширкати 1991 йилда фаолият бошлаган. Унга асос солган тадбиркорлардан бири Санжар Умаровдир. 1990 йиллар охирларида ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган. 2004 йилда эса у “Ўздунробитани” Россиянинг МТС компаниясига 212 миллион АҚШ долларига сотган.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин мухолифат партиясини тузган Санжар Умаров орада 4 йил қамоқда ўтириб чиққач, берган интервьюларидан бирида 90 йиллар охирларида Гулнора Каримова уни “Ўздунробита” ширкатидан сиқиб чиқарганини иддао қилган эди.

“Ўздунробита” алоқаси Ўзбекистоннинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олган ва қарийб 10 миллион абонентга эгадир.

Беҳзод Аҳмедовни таниган ва воқеани кузатаётган манбалардан бирининг тахминига кўра, “Ўздунробита” атрофидаги муаммолар ортида ширкатни яна ўз назоратига олмоқчи бўлган Гулнора Каримова турибди.

“Телекоммуникацион ширкатларнинг бозор нархи белгиланганда мижозлари сони ўртача 1000 доллар ҳисобланади. Бугун “Ўздунробита”нинг 9 миллион абоненти борлиги ширкатнинг бугунги қиймати қарийб 9 миллиард доллар эканини англатади. Ўзбекистондаги нархлар уч баробар камроқ бўлиши эҳтимолини инобатга олсангиз ҳам, “Ўздунробита”нинг бугунги қиймати камида 3 миллиарддир. Бир неча йил аввал ширкатни 200 миллион долларга пуллаган Гулнора катта хатога йўл қўйганини англаган ва ўйин қоидасини бузиб бўлса ҳам, кўп миллиардлик компанияни яна ўз назоратига олмоқчи кўринади”, дейди Озодлик билан шахси сир қолиши шарти билан гаплашган манба.
XS
SM
MD
LG