Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:28

Ўзбеклар тобора бахтиёрроқ бўлиб бормоқда


Куни кеча эълон қилган “Умумжаҳон бахтиёрлик индекси - 2012” ҳисоботида Ўзбекистон 151 та давлат орасида 54-ўринни эгаллабди.


“Фикрлаш, сўзлаш ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган, шу туфайли бошқа ҳамма махлуқотдан устун турувчи жонли зот”.

Бу Изоҳли луғатнинг “Одам” тушунчасига берган изоҳларидан дастлабкисидир.

“Истиқлол фарзандлари” кўрсатуви маҳмадана олиб борувчиси Нафиса қизнинг айтишича, одам, айни пайтда кимёвий ҳодиса ҳамдир.

“Инсон организмида тахминан 50 дан ортиқ кимëвий элементлар мавжуд. Улардан кислород 65 фоизни, углерод 18 фоизни, водород 10 фоизни ташкил этади. Буни қарангки, инсон бир суткада 750 литр кислородни ютиб 657 литр карбонат ангидрид чиқарар экан”.

Бир киши бир кеча-кундузда 657 литр – қопқоғи қўқон араванинг ғилдирагидай келадиган, бўйи икки қулочдан кам бўлмаган бўчкани тўлдирадиган карбонат ангидрид чиқаришини Нафиса қиздан эшитиб, даҳшатга тушдим.

Кимё зовут бўпкет-е!

Бу зовут бахтли бўлишгаям улгуради. Ҳам якка-якка (ҳар бир одам) ҳам улгуржасига (бутун халқ).

Британиядаги New Economic Foundation тадқиқот маркази 2006 йилдан бери ўша бахтни кўтарасига ўлчаб ҳам келади.

Марказ куни кеча эълон қилган “Умумжаҳон бахтиёрлик индекси - 2012” ҳисоботида Ўзбекистон 151 та давлат орасида 54-ўринни эгаллабди.

Рўйхат тепасидан бахтиёрларга, қуйидан бахти озларга жой берилганини ҳисобга олсак, Ўзбекистоннинг кўрсаткичи ёмонмас. Ҳатто “яхши” дейиш мумкин.

Айниқса, 2006 йили чиқарилган биринчи ҳисоботга қиёсласак, бу соҳадаги ишларни “беш” десак, ҳам бўловради – унда Ўзбекистон 60-ўринда эди.

Яна бир қиёс. Бу йилги ҳисоботда ўзбекистонликлар америкаликларни чангда қолдириб кетган: АҚШ 105-ўринда, егани олдида, орттиргани ортида бўлган қувайтликлар эса, ҳўўўв 143-ўринда.

“Бахтлиман” деганларни санаб рейтинг чиқариш мумкиндир.

Лекин бахт ўзи нима?

Яна Изоҳли луғат титиб Сизни зериктирмай. Яхшиси “Ўзбекистон” каналини кўрамиз. Зеро унда ўзбекнинг бахти ҳар куни, ҳар соатда бекаму бекўст акс этади.

Ўзбекни ўзини бахтиёр ҳис қилиши учун зарур бўлган асосий омилни кечаги “Ҳар кун” меҳмони, дўхтир опа Юлдуз Саидова тилга олди.

“Авваламбор мен шу ҳаëтни аввали ҳам, охири ҳам шукур қилишда деб биламан. Чунки инсон бўлиб дунëга келишнинг ўзи ҳам инсонга Оллоҳ томонидан берилган бахт”.

Бу гапга ишонмайдиган ўзбек борми? Излаб кўрингчи, тополмайсиз.

Дўхтир опа Юлдуз Саидованинг ўзи ҳам бахтли.

“Қайси оилада туғилиш, қайси ота-онадан туғилишни инсоннинг ўзи ҳал қилмайди. Лекин мен шундай ота-оналардан дунëга келганимдан аввало бахтиëрман”.

Ҳарбий олий ўқув юртини тугатган йилт-янги лейтенантнинг отаси Муҳаммадюсуф Анваров ҳам бахтли.

“Ўғлонларимизни кўриб, юртимиз тинчлиги, осойишталиги ишончли қўлларда эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Бу ëшлар бахтли ëшлар”.

Болаларнинг бахтику, мутлақдир. Шу қадар мутлақки, “Ахборот”нинг бахтли болалик тўғрисидаги сюжетини “Болаликка аталган бахт” деб номлабди. Мухбирнинг айтишича,

“Республика Вазирлар Маҳкамасининг болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича 55та оромгоҳ жорий мавсумга шай қилинди. Ушбу масканларга қарийб 43 минг нафар болажонларнинг жалб этилиши кўзда тутилган. Улар ичида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари алоҳида эътиборда”.

Демак, Ўзбекистонда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам бахт билан таъминланган.

Болакайлардан бирининг эса, бахт билан ҳар йили таъминланиши сюжетдан маълум бўлади.

“Ўтган йил ҳам лагерга келган эдим. Ҳамма шароитлар яратилгани учун бу йил ҳам келдим. Ҳамма нарсаси зўр”.

Хуллас, бахт уфуриб туради “Ўзбекистон” каналидан.

Бахтсизликни ҳам кўрсатади у.

Масалан, сериалларда эрининг ароқхўрлиги, қайнонасининг зулмидан азият чекаётган келиннинг бахтсизлигига гувоҳ бўламиз. Лекин сериаллар муаллифларини айблаб бўлмайди: ароқхўр эрсиз, золим қайнонасиз конфликт бўлмайди, конфликтсиз эса, драма йўқ.

Бахтсизлик ашулалардаям бор.

Неча кун кўнглим ëришмас,
шамчироғим қайдасан,
Кўзларимдан қочди нур,
гавҳар қароғим қайдасан...


деб куйлади Маҳфуза Каримова. Лекин хонанданинг зорланишидан чўчимаслик керак. Унинг бахтсизлиги лирик бахтсизликдир. Йўқотган шамчироғини охир-оқибат топиб олади ва бешак бахтли бўлади.

Худо ҳаққи рост гап:

дўхтир опа Юлдуз Саидованинг ҳам;

елкасига лейтенант погонини таққан йигит отаси Муҳаммадюсуф Анваровнинг ҳам;

узоқ Қорақалпоғистондан Тошкентдаги лагерга қаторасига икки йил келаётган болакайнинг ҳам;

маҳмадана олиб борувчи Нафиса тайёрлаган “Истиқлол фарзандлари” кўрсатуви қаҳрамони - ақллигина қизчанинг ҳам;

бошқа юзлаб, минглаб, миллионлаб ўзбекистонликларнинг бахтли эканликларига заррача шубҳа йўқ.

Лекин ҳаёт, сериаллару қўшиқлардаги ҳаёт эмас, реал ҳаёт бахтдангина иборат эмаслиги дўхтир опа Юлдуз Саидованинг тилидан пафос билан янграган “Инсон бўлиб дунëга келишнинг ўзи ҳам инсонга Оллоҳ томонидан берилган бахт” деган гапдай кўпчилик биладиган ҳақиқатдир.

“Фикрлаш, сўзлаш ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган, шу туфайли бошқа ҳамма маҳлуқотдан устун турувчи жонли зот” нега “Ўзбекистон” каналидан туриб фақат ва фақат мақтанади?

Ташвишларидан гапирса бахти кемтик бўлиб қоладими?

Ахир бир четида ўзбеклар ҳам яшаган “Бахтлар водийси” бундан 20 йилгина олдин таназзулга юз тутганига ўша ташвишлар ўз вақтида айтилмагани, айтишга изн берилмагани сабаб бўлмаганмиди?

Эээ, яна эски ашулани бошлаб юбордим. Кимга керак бу гаплар?!

Келинг, яхшиси, бир шеър ўқиб берай:

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида,
Нафис чайқалади бир туп наъматак...

Ойбек домланинг бу сатрларидан хунук “ўшшайган” сўзини олиб, ўрнига чиройлироқ сўз қўйиб, қайта ўқинг.

Ёки шеърни, умуман, тўртинчи сатрсиз ўқинг.

Тушунгандирсиз, нимага шама қилаётганимни?

Илғаёлмаган бўлсангиз, айтай: гўзаллик хунуклик фонида янада ёрқинроқ кўринади.

Биз бугун тилга олган бахт ва бахтсизликнинг “Ўзбекистон” каналидаги акси, аниқроғи, бахтнинг акс этишию бахтсизликнинг акс этмаслиги эстетик масаладан кўра мураккаброқ масаладир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:06 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG