Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:40

Ўзбек телевизори нега озодликни кўрсатмайди?


"Ўтов" филми қаҳрамони тузатмоқчи бўлган телевизор
"Ўтов" филми қаҳрамони тузатмоқчи бўлган телевизор

Ўзбек киночилари суратга олган "Ўтов" филмида қизалоқ отасидан "Нимага бизларнинг телевизор ҳар доим бир хил нарсани кўрсатади¸ нега у озодликни кўрсатмайди?" деб сўрайди. Бунга жавобан ота "Чунки у бузуқ. Уни тузатишимиз керак"¸ дея жавоб беради. Қизча: Қачон? Ота: Ээээээээ, эртага.


Оташбўроннинг шарҳи

Ўтган ойнинг 13-сида Оташбўрон исмли тингловчимиздан сайтимизга шарҳ келди.

Оташбўрон, жумладан, дебди:

“Сарвар Усмон ака, аввалги йиллари зўр актуал мавзуларни кўтариб чиқардингиз, ҳозир фақат телевизор бўпқолди. Бургут қариса чумчуқ овлайди, деганими бу? Сиздан янгиликлар кутиб қоламиз. ЎзТВнинг мақтанишдан бошқа нарсаси йўқ, шуни қандай чидаб кўрасиз, ака?!”

Иссиққина заказ сомса ичида диркиллаб турган, шишган нўхат каби ялтироқ қаймоқранг думба ёғдай ёқди Оташбўроннинг мени бургутга менгзагани.

“Қариса” деганига эътибор бермадим – олма билан ўрик бўлармидим, энди...

Оташбўроннинг гаплари жонсиз эмас, дедим. Кўрмайман, дедим ТВни, хусусан, ЎзТВни кўрмайман. Қолаверса, олдинда таътил эди.

Таътилда эса, одатда, ўқимайман, эшитмайман, кўрмайман, гапирмайман.

Таътил тугагач

Таътил тугаши биланоқ ўқигим, эшитгим, кўргим, гапиргим кела бошлади.

Интертармоқдан бир ўзбеки фильм кўра бошладим бурнимни жийириб.

Ана ўчираман, дедим, мана ўчираман, дедим. Ўчирмадим-ўчиролмадим.

Бурним беихтиёр ўз ҳолига қайтди. Қўлим сигаретга борди – хотиндан қўрқдим. Чиқиб чекишга кинони қизғандим. Қарасам – кўриб қўйибман.

Кўриб қўйдиму бирдан Оташбўроннинг шарҳи ёдимга тушди. (Уни мени бургутга менгзаганини мақтаниш учун (тўғриси, мақтаниш учунгина) эслаганим йўқ-ку ахир!)

Телевизорнинг Оташбўрон айтганидай, ЧУМЧУҚ эмаслиги тўғрисидайди фильм. (Ҳар ҳолда, мен шундай тушундим.)

“Ўтов” ва унинг атрофи

“Ўтов” фильми аҳолиси (сценарий муаллифи Ёлқин Тўйчиев, режиссёри Аюб Шаҳобиддинов) бир неча кишидангина иборат.

Воқеалар Ўзбекистон жанубида, олис тоғли ҳудудда – гадойтопмас бир жойда, ўтган асрнинг 80-йилларида кечади.

Бош қаҳрамон (Нозим Тўлахўжаев) тарки дунё қилган бир брутал чўпон.

У ҳукуматни, ҳокимиятни ёмон кўради. Чунки, ҳукумат “Бобомни қулоқ қилди. Отамни қатағон қилди. Мени халқ душманининг фарзанди деб эълон қилди. Ҳамма яқинларимни бирма-бир йўқотдим. Бисотимда фақат ўғлим қолган”, дейди чўпон.

У бисотида қолган биргина ўғли Жавоҳирни (Азиз Раметов) ўз ўтовидан ташқарилатмай ўстирган. Ўғлининг бир умр ўтовда қолишини истайди. Чунки ота ишонгани энг асосий неъматни шу жойда - олис тоғли ҳудудда – гадойтопмас бир жойда топди.

Неъматки – ОЗОДЛИКдир.

“Ҳаëтда фақат озодликнинг ўз қиймати бор. қолган ҳаммаси бир пул тушунаяпсанми Жавоҳир”, дейди ота.

Телевизор кўрадиганлар ва кўрмайдиганлар

Фильм яримлаганда яна бир қаҳрамон, айтиш мумкинки, иккинчи бош қаҳрамон – ТЕЛЕВИЗОР пайдо бўлади.

Ва бирдан фильм “аҳолиси”ни икки гуруҳга: телевизор кўрадиганлар ва уни кўрмайдиганларга ажрата бошлайсиз.

Кўрмайдиганлар Ота ва унинг Ўғли.

Кўрадиганлар: амалдорларга пора ташувчи мелиса, сўлим лекин соқов жувон, синглисини иккита қўйга сотиб юбораверадиган давангирдай бир даюс, Жаҳонгирда кўнгли бор, шаҳарга ўқишга кетиб бир йилдаёқ тили ўрисчалашиб қайтган дуркун қизу ва яна шуларга ўхшаган бир-икки персонаж.

Ёсуман

Автодўкондан сотиб олинган ТЕЛЕВИЗОР ўғилни ўзини (телевизорни) кўрадиганлар қаторига қўшиб қўяди. Ўғил шу тўртбурчак туйнукдан дунёни кўриб қолади, унга ишқи тушади.

Отаси айтган ОЗОДЛИК ўтовда эмас, балки олисларда, ТЕЛЕВИЗОР кўрсатаётган олисларда, деб тушунади ўғил.

Ота ҳар йили икки бор мелиса орқали пора узатиб ўғлини ҳарбийдан олиб қоларди.

Милиция: Ма, ўғлингга. Чоршанба куни областной. Жума отправка.

Чўпон: Жавоҳир ҳеч қаëққа бормайди.

Милиция: Ие, (кулиб) э а ҳукумат сендан сўраб ўтирармиди?

Чўпон: У менинг ўғлим. Ҳукуматники эмас.

Ота ўғлининг ОЗОДЛИГИ учун ҳеч нарсани аямайди.

Чўпон: Шунинг учун дангалини айт. Қанча?

Милиция: Беш жуфт. Малиш бўлмасин.

Чўпон: Униси тешиб чиқадими?

Милиция: Ҳей ишни бажарадиган сенми ëки менми?

Чўпон: Ҳа, яхши. Бор, танла.

Милиция: Мана бу бошқа гап. Военком деганлари Виктор Сергеевич қўс думбали мошкичири деса ўзини томдан ташлайди. Тайгасида кўрмаганда бунақа зўр овқатларни.


Мелисанинг шундай воситачилигида Ота ҳар йили ўғлини ҳарбийдан олиб қолар, унинг ОЗОДЛИГИни сақлаб қоларди.

Кетдию келди

ТЕЛЕВИЗОР келдию ўғил бузилди. ТЕЛЕВИЗОР уни ўтовдан ташқарига имлади. Бу им дуркун қизнинг имидан-да жозиброқ эди. Ўғил отланди.

Баландпарвоз айтсак бундай бўлади: Жозиб дунё дудоғидан бўса олмоққа отланди.

Чўпон: Кетма. Ўғлим, илтимос кетма. Аламзадасан. Жаҳлдан эса фойда йўқ. Ҳаëтда фақат озодликнинг ўз қиймати бор. Қолган ҳаммаси бир пул тушунаяпсанми Жавоҳир. Кетма илтимос. Шу ерда дардингдан фориғ бўласан. Озодликка эришасан ўғлим.

Отага қулоқ солмади ўғил - кетди.

Бу ёруғ дунёда ёппа-ёлғиз қолган чўпон сўлим лекин соқов жувонга уйланди, ундан бир қиз кўрди, қизгина бурро-бурро гапира бошлаган пайтда Ўғил қайтди. Ҳарбийдаям (Афғондами-ей) бўлиб қайтди.

Дунёга тайёр эмас эди у. Нашаванд бўлиб қайтди. Касал қайтди.

Брутал ота ўғилни даволай бошлади. Уни ерга томоғигача кўмиб қўйди.







Қизча ўзининг ота бир-она бошқа акасини “Телевизор амаки”, деб чақиради.

Қизча: Телевизор амакини нимага кўмиб қўйдингиз?

Ота: Чунки у касал.

Қизча: Касал одамни кўмиш керакми?

Ота: Йўқ, ҳаммасини эмас. Телевизор амакининг кўнгли йиринглаган. Одамнинг ғуборини эса фақат ер олади.

Қизча: У қанақа ғубор?

Ота: Алам, умидсизлик.

Қизча: Қачон?

Ота: Нима қачон?

Қизча: Қачон тугайди бу ғубор?

Ота: Афсуски у тугамайди. Ундан фақат озод бўлиш мумкин.

Қизча: Қачон?

Ота: Вой эзмаей. Қачон, қачон? Ҳиди келади ўзи.

Қизча: Анави телевизорда кўринадими?

Ота: Нима?

Қизча: Озодлик.

Ота: Кўринар.

Қизча: Нимага унда бизларнинг телевизор ҳар доим бир хил нарсани кўрсатади?

Ота: (хандон отиб кулиб) Чунки у бузуқ. Уни тузатишимиз керак.

Қизча: Қачон?

Ота: Ээээээээ, эртага.


Худонинг эса, эртаси кўп.

Чинакам ЭРТА келгунича эса, “бузуқ телевизор”ни кўриш хавфли.

“Бузуқ телевизор”ни кўрган одам амалдорларга пора ташувчи мелисага, соқов жувонга, синглисини иккита қўйга сотиб юбораверадиган даюсга, нашаванд ўғилга айланиб қолиши мумкин.

Лекин “бузуқ” деб, уни мутлақо кўрмаслик ҳам таҳликалидир.

Бу таҳликани Жавоҳир мисолида кўрдик.

“Бузуқ”, деб телевизор кўрмаган Ота тақдирида ЗУЛМдан ОЗОДЛИК туғилмаслигини-да кўрдик.

“Ўтов”ни “қурган” Ёлқин Тўйчиев билан Аюб Шаҳобиддиновлар нимани тушунтирмоқчи бўлган – билмадик.

Биз тушунганимизни тушундик.

Кечаги бугунги телевизор

Фильм муаллифлари ўз тадқиқотлари объекти умуман Совет даври ва хусусан унинг сўнгги ўн йиллиги эканлигини деворга мих қоққандай қилиб, аниқ-тиниқ белгилаб қўйган.

Бироқ 2007 йили суратга олинган фильмда деталь сифатида келтирилган гўёки 80-йиллар телекўрсатувлари овози шу кундаги Ўзбек телевидениесидан қил ўзгамасдай туюлаверади.

“Мухаррам Расулова собирает по 200 килограммов хлопка в день. От нее не отстает Айна Шадманова. Обе сборшицы обязались собрать за сезон по 10000 килограммов сырца. Колхозники Узбекистана мобилизует все силы и средства на завершение уборки и сдачи хлопка государству”.

“.... билан жонажон партиямиз олдида берган сўзимизнинг устидан чиқдик. Беш йиллик планни муддатдан олдин бажардик”.


Ана шунақа гаплар.

Хуллас, сайтимизга шарҳ ёзган Оташбўрон укам, ТЕЛЕВИЗОРни чумоли деманг – менсимай қўйманг.

Уни кўринг.

Фақат фикрингиз фильтридан ўтказиб кўринг.

Айниқса, у бузуқ бўлса, айниқса унда ОЗОДЛИКни кўрсатишмаса фикрингиз фильтридан ўтказиб кўринг.

Қизча: Анави телевизорда кўринадими?

Ота: Нима?

Қизча: Озодлик.

Ота: Кўринар.

Қизча: Нимага унда бизларнинг телевизор ҳар доим бир хил нарсани кўрсатади?

Ота: (хандон отиб кулиб) Чунки у бузуқ. Уни тузатишимиз керак.

Қизча: Қачон?

Ота: Ээээээээ, эртага.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:15 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG