Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:41

Муаммо қизларнинг никоҳ ёшида эмас, таълим ёшида


Ўзбекистонда қизларни турмушга бериш ёшига оид баҳслар совет давридан бери давом этиб келади.
Ўзбекистонда қизларни турмушга бериш ёшига оид баҳслар совет давридан бери давом этиб келади.

Ўзбекистонда қизлар учун эрта никоҳ ёшини 17 дан 18 ёшга кўтариш ташаббусига муносабат билдирган суҳбатдошлар, асосан, шу фикрни билдирмоқда.


Никоҳ ёшини кўтариш ташаббуси маъқулланмоқда


Ҳозир Ўзбекистон парламенти ҳамда республикадаги таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва маҳалларида Ўзбекистонда "Ўзбекистон Республикаси оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда.

Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликка биноан белгиланган аёллар учун энг эрта никоҳ ёшини 17 дан 18 кўтариш ташаббуси, умуман олганда, деярли бир овоздан қувватланаётгани кузатилмоқда.

Ҳозир ўзбек қизларнинг никоҳ ёши ва уларнинг бу ёшдан эртароқ турмушга берилиши муаммоси билан юзма-юз келаётганлар таълим соҳаси ходимлари бўлмоқда.

Боиси, 17 ёшда ҳам, бундан буён қонун билан минимал никоҳ ёши қилиб белгиланиши кутилаётган 18 ёшда ҳам қизлар мажбурий таълим муассасаларида ўқиётган бўлади.


Мақсад никоҳ ва таълим ёшини мувофиқлаштиришда


Тошкентдаги академик лицейлардан бирида дарс бердиган ўқитувчи Ҳилола Мансурова айни кунларда академик-лицей ёки касб-ҳунар коллежининг иккинчи, учинчи курсларида ўқиётган қизларнинг камида 10 фоизи турмуш қурган ёки ҳомиладор ўқувчилар эканини айтмоқда.

- Академик лицейнинг 3-курсида ўқиётган ўқувчи 18 ёш бўлади. Шу ёшда баъзи ўқувчиларимиз туққан бўлади. Боласини қайнонасига ташлаб, бирровга имтиҳонга келиб-кетади. Ўтган йили шунақа ҳоллар ҳам бўлди лицейимизда,- дейди Ҳилола Мансурова.

Ўқитувчига кўра, қизларни 16-17-18 ёшдан турмушга бериш ҳоллари кўпроқ Тошкент шаҳрида кузатилади.

- 19-20 ёшга кирса, бу қиз ўтириб қолган, ҳисобланади. Шунинг учун ота-оналари ваҳима қилиб, тенги чиқса 16-17 ёшдан ҳам бериб юборади. Мана ҳозир лицейлар ва коллежларда ўқиётган ўқувчи қизларнинг қарийб 10 фоизи ҳомиладор ҳолда ўқишга қатнаяпти. Лекин, вилоятларда кам бунақа нарса. Коллежини битиргандан кейин аксар қизлар ўқишни давом эттирмайди. Шунинг учун, одатан, битиргунча кутишади,- дейди бу ўқитувчи.

Унинг сўзларига кўра, аслида мамлакатда қизларнинг никоҳ ёшини 17дан 18 ёшга кўтариш ташаббуси ортида бу кўрсаткични мамлакатдаги мажбурий таълимни тугатиш ёшига тенглаштириш мақсади турган бўлиши мумкин.

Биринчидан, лицей ва коллежларнинг 3-курсида ўқиётган ўқувчилар орасида турмушга чиққан қизлар сони ошиб бормоқда ва шу боис, ўқувчиларнинг давомати сусаймоқда.

- Уйига телефон қилиб: "Текширув келяпти, журналда бор ўқувчи дарсда йўқ, илтимос, қизингизни жўнатинг" десак, қайнонаси: "Жўнатмайман, дипломам, бошқасиям керакмас", дейди. Лицей раҳбарияти, ўқитувчи ҳеч нарса қилолмайди. Қайси юридик ҳужжат асосида биз уларга ўқувчимизни эрга берманг, деб айта оламиз,- дейди бу суҳбатдош.

Иккинчидан, бугун ўзбек жамиятида қизлар эрта "етиляпти", деган хавотирли мулоҳаза ҳам илдиз ортиб бормоқда.

- Дарсда қизлар телефонда чатлашиб (мобил телефон орқали СМС ёзиш назарда тутилмоқда-таҳр.) ўтиришади. Ҳаммасининг қўлида телефон, ҳаммасининг "Одноклассники"га ўхшаган сайтларда саҳифаси бор. Эрта-кеч интернетда. Март ойида бирдан шу масала қаттиқ олинди ва таълим бошқармасидан келишиб, текширинглар, дейишди. Қарашсаки, 16-17 ёшли ўқувчи қизлар кечаси соат 3 да ҳам Интернетда. Шунинг орқасидан эртаси куни ухлаб қолиб, 1-2 парага кечикиш ҳоллари, давомат сусайгани ҳоллари кузатиляптида,- дейди Ҳилола Мансурова.


Ўқувчи қизлар "Одноклассникига" кирмасин!


Тошкентда олий ўқув юртларидан бирида яқин кунларгача дарс бериб келган яна бир суҳбатдошимиз Дилдора Ҳакимова бу тақиқда жон бор, деб ҳисоблайди.

У Тошкент Ислом институти қошидаги Академик лицей билан боғлиқ бир воқеани ҳикоя қилиб берди.

- Яқинда ҳамкасбларимиздан эшитиб қолдим, уларнинг педсоветида лицейдаги қизларнинг "Одноклассники"даги саҳифалари муҳокама қилинибди. Қарашса, ўқувчи қизларнинг 90 фоизга яқини аъзо эмиш ва ўта калта юпкалардаги расмларини юклаб, ҳар хил ёшдаги йигитлар билан гаплашиб юришганмиш. 16-17 ёшли ўқувчи қизлар. Ўқитувчилари шу ёшдаги қизларнинг телефонларидаги уятсиз видеоларни топиб, ота-онасига қўйиб берибди. Ота-онаси билмас экан,- дейди бу ўқитувчи.

Агар Ислом институти лицейида ўқиётган қизларнинг ҳоли бу бўлса, бошқа лицейдаги қизларни қўяверинг, дейди суҳбатдош.

Унга кўра, ҳозир информацион технологиялар ривожланиб кетган бир даврда ўқувчи қизларнинг аҳлоқи салбий кўриниши олиши мумкинлигидан таҳликага тушиб қолган ота-оналар чиққан қизларни 16 ёшданоқ турмушга беришга рози бўлмоқда.


Муаммо никоҳ ёши эмас, таълим ёшининг кечикканида


Дилдора Ҳакимова шу фикрни таъкидлар экан, аслида муаммо таълим ёшида, дейди.

- Бола 7 ёшга тўлиш арафасида мактабга чиқади, 6 ёшдан 7 ёшга ўтгандамас. Таълим ёши жуда кеч. 8 ёшда мактабни бошласа, 19 га тўлиб, 20 ёшга ўтганда мактабни битиради. Мен, масалан. 21 ёшда олий ўқув юртини битирганман. Ҳозирги ёшлар 16 ёшда паспорт олса ҳам, 20 ёшгача ота-онасига моддий қарам ўқувчи бўлиб қолаяпти,- дейди Дилдора Ҳакимова.

Дилдора ёшлар қўлига паспорт олгач, кейинги ҳаётига оид мустақил қарор қабул қилиш имконига эга бўлиш даражасида бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

- Ҳозир паспорт олган инсон ўзини мустақил шахс, деб ҳис қилолмайди. Тушлиги, йўлкираси учун сиздан пул олиб, лицей ёки коллежга бориб келади. Мустақил ҳаётга кира олмайди. Бунинг ўша шахснинг психологияси, келгуси ҳаёт режасига жуда қаттиқ таъсир қилади, - дейди Дилдора Ҳакимова.


Замона зайлига мосланаётган қизлар


Дилдора Ҳакимованинг фикрига кўра, ўзбекистонликлар таълим ёшининг кечиккани ва никоҳ ёшининг яна бир йилга узайтирилганига қараб жамият ҳам мослашиб бормоқда, деган фикрда.

Маълумки, ҳозир Ўзбекистонда никоҳини ФҲДЁ бўлимларида қайд эттирмаган ёшларга никоҳ ўқиш имомларга тақиқланган.

- Кейинги бир йил ичида бу тартиб деярли тўлиқ кучга кирган. Чунки, бу ишни яшириб бўлмайди. Маҳалла кучда дарров иси чиқади. Никоҳсиз оила эса бўлмайди. Яъни, мана шу тартиб 17дан ёш қизларнинг эрга бериб юбориш ҳолатини кескин камайтирди, - дейди Дилдора.

Айни пайтда ота-оналар таълим ва никоҳ ёшининг қонун йўли билан кечикаётганига мослашиб ҳам бормоқдалар.

- Қарашсаки, қиз мажбурий таълимни тугатгунга қадар 20 ёшга кириб қолаяпти. аксар оилалар шу ёшда қизни турмушга беришга тайёр. Шунинг учун, кўпчилик қизларини академик лицейда эмас, коллежда ўқитяпти, чунки мажбур. Бу вақт оралиғида ҳозир қизлар оммавий равишда тикиш, пазандалик ва шунақа бошқа ҳунарларга ўқитиляпти. Яъни, мажбурий таълим битгунча, қиз ҳам ҳужжатли ҳам ҳунарли. Тамом, кейин эрга беришяпти,- дейди Дилдора Ҳакимова.

Аммо, ўзбекистонлик зиёлиларни бу борада ўйлантириб турган асосий масала қизларнинг илм-фан соҳасидан узилиб қолаётганидир.

- Таълим ёшининг кечикаётгани қизларнинг илмий изланишга бўлган йўлини кесмоқда. Чунки, бакалаврни тугатган кезда талаб қиз 24 ёшни қоралаган бўлади. Магистрни тугатгунча 26ни қоралайди. Аспирантурага кираман деса, 30ни қоралаб қолади. Қуда томон эса унинг ўқишига пул тўлашга рози бўлмайди. Тушуняпсизми?! Оилами, илмми, деган танлов турса, табиийки, ўзбеклар оилани танлайди,- дейди Дилдора.

Аслида расмий хабарларда "Ўзбекистон Республикаси оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ўзбек миллати ўзига хослиги ва анаъаналари, оила қонунчилигига оид халқаро қонунчилик меёрларига таянгани айтилмоқда.

Ушбу лойиҳада аёллар учун никоҳ ёшини 18 ёшга кўтариш ва бу ёшни тушириш мумкин бўлган конкрет ҳолатларни аниқлаш, у ҳолда ҳам бу кўрсаткични фақатгина бир йилга тушириш мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Айни пайтда амалда бўлган "Оила кодекси"да аёллар учун минимал никоҳ ёши 17, эркаклар учун эса 18 қилиб белгиланган.
XS
SM
MD
LG