Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:49

Шаҳрисабз ва Китобдаги сел оқибатида қурбонлар йўқ


Ўрмонтепадаги пойдевори паст бўлган иморатлар селдан шикастланган.
Ўрмонтепадаги пойдевори паст бўлган иморатлар селдан шикастланган.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган бешта ва Китобдаги учта қишлоққа 22 апрел куни сел келиши оқибатида¸ гувоҳларнинг Озодликка билдиришича¸ асосан биноларга шикаст етган.

Сел оқибатида қурбонлар бўлмади


Шаҳрисабзнинг Ўрмонтепа, Дўнгқишлоқ ва Қорапойча¸ шунингдек Авазмалик ва Шами қишлоқларига якшанба куни сел келиши оқибатида аҳоли уйларига жиддий талофат етди¸ деб хабар берди 23 апрел куни Озодликка вазиятдан бевосита хабардор манбалар.

Озодлик табиий офат тафсилотларини ўрганиш жараëнида зарар кўрган уйларда яшовчиларнинг бошқа ҳудудга эвакуация қилингани ҳақида хабарлар борлигини аниқлади.

Дўнгқишлоқ, Қорапойча, Авазмалик қишлоқлари Мўминобод қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашлидир.

Йиғин раиси Тошкент Тошев аҳолининг ўз уй-жойидан эвакуация қилинганини инкор қилиб, сел оқибатида, асосан, томорқалар зарар кўрганини айтди.

- Сув тагида қолган уйлар йўқ. Фақат сув ҳовлиларга кирганда. Кеча кечаси ўша вақтнинг ўзидаëқ сув кирган ҳовлиларга ёрдам кўрсатилди, ҳаммаси жойида. Ҳеч қанақа талофат кўрган нима йўқ.

Қорапачада одамларни уйидан кўчиришди деган гап йўғ, мумкин эмас бу. Мен ўзим ўша ерга раисман. Айланиб юрибман. Ўзим ҳамма нималарни кўриб юрибман. Ҳаммаси жойида. Асосийси зарар томорқаларга сув киргани. Кейин бизлар сувни каналларга йўналтирдик. Аҳолига зарар етган жойи йўқ. Аҳоли томорқаларига экилган экинлар пайҳон бўлди, деди Тошкент Тошев.

Ўрмонтепада иморатлар қулаган


Қўшни қишлоқлардан бирида яшовчи Абдулла ака Озодлик илтимосига кўра, 23 апрел куни Ўрмонтепага бориб, селдан кейинги вазиятни ўрганди.

Абдулла акага кўра, сел оқибатида Ўрмонтепадаги, асосан, пойдевори паст бўлган бинолар қулаб тушган.

- Йиқилган жойлар бор, иморатлар қийшайиб ëтибди, йиқилиб кетган. Оғилхоналар, сайисхоналар, ошхонлар ағанаб кетган. Бир хиллари қийшайиб ëтибди. Текислаб тартибга солаяпти. Одамлар ишлаб ëтибди. Шифери билан ерга йиқилиб, вайрони чиқиб ëтибди бир хил жойларда. Томорқаларни сув босиб кетган. Қийшайиб ëтган уйларда одамлар ишлаëтганига кўзим тушди. Унчалик катта талофат йўқ. Худога шукур¸ инсон талофати бўлмаган. Чорвани ҳам чиқариб олишган қулаш олдидан. Сўрадим, эшитмадим талофатларни. Асосан бетони паст иморатлар қулаган ëки оғир, ночор ҳолатга келиб қолган. Эрта-индин улар ҳам ағанайди барибир. Одамлар тиркович тираб ëтибди. Ўрмонтепани битта кўчасини айландим. Бир кўчада тўрт-бешта қулаган иморат кўрдим, дейди Озодлик илтимосига кўра, Ўрмонтепадаги вазиятни бориб кўрган Абдулла ака.

Қашқадарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчи ходими Шаҳрисабздаги вазият тинч эканини айтиб, бошқа тафсилотлар учун расман мурожаат қилиш шартлигини таъкидлади.

Китобдаги қишлоқларни ҳам сув босган


22 апрел куни Қашқадарёнинг Китоб туманидаги Хайробод, Нурафшон, Чиғатой қишлоқларини ҳам сув босган.

Бу ҳақдаги хабарни Озодликка тасдиқлаган Китоб туман ҳокимлиги маъсулига кўра, вазият 23 апрел куни тинч.

Ўзини таништирмаган ҳокимлик вакилига кўра, сел оқибатида одамлар орасида қурбонлар бўлмаган, етказилган талофатларни бартараф қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Китоблик фуқаролардан бири ўз исмини ошкор қилмаган ҳолда Озодликка айтишича, Китобдаги вазият анча жиддий.

- Ҳисорак сув омборида ҳам жала кўп ёғиши туфайли сув кўпайиб кетган. Сув омбори сувларини очишга мажбур бўлишган. Буни натижасида Оқсув дарёси ўз ўзанидан тошиб кетган. Баъзи қишлоқларда сув одамнинг белигача келади. Мани холам Хайрободда яшарди. Ҳозир уйини сув босиб кетгани учун бошқа тумандаги қариндошларнинг уйига жойлашди. Энг кўп Хайрободда талофат кўрилган. Бошқа қишлоқларда экинзорлар сув остида қолган. Уйларга кўп зарар етмаган. Аниғини билмадиму, лекин Паландара деган жойда одамларни уйларидан кўчиришди деган гап бор, деди китоблик манба.

Аҳоли сел хавфидан огоҳлантирилмоқда


Шаҳрисабздаги сел келиши билан боғлиқ вазиятни ўрганаётган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Қашқадарёнинг бошқа туманларидаги тоғли ҳудудлар аҳолиси ҳам тошқин бўлиш хавфидан огоҳлантирилган.

- Биздаги маълумотларга кўра, тошқин фақат Шаҳрисабзда бўлган. Лекин ҳавода намлик ортиши, жала ёғиши оқибатида бошқа тоғли қишлоқларда ҳам сел келиши хавфи борлиги ҳақида аҳоли огоҳлантирилаяпти. Билайн ва бошқа уяли алоқа операторлари махсус сообщение юбориб, тоғли ҳудудларда тошқин бўлиши хавфидан огоҳлантириб хабарлар бераяпти. МЧС ходимларининг бизга айтиши бўйича, чора-тадбирлар кўрилаяпти. Табиий офатнинг олдини олиш, одамларга нисбатан кам зарар етказиш, зарарни олдини олиш чоралари кўрилаётган экан, дейди Абдураҳмон Ташанов.

20 февралдан 21 февралга ўтар кечаси ярим тунда Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги Турк, Жарбулоқ, Чўмичли, Жума, Каризқудуқ ва Тошкамар қишлоқлари сув остида қолган ва Тошкент расмийларига кўра¸ 234 та уй тошқиндан зарар кўрган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 4 апрел кунги қарорида Ғаллаорол туманида юз берган сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратилиши айтилди.

Ҳозирча Шаҳрисабз ва Китобдаги сел оқибатларини бартараф этиш учун давлат томонидан қандай ва қанча ëрдам ажратилиши ҳақида расмий маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG