Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:57

Обид қори Назаровнинг онаси оламдан ўтди


Суиқасд боис бир ярим ойдан буён Швеция касалхонасида қолаëтган диссидент имом Обид қори Назаровнинг 74 ёшли онаси Муҳаррам ая 2 апрел куни оғир хасталикдан вафот этди. Тўрт ўғил тарбиялаган она жанозасида ўғиллардан бирортаси қатнаша олмади.

Она ўғлига уюштирилган суиқасддан бехабар вафот этди

Икки йилдан ортиқ давом этган оғир хасталикдан азият чеккан 74 ёшли Муҳаррам Назарова шу кунларда Швециядаги шифохонада беҳуш ётган ўғли - таниқли уламо Обид қори Назаровнинг ҳолидан бехабар ҳолда оламдан ўтди.

Оила-аъзоларидан олинган маълумотга кўра, 2 апрел куни оламдан ўтган ая қизлари, куёвлари ва набиралари томонидан 3 апрел куни тонгда дафн қилинган.

Дафн маросимига Муҳаррам ая тарбиялаб вояга етказган тўрт ўғилдан ҳеч бири кела олмаган.

Ўғилларидан бирининг рафиқаси Мадина Назарова Муҳаррам аянинг соғлиги оғир бўлгани боис тўнғич ўғил Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасд ҳақида хабар берилмаганини айтди.

- Кўтара олмасалар керак, деб айтмаган эдик. Билмасдан кетдилар онамиз, дейди Мадина Назарова.

Яқинларига кўра¸ Обид қори Назаровнинг 78 ёшга кирган отаси - Собитхон Назаров ҳам шу кунларда хаста ва у кишининг ҳам ўз ўғлига Швецияда суиқасд уюштирилганидан хабари йўқ.

Бу оиланинг тўнғич ўғли Обид қори Назаров 22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳарчасида суиқасдга учраган ва ўшандан буён шифохонада беҳуш ҳолда ётибди.

Ундан кейинги уч ўғил эса ўз вақтида Ўзбекистонда диний-сиёсий мотивларда айбланиб, қисқа муддат ҳибс қилинган ёки қамоққа солинган ҳамда озодликка чиққач, Ўзбекистонни тарк этишган.

Сиëсий муҳожирлар яраси янгиланди

Обид қори Назаров яқинларидан бири Аҳмад Валиев Муҳаррам аянинг вафоти Назаровлар оиласи тақдири каби аянчли тақдирга учраган ўзбекистонлик кўплаб сиёсий муҳожирларнинг ярасини янгилаганини айтади:

- Онахоннинг вафоти муносабати билан чуқур таъзиямизни изҳор қиламиз ва у кишига охиратлари обод бўлишини тилаб қоламиз. Бугунги сиёсий режим боис хоҳ диний бўлсин, хоҳ сиёсий бўлсин, хоҳ иқтисодий бўлсин, бунақа сабаблар билан қувғинга учраган болалар ва уларни кўра олмаётган оналар Ўзбекистонда кўп, дейди Аҳмад Валиев.

Ҳозир шифохонада беҳуш қолаётган Обид қори Назаровнинг аҳволи 3 апрел куни яқинларидан олинган маълумотга кўра, ҳануз оғир, аммо барқарор. Уламо ҳануз комада қолмоқда.

Уламонинг ўғли Довудхон Обидхон ўғли Озодликка бироз муқаддам берган интервюсида шифокорлар хастанинг тузалишига умид борлигини айтаётгани ҳақида сўзлаган эди.

- Отамиз ҳаётлар ва шифокорлар тузалишига умид бор, дейишди. Ҳаммамиз у кишининг тузалишидан умидвормиз, иншааллоҳ, деган эди Довудхон Обидхон ўғли.


Обид қорини ким ўлдирмоқчи бўлганига оид тахминлар ҳамон сир

Уламога суиқасд содир бўлганидан кейиноқ Швеция полицияси ва махсус хизматлари тергов ишлари бошланганини билдирган эди.

Аммо шу кунга қадар "тергов сири" дейилган изоҳ билан суриштирувларга оид бирор расмий баёнот берилгани йўқ.

22 феврал куни пешин намози олдидан уламони ўз уйи подъездида отиб кетган номаълум шахснинг кимлиги, бу жиноят ортида ким тургани ҳали ҳануз тахминлар даражасида қолмоқда.

Воқеадан бир ой ўтибгина матбуотга сўзлаган Довудхон Обидхон ўғли Озодлик билан суҳбатда: "Бунинг ортида ким турганини ва у кимсанинг очиқда эркин юрганини ҳаммамиз яхши биламиз", деди.

Аммо Обид қори Назаров яқинлари ҳозирча ўз тахминлари ёхуд ўзларига маълум бўлган далиллар ҳақида очиқ сўзламасликни маъқул кўрмоқдалар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG