Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:34

Миллион дона атиргулга таъбингиз қалай?!


Озодлик мухбири 8 март - Хотин-қизлар куни муносабати билан айрим ўзбекистонликларга шу саволни берди.

Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳридаги гул дўконларидан бири 8 март – Хотин-қизлар байрами арафасида ғаройиб буюртма олди.

Бу шаҳардаги яшайдиган бир йигит ўз хотини учун 8 март байрамига атаб, 1 миллион дона атиргулга буюртма берди ва буюртма ҳаққини тўлади ҳам.

Бу сумма 3 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Озодлик мухбири байрам арафасида ўзбекистонлик эркакларга: "Нима совға қилган бўлардингиз?", аёллардан эса: "Қандай совға олишни истайсиз?" дея савол билан мурожаат қилар экан, уларнинг совғага 1 миллион дона атиргул бериш ва олишга муносабатни ҳам сўради.

Савол-жавоблардан маълум бўлишича, йилда бир келадиган 8 март куни муносабати билан аёлларга совға танлаш қайғусида юрган эркакларнинг деярли ҳаммаси шу куни ҳеч бўлмаса бир дона атиргул олиш керак, деган фикрда.

Аммо, 8 март муносабати билан аразлаб қолган хотинига 1 миллион дона атиргул совға қилишга қарор қилган ва бунинг 3 миллион долларлик тўлов ҳаққини уддалаб қўйган қозоғистонлик пулдорнинг ҳаракатини оқлагандан қоралаган кўпроқ бўлди.

Жумладан, 32 ёшли ўқитувчи Жамшид Носиров қозоғистонлик пулдорнинг ҳаракатини маъқуллади ва ўзи ҳам аёлларга кўпроқ гул совға қилишини айтди.

- Уч миллион долларим бўлсаю менинг муҳаббатимни ўша белгилаб берадиган бўлса, ундан зиëдини ҳам харажат қилишга тайëрман.

Озодлик: Бир миллион гулни 3 миллион АҚШ долларига сотиб олиб совға қилиш.

- Мен ҳам шунақа қилган бўлардим.

Озодлик: Уч кундан кейин сўлиб қолса, 3 миллион долларга ачинмасмидингиз?

- Йўқ. Чунки менинг ҳаëтимда шундай воқеалар бўлган. Яхшигина нималардан кечиб юборишга тўғри келган вақтлари бўлган. Уч соатдан кейин йўқ бўлиб кетса ҳам уч миллион сарфлаш қўлдан келса керак.

Озодлик: Бир аëлнинг кўнгли учун арзийди.

- Албатта. Аëллар бор дунëни бериб юборишга арзийди, деди Жамшид Носиров.

Жамшид Носировнинг фикрини шу кунларда мардикорлик қилиб юрган 18 ёшли Жаҳонгир қувватламади.

Унинг фикрича, биринчидан бу пулни ҳавога совуриш, иккинчидан, ўзбек аёллари орасида буни маъқуллайдигани ҳам деярли йўқ.

- Йўқ, унақа қилмасдим.

Озодлик: Нима учун?

- Ўзим хоҳламайманда. Унақа пулни совуришни хоҳламайман. Қариндош-уруғингизга олиб берсангиз, совуришга кирмаслиги мумкин.

Озодлик: Мана дейлик онангизга.

- Онамга олиб берардимда. Гул олиб бермасам ҳам бошқа нарса олиб берардим. Рўмолми, атирми, гул олиб олиб бермасдим онамга.

Озодлик: Уч-тўртта атиргул кўтариб борсангиз, хурсанд бўлмайдими?

- Атиргулдан кўра битта рўмол билан битта атир олиб бориб берсам, шунга хурсанд бўлади.

Озодлик: Яхши кўрган қизингиз йўқми?

- Бор Худога шукур.

Озодлик: Кўп пулингиз бўлса, унга 100 дона атиргул совға қилган бўлармидингиз?

- Кўп пулим бўлса, қилардим.

Озодлик: 1000 доначи?

- 100 дона совға қилардим. 1000 дона нима қилади. Бекор қуритиб юборадими, деди Жаҳонгир.

25 ёшли тошкентлик талаба йигит Сардор эса 1 миллион атиргул ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, деди.

Бир кун олдин Тошкентдаги гул бозорида 2500-3000 сўм турган бир дона атиргул 8 март куни 6000 сўмга чиқиб кетган.

- 1 дона атиргул 6000 экан. Кеча 3000 эди. Бугун сўрасак, 6000 дейди. Барибир бермасак бўлмас деб ўйлаб қолдик.

Озодлик: 6000 бўлса ҳам-а?

- Ҳа. 6000 бўлса ҳам оламиз.

Озодлик: Нечта оласиз?

- Учта бўлмайди, битта ҳам бўлмаса керак, иккита бўладиëв, дейди талаба Сардор.

Талаба Сардор 6000 сўмлик нархда бўладиган бўлса, 2 донадан ортиқ гул олишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, у гулни тоқ беринг, жуфт беринг, деган гапларга парво ҳам қилмайди.

Респондентларнинг ёши катталашган сари 1 миллион дона атиргулни совға қилиш ғояси нафақат актуаллигини йўқотди, балки мутлақ аҳмоқона ҳаракатга айланди.
Бухоролик 37 ёшли Иброҳимжон буни мутлақо қоралади.

- Битта аразлашганда унинг кўнглини олиш учун унақа қиладиган бўлса, каттароқ жанжалда қанақа қилиб кўнглини оларкин? Уч миллион долларга 1 миллион атиргул совға қилиш, бу ўзи ақлли одам қиладиган ишмас. Эрта-индин аразлашиб қолганда ундан ҳам каттароқ нарса кутиши аниқ.

Озодлик: Шунча суммага атиргул олишнинг ўзига қандай қарайсиз?

- Бу исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Чунки унинг ҳисоб-китоби бор. Эрта ана шунга зор қилиб қўйиши бор. Бу ақлли қарор эмас барибир.

Озодлик: Имкониятингиз бўлса, бой-бадавлат бўлсангиз, нечта гул совға қилган бўлардингиз?

- Чиройли битта гулдаста совға қилишим мумкин ҳар қанча бой бўлишимдан қатъий назар, дейди Иброҳимжон.

Иброҳимжон фикрича, бир аёлга 3-5-7 тагача гул берилса кифоя, ортиғи исрофгарчилик.

Баъзи суҳбатдошларимиз фикрича эса, бир кун олдин 2500-3000 сўмга сотилган атиргулни кейинги куни 6000 сўмдан совғага олиш фикрини аёлларнинг ўзи ҳам қувватламаслигини айтмоқда.

Жумладан, ўзбекистонлик кекса ёшли журналист Шароф Убдайдуллаев совғага гул олиш фикрида гул бозорга бориб, нарх-наъволар билан қизиққанини ва совғага нима олиш масаласи ҳукмини мутлақо рафиқасига қолдирганини айтди.

- 6000 сўм битта ғунча гул. Эрталаб мен ҳам кўп қатори бозорга чиққан эдим. Мен телефон қилдим. “Хоним, сиз вақтида жуда кўп олганингиз, кўрганингиз атиргулнинг донаси 6000 сўм экан. Нечта олай?” дедим. Нечта олиш ҳақида гап кетгани йўқ аслида. 6000 сўмлигини етказган эдим. У киши “Ярим кило творог олинг. Ëзда ғунча гулларнинг хуморидан чиқамиз” дедилар. Мен у кишининг айтганини иккита қилолмадим. Лекин ҳар ҳолда унинг ўрнига творог анча қадрлироқ бўлди. Яшириб ўтирмаймиз, дейди Шароф Убайдуллаев.

Суҳбатлашганимиз кезда Шароф аканинг аёллари ҳам ёнида экан – у кишининг сўзларини маъқуллаб турди.

Биз кейин 8 мартга совғага нима олишни истар эдингиз, хусусан, 1 миллион дона қизил атиргулга таъбингиз қалай, деб баъзи аёлларга юзландик.

Шароф аканинг рафиқаси қарорини эшитдингиз. Энди ўрта ёшли андижонлик Зуҳра опанинг фикрларига қулоқ тутсак.

- Аëллар учун энг яхши гул. Райҳонни яхши кўраман. Ëки бўлмаса гвоздика, лолалар бор, атиргул бор.

Озодлик: Атиргулни яхши кўрасизми?

- Яхши кўраман.

Озодлик: Қанча гул бўлса яхши узоғи билан?

- Уни энди унча, бунча деб бўлмайдию.

Озодлик: 100та совға қилса яхшими?

- (кулиб) Йўқ, йўқ, 100та гул кимга керак. 100та гулни узиб жувонмарг қилиб менга совға қилишса, энди 100та гул тасаввур қилинг. Туғилган кунингиз ëки 8 март қайсидир байрамда ўз вақтида совға қилинган бир дона гул ҳам ўз қадрингизнинг яхшилигини билдирадию, дейди Зуҳра опа.

Зуҳра опанинг фикрини тошкентлик ўрта ёшли яна бир тадбиркор аёл Мадина опа ҳам қувватлади.

Яъни у ҳам гулни яхши кўради, лекин 1 миллионта, боринг 1000та, боринг ана 100та ҳам эмас. Кўпи билан 7 та дона гул кифоя.

- Йўқ, кўп керак эмас.

Озодлик: 20-30та бўлса бўладими?

- Кўплик қилади. Унинг ўрнига бошқа нарса олиб бергани яхши. Масалан тилла. Хотинлар тилла деса томдан ташлайдию.

Озодлик: 3 миллион долларга 1 миллион атиргул совға қиламан деса нима дердингиз?

- Йўқ, йўқ, пулнинг ўзини бериб қўя қолсин.

Озодлик: Сизнинг пойингизга 1 миллион атиргул сочса.

- Йўқ, қўйинг. Бир кун хурсанд бўламан, уч кундан кейин сўлиб қолади. Пулнинг ўзини бера қолсин.

Озодлик: 1000та берсачи?

- Йўқ, кўплик қилади. Нима қиламан шунча гулни?

Озодлик: 100та дейлик.

- Йўқ, у ҳам кўплик қилади. Еттита донаси етади. Юлинган гулнинг уч кундан кейин сўлиб қолиши жалко, дейди Мадина опа.

Аёллар орасида ҳам 1 миллион дона атиргулни совғага олиш фикрини маъқуллаганлар ёшлар орасидан топилди.

26 ёшли Барно Бекмуродова турмуш ўртоғидан 1 миллион дона гул олиши кутилаётган қозоғистонлик аёл ҳақида эишитиб, жуда ҳаяжонланганини яшириб ҳам ўтирмади.

- Вой-вўй, қандай зўр. Бахтли аëл эканда.

Озодлик: Уч миллион долларга тушибди бунча гул. Бунисига нима дейсиз?

- Муҳаббат, меҳрини шунча берган атиргуллари билан исботлаб берганда. Содиқлигини, меҳр-муҳаббатини исботлаган гул орқали.

Озодлик: Ҳозир “3 миллион долларни уч кунда сўлиб қоладиган гулга сарфлаш керакми ëки керак эмасми” деган баҳс бўлаяпти. Сиз нима дейсиз?

- Чунки аëл кишига бир марта келади байрам. Албатта арзийди. Чунки пул қўлнинг кирида. Қнаи шундай мард йигитлар чиқса қизларга. Лекин ундай мард йигитлар йўқда.

Озодлик: Бу мардлик тимсоли-а?

- Йигитнинг мардлиги. Меҳр-муҳаббатлигини, гўзаллигини ҳар бир маъноси билан исботлаб берадида. Аëл ҳам ишондида. Ҳозир ҳаяжонланганимдан тушунтириб бера олмаяпманда, дейди 26 ёшли Барно.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:51 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG