Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:33

Метадон "ўзбек менталитетига зид"?


Метадон терапияси дунёнинг кўп давлатларида кенг қўлланилади.
Метадон терапияси дунёнинг кўп давлатларида кенг қўлланилади.

Ўзбекистонда гиёҳвандларни даволашда метадон воситасидан фойдаланиш масаласи яқин орада ҳал бўлмайдиган кўринади. Дунёнинг кўплаб давлатлари, айниқса ғарбда кенг тарқалган метадон терапиясини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги “ўзбек менталитетига зид” деб топди. Метадон воситаси гиёҳвандларни опиум ва героин каби наркотикларга тобеъликдан даволашда ёрдамчи усул сифатида ишлатилади ва нисбатан арзон ҳисобланади. Лекин психологик аралашувсиз метадоннинг ўзи гиёҳвандликни даволамайди, дейди мутахассислар.

Ўзбекистондаги манбамиздан олинган хабарга кўра, яқинда соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган йиғинлардан бирида наркоманларни даволашда метадон воситасидан фойдаланиш “ўзбеклар менталитетига зиддир” деган фикр илгари сурилглан.

Метадон Ўзбекистонда тақиқланган воситалар рўйхатига киради ва наркоманларга нисбатан метадон билан ўрин босувчи терапияни қўллаш ҳам тақиқланган ҳисобланади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш бошқармасининг ўзини танштирмаган ходими “бу тартиб яқин орада ўзгармай қолади”, дея таъкидлади. Суҳбатдошимиз метадон билан даволаш қайси жиҳати билан “ўзбеклар зеҳниятига тўғри келмаслигини” изоҳлай олмаслигини қўшимча қилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг исми сир қолишини истаган бошқа бир мутахассиси ҳозирда мамлакатда наркомания муаммоси бир мунча назоратга олинган бўлса-да, у ўз долзарблигини йўқотмаган дейди. Унинг айтишича, кейинги йилларда гиёҳвандликка ружу қўйганлар сони камаймаяётгани йўқ, лекин шу билан бирга наркотикларга тобеъликдан қутулиш учун мурожаат қилаётганлар сони ошиб бормоқда.

“Ўзбекистонда наркоманларнинг кўпчилиги опиум ва героин истеъмол қилади. Бунда мамлакат қора бозоридаги наркотикларнинг аксар қисми паст сифатли, яхши тозаланмаган воситалардир”, дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон вилоятларидан биридаги наркология диспансери шифокори ҳозир ўз ваколатига кирувчи шаҳарда 360 наркоман рўйҳатга олингани, вилоят бўйича эса бу рақам 1600 кишини ташкил этишини маълум қилди.

Ўзбекистонда наркоманларни даволашда асосан уларнинг ҳаракатини диспансер доирасида чеклаб қўйиш усули қўлланилади. Бундан ташқари гиёҳвандларнинг яқинлари уларни уйда қафас ичига солиб қўйиши ҳоллари ҳам кўп учрайди.

Дунёнинг кўплаб давлатлари, хусусан, АҚШ ва ғарбнинг бошқа мамлакатларида метадон воситаси ёрдамида ўрин босувчи терапияни амалга ошириш кенг йўлга қўйилган.

Метадон ҳам ўта кучли психотропик модда ҳисобланади. Масалан, героиндан кўра, метадон қарийб уч баробар кучлироқ наркотикдир. Шу сабабдан кўплаб мутахассислар бир наркотикдан қутулиш учун бошқасини ишлатмаслик лозим, деган фикрни ёқлайди.

Лекин метадон терапияси тарафдорлари героин ёки опиумга тобеъ наркоманлар бу наркотикларни одатдаги кунига уч мартадан истеъмол қилгандан кўра, хуморини чиқаришда шифокорлар назорати остида бир кунда бир марта метадондан фойдаланса, ўзига ҳам атрофидагиларга ҳам камроқ зарари тегади, дея ишонади.

Прагадаги метадон-маркази шифокори Зденек Веселининг айтишича, героин ва опиумдан фарқли ўлароқ, метадон ишлатилганда одам организмини детоксикация қилиш, яъни наркотикнинг заҳарли таъсиридан тозалаш осонроқ кечади ва бемор гиёҳвандликдан қутулиш имконлари кўпроқ бўлади.

- Агар бемор наркотиклардан қутулишга қаттиқ аҳд қилган бўлса, масалан, бирор яхши ишга жойлашиш нияти бўлса, 3-4 ой метадонни истеъмол қилиб, кейин детоксикация учун ишлатиладиган воситалар ва психологик аралашув ёрдамида одам наркоманиядан қутулиши мумкин, дейди мутахассис.

Унинг айтишича, Чехияда метадон терапияси қўлланилган наркоманларнинг 30 фоизи бу муаммодан қутулади.

Лекин, дея қўшимча қилади у, метадоннинг ўзигина, бошқа терапия усуллари ва психологик ёрдамсиз, бу муаммодан қутулишнинг йўли сифатида кўрилмаслиги керак.

Мутахассисларга кўра, одатда метадон терапиясининг давомийлиги наркоманнинг афюн ёки героинни истеъмол қилиш тажрибасига кўра белгиланади. Масалан, 5 йил давомида героин истеъмол қилаётган бўсла, 5 йил давомида метадон қабул қилиши лозим бўлади.

Зденек Весели ҳам метадон терапиясининг қайси жиҳати ўзбеклар зеҳниятига мос келмаганини тахмин қила олмайди. Лекин, дейди у, метадон терапияси нисбатан арзон ҳисобланади.

- Бизда, Чехияда бир наркоманга бир кунда бериладиган метадон дозаси 15 крон атрофида, яъни бир еврога ҳам бормайди. Баъзи жойларда қимматроқ бўлиши мумкин, лекин нари борса, бир еврога бориши мумкин. Бундан ташқари метадоннинг ўзи муаммони ҳал қилмасада, наркоманнинг ўзига ва унинг яқинларига етказиши мумкин бўлган зиённи камайтиради, дейди чехиялик мутахассис.

МДҲ мамлакатлари ичида метадон терапияси Ўзбекистондан ташқари Россия ва Туркманистонда ҳам тақиқланган.
XS
SM
MD
LG