Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:24

Антелава: Депортация учун 50 доллар пора сўрашди


 Би-Би-Си мухбири Наталя Антелава.
Би-Би-Си мухбири Наталя Антелава.

29 феврал куни Би-Би-Си Жаҳон хизмати мухбири Наталя Антелава Ўзбекистондан депортация қилинди.

БИ-Би-Си жаҳон хизмати мухбири Наталя Антелаванинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Тошкентга шахсий сафар билан борган, бироқ уни Ўзбекистонга киритишмаган.

- 29 феврал куни эрталаб Тошкентга учиб бордим. Аэропортда чегара хизмати ходими паспортимни олиб, компютерга мен ҳақимдаги маълумотларни киритгач, ҳамкасби билан маслаҳатлашиб, паспортимни ичкарига олиб кириб кетишди. Шу билан мен паспортимни бошқа кўрмадим, дейди журналист.

Грузия фуқароси бўлган Антелава Тошкент аэропортида 20 соат давомида ушлаб турилгач, Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари аэропортга келиб, унинг ҳибсга олиниш сабаблари билан қизиққан.

- Элчихона ходимлари мени ушлаб туришгани сабабларини тушунтиришни сўрашди. Бироқ аэропорт ходимлари ҳеч қандай тушинтириш беришмади. Улар мени депортация қилишини айтиб, бу борада ҳеч қандай музокара бўлиши мумкин эмаслигини айтишди, дейди журналист

Антелаванинг айтишича, унинг қўлига депортация қилингани ҳақидаги ҳужжатни бериб, нима учун Ўзбекистонга киритилмагани сабабларини мутлақо изоҳлашмаган.

- Улар менга фақат депортация қилишларини айтишди. Эртага эрталаб самолёт бўлади, сизни депортация қиламиз дейишди. Лекин мен билан МХХ ёки чегара хизмати вакилларидан бирортаси билан гаплашмади. Фақат аэропот ходимларигина мен билан суҳбатлашди. Улардан бири менга "қора рўйхат" борлигини ва шу қора рўйхатда эканлигимни айтди, дейди журналист.

Антелавага кўра, аэропорт ходимлари ундан қайтиш билети учун 50 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилишган.

- Бу жуда кулгули вазият эди. Аэропорт ходимларидан бири келиб, "Сизни депортация қилиб, қайтараётган самолётда бўш ўрин қолмаган. Шунинг учун сизни депортация қила олмасликлари мумкин" деди. У менга "Бизнес класс" да 200 долларга жой борлигини айтди. "Сиз унга билет олсангиз "Бизнес класс"да депортация қилишлари мумкин" деди. "Агар билетни олмасамчи" дея сўрадим. У яқинда бир покистонлик бир ой давомида депортация қилинмасдан қолиб кетганини мисол қилиб келтирди. Лекин қизиғи у менга 50 доллар эвазига самолётда бўш жой топиб бериши мумкинлигини айтди. Мен "Нима бу масхарабозлик, энди депортация қилишлари учун пора ҳам беришим керакми" дедим ва "Бизнес класс"га 200 доллар тўлаб, билет олдим, дейди кулиб журналист.

Наталя Антелава Би-Би-Си Жаҳон хизматининг Марказий Осиё бўйича мухбири сифатида фаолият юритади.

У 2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларини Тошкентдан туриб ёритган журналистлардан бири.

Анталева ўзининг Ўзбекистонга киритилмаганини касбий фаолияти билан боғлайди.

- Бу менинг касбий фаолитим билан боғлиқ бўлса керак. Бошқа сабабни кўрмаяпман. Мен 2005, 2007, 2008 йилда Ўзбекистонга келиб бир қанча мақолалар тайёрлаганман. Лекин ҳеч қачон қонунни бузмаганман. Ҳар доим қонун доирасида фаолият кўрсатганман, дейди журналист.
XS
SM
MD
LG