Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:38

Тошкент бозорларидан ҳижобнамо рўмоллар йўқолди


Чорсу бозоридаги миллий либослар расталаридан исломий либослар йўқолганига анча бўлади.
Чорсу бозоридаги миллий либослар расталаридан исломий либослар йўқолганига анча бўлади.

1 март куни Озодликка етиб келган маълумотга кўра¸ айни кунларда пойтахт бозорларида исломий либослар¸ хусусан ҳижоб ўрнини босадиган катта рўмол ва ëпинчиқлар ҳам очиқ савдодан ғойиб бўлган.

Пойтахтнинг Чорсу¸Қўйлиқ¸Отчопар ва Ўрикзор буюм бозорларида ҳижоб ўрнини босувчи катта рўмоллар¸ ҳижоб андазасидаги махсус кийимлар сотиш ҳам манъ қилинди¸ деб хабар берди Озодликка Тошкентдаги ўз манбалари.

- Ҳозир бозорларда рухсат беришмаяпти. Бозорда бир танишим савдо қилади. Шу ўша ҳижоб кийимларни сотаëтган бўлгани учун келиб дўконини босиб барча ҳижоб кўйлакларни, рўмолларни олиб чиқиб кетгани ҳақида менга хабар қилди. Бу магазин Чорсуда. Шунга жуда ҳам қарши чиқишаяпти. Дўконларда очиқ сотилмайди¸ дейди ўзи ҳам ҳижобда юрадиган тошкентлик ҳожи она.

Бу хабарни Озодликнинг Чорсу бозорида савдо қиладиган бошқа бир манба ҳам тасдиқлади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир тутилаëтган бу савдогарга кўра¸ Тошкент бозорлари¸ хусусан миллий либослар савдоси учун марказий бозор ҳисобланган Чорсудан эркак ва аëлларнинг исломий либослари савдодан йўқолганига кўп бўлган.

Аммо бугунга келиб¸ муслималар бўйни ва кўкрагини тўсиб турадиган ҳижобнинг бир қисми бўлган махсус рўмолларга ҳам тақиқ қўйилган. "Бу маҳсулотлар билан савдо қилиш ўта хавфли бўлиб қолди"¸ дейди ўзи ҳам икки йилча аввал асосан исломий либослар савдоси билан шуғулланган савдогар.

- Сразу келадию солиқ. Биринчиси штраф қилади, штраф қилиб огоҳлантиради. Кейингисида дўконни мусодара қилади. Бир-иккитаси тўлагандан кейин штрафини ëнидагилар кўриб бошқа уриниш ҳам қилаëтгани йўқ. Бошқа нарса сотишаяпти. Харидорлар кўп сўрашади, “Нега йўқ” деб ҳам қўйишади. Энди “қаердан биламиз, билмаймиз” деймиз. У одамни яхши танимасак. Ҳамма ўзидан хавотирда¸ дейди Чорсу бозоридаги савдогар йигит.

Тошкентнинг Шайҳонтовур туманида жойлашган Чорсу буюм бозори маъмуриятининг телефон гўшагини кўтарган расмийси бутун Ўзбекистонда миллий либослар савдоси учун марказий жой деб танилган бу бозорда хотин-қизларнинг исломий либослари очиқ савдосига рухсат йўқлигини эътироф этди.

- Аëл ҳижоб кийимларими? Очиқчасига сотилаëтгани йўқ. Узун-узун кийимларимиз бор лекин. Ҳижоб сотиш мумкин эмаску. Рухсат бермаяпти ҳозир. Йўқ бизларда¸ деди Чорсу бозори маъмурияти вакили.

Ўзини таништирмаган бу суҳбатдош¸ бу кийимларнинг нега очиқ савдодан йўқолиб қолгани ҳақидаги саволни эшитиб¸ гўшакни илиб қўйди.

Озодлик мухбири исломий либослар¸ хусусан хотин-қизлар ҳижоби¸ бугунга келиб бу ҳижобнинг бир қисми бўлган махсус катта рўмолларнинг очиқ савдодан олиб ташланиши ҳақида Ўзбекистон президенти ëхуд Вазирлар Маҳкамаси¸ ëинки бирор тегишли идоранинг қандайдир низом ëки қарори борми¸ деган савол билан Шайҳонтоҳур туман Солиқ инспекцияси¸ бу идоранинг Чорсу бозоридаги вакили¸ қолаверса Тошкент шаҳар Солиқ бошқармасига мурожаат қилди.

Мухбир боғланган ўнга яқин солиқ идораси расмийлари исломий либослар савдосига рухсат йўқлигини эътироф этган ҳолда¸ бу тақиқнинг қандай ҳужжатга асосланишини изоҳлаб беришни истамадилар.

Шунингдек солиқ расмийлари бундай буюмлар савдоси билан шуғулланиш Ўзбекистон қонунчилигининг қайси ҳужжатлари асосида қандай жазоланиши ҳақидаги саволларга ҳам жавоб бермадилар.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра¸ Чорсу бозорига туташ Кўкалдош мадрасаси ичкарисида махсус дўкондагина айрим исломий либослар савдосига рухсат берилган. Аммо кўпчилик харидор бундан бехабар бўлгани боис¸ бу буюмларни асосан Чорсу бозоридан изламоқда. Айрим савдогарлар¸ таниш-билишлар орқали келаëтган ишончли одамлар билан бу буюмлар савдосини барибир давом эттиришмоқда¸ дейди тошкентлик ҳожи аëл.

- Ҳозирги кунда ҳам савдо қилади, лекин яширинча. Эшигини ëпиб қўйиб, атрофда ўзларининг мижозлари келишади. Ўзларининг мижозларини кўриб, таниб, магазинчи қизлар ташқарига чиқишиб, керакли, сиз сўраган кийим-кечаклар бор ëки йўқлигини айтишади. Кўрмоқчиман¸ десангиз, олиб кириб кетишади ëки бўлмаса орқаравотдан олиб чиқиб беришади. Шунақа ҳолатда савдо қилишаяпти¸ дейди ўзи ва оиласидаги аëллар ҳижобда қолаëтгани боис исломий либосларга эҳтиëжи бор бу аëл.

Ўзбекистон Республика Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 184-моддаси 1-қисмига асосан жамоат жойларида ибодат либосларида юриш энг кам иш ҳақи миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима ëки 15 суткалик қамоқ билан жазоланади.
XS
SM
MD
LG