Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Ўзбекистонда электр қарздорлигини тугатиш бошланди


Январдан бошлаб ўрнатилаётган янги автомат ҳисоблагичларни ўрнатадиган хонадон шу вақтгача бўлган қарздорлигидан тўлиқ қутулган бўлиши ҳам шарт.
Январдан бошлаб ўрнатилаётган янги автомат ҳисоблагичларни ўрнатадиган хонадон шу вақтгача бўлган қарздорлигидан тўлиқ қутулган бўлиши ҳам шарт.

Бу мақсадда ўрнатилаётган янги автомат электр ҳисоблагичлар қарзга кира бошлаган хонадонни автоматик тарзда токдан узиб қўйиши айтилмоқда.

Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳозир муомалада бўлган электр ҳисоблагичларни юқори аниқликда ишловчи янги моделга алмаштириш бошланди.

Республика “Электр тармоқлари” корхонасининг бу уч вилоятдаги мутасаддиларидан олинган маълумотга кўра, янги ҳисоблагичлар электр токи учун олдиндан ундирилган ҳақ тугаши билан токни узиб қўяди.

Мамлакат раҳбарияти шу йўл билан электр токидан қарздорликни тамомила тугатишни ният қилмоқда.

- Бу худди сотка телефонга ўхшаган гап. Пулингиз тугаши билан телефон ўчади, тўғрими? Бу счётчик ҳам пулингиз тугаши билан токни узади. Тўлаган пулингизга яраша свет ёқасиз. Бунинг ҳаммаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан бўляпти,- деди Электр тармоқлари корхонасининг ҳудудий бўлимларидан бирида ишловчи ўзини таништирмаган ходим.

Расмий маълумотларга кўра, 2014 йилга қадар ҳар уч вилоятдаги хонадонларни янги автомат электр ҳисоблагичга ўтказишни якунлаш режалаштирилган ва энг муҳими, ҳисоблагичлар давлат ҳисобидан ўрнатилмоқда.

- Счётчикка пул олинмайди, давлат ҳисобидан қўйилади. Агар ҳозир уйингиздагиси куйиб қолган бўлса, унда ёнингиздан тўлайсиз,- дейди корхона мутасаддиси.

Демак, хонадондаги ҳозирги ҳисоблагич носоз бўлса, хонадонлар ўз ҳисобидан янгисини ўрнатиши лозим ва янги автомат ҳисоблагичнинг нархи 150 минг сўм атрофида экани айтилмоқда.

Мутасадди ташкилотлар ходимлари янги электр ўлчагичларнинг "кароматлари" ҳақида ҳозирча батафсил маълумот бера олгани йўқ.

Бу янги матоҳ Ўзбекистон ва хорижий компаниялардан бири ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётгани ва унинг бор сиру синоатини уни ўрнатаётган усталаргина билиши ҳам айтилди.

- Буни досконално билмоқчи бўлсангиз, ўзининг спецлари билан гаплашишингиз керакда. Уни ўзини кўрсангиз ҳам барибир тушунишингиз қийин. Бунинг устига унинг ҳар хили бор ҳозир,- деди Электр тармоқлари корхонасининг ўзини таништирмаган яна бир ходими.

Аммо, корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, кичкина дўкон, устахона ва ҳоказо биноларига эга бўлган хусусий тадбиркорлар ҳам янги ҳисоблагичларни ўрнатиши, бироқ ўз ҳисобидан ўрнатиши лозим.

Яқинда туман Электр тармоқлари корхонаси қистови билан ўз ишхонасига автомат электр ҳичсоблагич ўрнатган жиззахлик Мамуржон Азимов уни 260 минг сўмга харид қилганини айтди.

- Мажбур қилишдида, мен бориб 260 минг сўмга олиб келиб ўрнатдим яқинда. Шу "Электросет" идорасининг ёнида кичкина магазин очиб қўйишибди. Ўша ерда ҳар хилидан сотилаяпти, - дейди Мамиржон Азимов.

Аммо, Мамиржон Азимовнинг уйига янги ҳисоблагич ҳали етиб келгани йўқ. У туман мутасаддилари билан қурган суҳбатларига асосланиб, ўзи истиқомат қиладиган Жиззах туманига жами 400 дона янги ҳисоблагич ажратилгани ва уни ўрнатиш жараёни ҳам жуда секин кетаётганини айтди.

- Ҳақиқатда 400 та ажратилди, деяпти ва қўйишни энг катта қарздорликка ўтириб қолган маҳалладан бошладик, деяпти. Энг муҳими, янги счётчикни ўрнатишдан олдин олдинги қарзни тўлатишаяпти. Яъни, қарздорликни нолга тушириб, кейин янгисини қўйиб беришяпти, - дейди янги ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳали яна анча чўзилишини тахмин қилган Мамиржон Азимов.

“Ўзбекэнерго” компаниясига кўра, автомат ҳисоблаш тизими энергия йўқотишларини минимал даражага туширишга ёрдам беради. Тахминий ҳисоб-китоблар бўйича янги ҳисоблагичлар ёрдамида йилига 2,75 миллиард киловатт электрни тежаш кўзланган.

Шунингдек, мутасаддилар янги ҳисоблагичларга ўтиш билан электр ўғирланишини камайтириш илинжида.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 25 йиллик муддатга берган 150 миллион доллар миқдоридаги заёмдан фойдаланилмоқда.
XS
SM
MD
LG