Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:31

Ўзбекистондан чиқадиганлар устидан назорат яна кучайди


Авикассалар ҳозирча янги биометрик паспорт ҳақида сўрамаётган бўлсада, аммо паспортнинг прописка ҳақидаги тўртбурчак тамғаси ёнида ИИВнинг яна битта юмалоқ тамғаси бўлишини талаб қилмоқда.
Авикассалар ҳозирча янги биометрик паспорт ҳақида сўрамаётган бўлсада, аммо паспортнинг прописка ҳақидаги тўртбурчак тамғаси ёнида ИИВнинг яна битта юмалоқ тамғаси бўлишини талаб қилмоқда.

Тошкентдаги авикассалар йўловчилар паспортида қидирувда бўлмагани акс этган махсус тамға бўлишини талаб қилмоқда.


Тошкентдаги бир қатор авиакассалар билан суҳбатларимиздан маълум бўлишича, сўнгги икки ойдан бери авиачипта олмоқчи бўлган йўловчилардан паспортида қўшимча тамға бўлиши талаб қилинмоқда.

Бу тамға Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан урилмоқда.

- Паспортда пропискаси урилган бетда тўртбурчак печат туради. Ана шу прописка печатини ёнига яна битта думалоқ печат бўлмаса, билет сотмаяпмиз. Ўзингизни пропискангиз бўйича ОВИРга борасиз, ўшатда шунақа печат уриб беришади, - дейди Тошкентдаги хусусий авикассалардан бирининг ходими.

Чипта сотувчилари сўзларидан аён бўлишича, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг ички кўрсатмасига биноан бажарилаётган талабдан мақсад Ўзбекистондан чиқувчилар устидан назоратни кучайтиришдир.

- Шу энди қидирувда йўқ, деган печатда энди бу тушунишимча. Шунақа дейишяпти. Уни олиш учун кутиб ўтирмайсиз. ОВИРга борасиз, навбатсиз шундоқ паспортингизни берасиз, бир секундда компютерга солади, уриб беришади, тамом, - дейди Тошкент шаҳридаги хусусий авиакасса ходими.

Яна бир неча чипта сотувчи хусусий ширкатларнинг ходимларидан олинган маълумотга кўра, бундай юмалоқ тамға нафақат "Ўзбекистон ҳаво йўллари", балки Ўзбекистон фуқароларини ташувчи барча хориж компанияларига нисбатан қўйилмоқда.

- Шу Тошкентдаги аэропортдан чиқаётганингизда текширишади-да, агар у ердан муаммо чиқса, йўловчига ҳам муаммо, бизга ҳам. Шунинг учун, биз ҳам қаттиқ текширяпмиз, шу печат бўлмаса билет сотмаяпмиз ҳозир. Олдин ҳам бор эди шунақа тартиб, лекин қаттиқ суриштиришмасди, - дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда яна бир хусусий авиакасса раҳбари.

Ўзбекистондан хорижга отланаётган фуқаролар устидан бу қўшимча хавфсизлик чораси нега қўлланаётгани ва нега айнан сўнгги икки ойдан буён қўлланаётгани сабаблари ҳақида ҳозирча расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати мутасаддиларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, чипта савдосида йўловчиларнинг паспорти устидан назорат ҳамиша қаттиқ бўлган ва чиптахоналар бунга қатъий равишда амал қилган.

Аммо, куни кеча ЎзА агентлиги ширкатнинг бош идорасида айнан чипта сотувидаги совуққонлик ҳамда қонунбузарликлар ҳақида махсус йиғин бўлгани, унда мавжуд қонунбузарликлар устидан 85 та жиноий иш қўзғатилгани тилга олингани хабар қилинди.

Расмий хабарга кўра, шу кунларда авиачипталар сотуви чоғида йўловчилар паспортининг авикассалар томонидан текширилиши чоғида кўпроқ чиқиш визалари муддати ва фуқароларнинг мамлакатдан чиқишига оид паспортга қўйиладиган тамғалар устидан назоратда эътиборсизликка ёки қонунбузарликка йўл қўйилган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати кассасидаги ходимлардан бирининг айтишича, бунақа назорат ҳар доим бўлган ва ҳозирги текширувлар йил бошидаги одатий жараёндир.

- Биз паспортга ҳар доим қаттиқ қараймиз. Эртага бизнинг билет билан чегарага борсангизда, у ердан паспорт муддати тугаган, чиқиш визаси тугаган, деган гап билан ушлансангиз бизга ёмон бўладику, текширамизда конечно, - дейди Тошкент шаҳридаги авикасса ходими.

Шунингдек, хусусий кассалардан яна бирининг ходими сўзларига кўра, ҳозир сотилаётган чипталарнинг нархи ҳам назорат қилинмоқда.

- Мисол учун, ҳозир аэропортда билетни қанчага олганиз, дебам сўраляптида. Агар 700 минг сўмлик билетни 710 ёки 720 минг сўмга сотган бўлсак, бизми ёки бошқа кассами, шуям аниқланса, касса эртаси кундан ёпиляпти, - дейди Тошкентдаги хусусий авиакасса ходимларидан бири.

Авиакассалар ходимлари билан суҳбатлардан аён бўлишича, Ўзбекистон ичкарисида вилоятлараро парвоз қилаётган йўловчиларнинг паспортларида ҳам ИИВнинг юмалоқ тамғаси бўлиши шарт.

Бошқача айтилса, Ўзбекистон заминидан туриб ҳавога кўтарилишни истаган ҳар қандай фуқаро ИИВинг қўшимча чиғириғидан ўтган ва шу билан вазирликнинг махсус рухсатини олган бўлиши шарт қилинмоқда.

Аммо, чипта сотувчилардан бири тез орада бунақа тартиб транспортнинг бошқа турларида мамлакат ичида ҳаракатланаётган фуқароларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкинлигига ишорат қилди.

- Ҳозир водийни перевалидан ўтаётганлар учун ҳам шунақа печат бўлиши шарт аслида. Просто, ҳозирча у ерларда эътибор қилинмаяптида, - дейди Тошкентдаги авикассалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.
XS
SM
MD
LG