Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:24

Интернет "кўзгу" сайтлар орқали таъқиб этилмоқда


Президент Ислом Каримов "Интерентни тўсиш аҳмоқлик" эканини уқтиришига қарамасдан, Ўзбекистонда бундай аҳмоқликка қўл ураётганлар топилади, дейди мутахассислар.
Президент Ислом Каримов "Интерентни тўсиш аҳмоқлик" эканини уқтиришига қарамасдан, Ўзбекистонда бундай аҳмоқликка қўл ураётганлар топилади, дейди мутахассислар.

Ўзбекистонда ҳукумат Интернетни таъқиб қилишда кўзгу сайтларидан фойдаланмоқда. Ўзбекистон махфий xизматлари Интернет тармоғида ҳукумат xуш кўрмайдиган сайтларга кирувчиларни овлаш учун ёш ўзбек компютер мутахассисларини ёлламоқда.

Бу мақсадда улар шу сайтларнинг UZ доменидаги нусхаларини яратишга жалб этилган. Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил ўзбекистонлик икки ёш компютерчи маълум қилди.

Уларга кўра, ҳукумат хориждаги доменларда қайд этилган бу сайтларга кирувчиларни кузата олмайди.

Аммо UZ доменида очилган нусхаларига кирганларни таъқиб этиш имконига эга бўлади.

Ҳозирча UZ доменида Озодлик, Ferghana.ru, Uznews.net каби Интернет нашрларнинг шундай "кўзгу" сайтлари пайдо бўлган.

Озодлик таҳририяти махфий xизматлар томонидан очилгани иддао қилинаётган бу сайтлар манзилларини хавфсизлик нуқтаи назардан келтира олмайди.

Озодлик вэб администратори Ўзбекистонда тўсиб қўйилган www.ozodlik.org сайтига прокси серверлар ва, хусусан Озодлик тадқим этган Сайфон линклари орқали киришни тавсия қилади.

Озодлик билан алоқада бўлган Аноним–X лақабли ўзбекистонлик “хаккер” махфий xизматлар ўзини бу ишларга жалб қилишга урингани, аммо у бунга кўнмаганини айтди.

Аноним–X нинг айтишича, ҳозирда махфий ҳизматлар қўллаётган усул Интернет дунёсида анчадан бери маълум.

- Хаккерликда бу фишинг, яъни балиқ овлаш деб аталади. Дейлик, Озодлик сайти нусхаси олиниб, кирувчиларни назорат қилиш осон бўлган доменга қўйилади. Масалан, Озодлик сайтининг нусхаси ҳозир UZ доменида турибди. Энди кимки UZ доменидаги шу сайтга кирадиган бўлса лаққа тушади, яъни log файлига IP ёзилади, шу IPни провайдердан текшириб Интернет фойдаланувчиси логинини топса бўлади,- дейди ўзбекистонлик “хаккер”.

Ўзбекистонлик бошқа бир ёш компютер мутахассиси Аноним–X айтганларини тасдиқлади ва махфий xизматлар бу ишга бир қатор ёшларни жалб қилиб улгурганини айтди.

Озодликнинг кўзгу саҳифасини қайд этган Оrca.uz домени вакили ўзлари яратган платформа махфий xизматлар назоратидан йироқ эканини айтди.

- Биз ҳар бир одам ўз сайтини яратиши учун шу платформани яратганмиз. Барча xизматлар бепул. Хоҳлаган одам доменимизда рўйхатдан ўтиб, сайт юргизиши мумкин, лекин мақсад бу ерда кимнидир назорат қилиш, таъқиб қилиш эмас. Шубҳали, Ўзбекистон қонунчилигига тўғри келмайдиган аҳлоқсиз сайтлар бўлса олиб ташланади- дейди Оrca.uz домени вакили.

Озодликнинг "кўзгу" сайти кирувчиларидан ўз шахсий маълумотларини ошкор этиб рўйхатдан ўтиш талаб қилинади. Аммо бу маълумотларнинг айнан кимга ва қаерга бориши Озодликка маълум эмас.

Озодликнинг "кўзгу" сайтида боғланиш учун маълумотлар қаторида радиога мутлақо алоқаси бўлмаган ёлғон контактлар келтирилган.


Интернетни цензура қилишнинг такомиллашган усули



Ўзбекистонда ҳукумат Интернетни таъқиб қилишда "кўзгу" сайтлардан кенг фойдаланиши аввалдан маълум.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Интернет дастури раҳбари Жулиан Пэин "кўзгу" сайтлар Интернетни цензура қилишнинг такомиллашган усулидир дейди. Унинг айтишича, Ўзбекистон каби мустабид режимлар бу каби усуллардан кўпдан бери фойдаланиб келган.

- Интернет маконида эркин ахборот оқимига тўсиқ ўрнатишнинг турли усуллари бор. Энг тарқалгани у ёки бу сайтни блок қилиш. Айни пайтда Интернетни цензура қилишнинг такомиллашган усуллари ҳам бор. Масалан, Ўзбекистонда ҳукумат "кўзгу" сайтларни очган. Бир қарашда мустақил бўлиб кўринадиган бу сайтларни аслида ҳукумат одамлари бошқаради,- дейди Чегара билмас мухирлар ташкилоти вакили Жулиан Пэйн.

Бир муддат аввал Интернетда Uznews.net мустақил нашрининг Uznews.com манзилида акс саҳифаси пайдо бўлган эди.

Uznews.net нашри бош мухаррири Галима Бухорбоева бундан мақсад Интернет фойдаланувчиларини чалғитиш, деб ҳисоблайди.

- Uznews.com сайтига кирсангиз, озиқ-овқат, атир-упаларнинг бемаъни рекламалармией, хуллас афтидан кимдир атайлаб шундай доменда сахифа очгандирки, мақсад сайтимизга кирмоқчи бўлган фойдаланувчиларни чалғитиш. Ҳеч бўлмаганда фойдаланувчилар шу ерга адашиб кириб қолишади, деган ҳаёлда очилган бўлса керак, чунки атир-упани Uznews га нима алоқаси бор,- дейди Галима Бухорбоева.

Ўзбекистон ҳақида ҳукумат позициясидан айро хабарларни берадиган мустақил сайтлар қамал қилинади. Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда бўлган барча партиялар, ҳаракатлар сайтлари ҳам тўсиб қўйилган.

Лекин, Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишларидан бирида Интернетни тўсиш аҳмоқлик эканини айтган.

"Кўзгу" сайтлар Интернет цензурасига қарши курашда ҳам қўл келмоқда

Айни пайтда, "кўзгу" сайтлар Интернет цензурасига қарши курашда ҳам қўл келмоқда.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакилига кўра, Интернет цензурасига қарши бу усул Россия ва Шри Ланкада иш бера бошлаган.

- "Кўзгу" сайт бирон сахифанинг айни нусхасидир. Масалан, ташкилотимиз сахифаси rsf.com блок қилинди ёки ҳужумга учради дейлик. Биз бошқа вэб сервер ва домен номи сотиб оламиз ва сайтимизни ҳар бир сахифасини нусхалаб янги серверга жойлаймиз. Масалан, Россияда Doshdu.ru сайти декабр ойидаги парламент сайлови пайти ҳужумга учради. Биз шу сайтни нусҳасини бошқа доменга жойладик. Ҳозир http://dosh.rsf.org манзилидаги бу "ойна" сахифа ҳар куни янгиланяпти,- дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили.

Uznews.net бош мухаррири Галима Бухорбоева эса бу усул Ўзбекистонда ҳам иш беришига шубҳа билдиради.

- Россияда масалан сайт блок қилиниши билан, дарҳол "ойна" сайт очишади. Буни қийинчилиги шундаки, вэб сервер ва доменларни ёки IP ни доим ўзгартириб туриш имконсизку. Масалан, биз "кўзгу" сайт очадиган бўлсак, бу ҳақда қандай қилиб хабар берамиз. Янги IP олганимиз билан унисини ҳам блок қилишади,- дейди Галима Бухорбоева.

Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони бугунга келиб 8 миллиондан ошган. Ўзбекистон беҳаё сайтларни тўсиш, конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган ахборотни тўхтатиш важи билан қатор халқаро оммавий ахборот воситалари веб-сайтларига тўсиқ қўйган ва "Интернет душманлари" рўйхатига киритилган мамлакат ҳисобланади.

Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланиш нархи мунтазам суратда арзонлаëтгани тобора кўпроқ аҳолига Интернетдан фойдаланиш имконини бермоқда.

"Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда ҳам оммавий ахборот воситалари устидан қатъият билан ўз кучли назоратини янада кучайтиришда давом этди ва бу назорат, айниқса ўзбекистонликларга нисбатан муқобил ахборот олиш имконини яратган Интернет устидан янада кучайди", дейлади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти йиллик ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG