Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:42

Швеция полицияси Ўзбекистонга берган 9 ўзбек ҳибсга олинди


Швеция полицияси душанба куни Ўзбекистонга жўнатган 9 ўзбек Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида қолмоқда.

Бу ҳақда Озодликка 13 феврал куни йўлланган ва ҳали расман тасдиғини топмаган хабарга кўра, Швециядан сиёсий бошпана қидирган ҳамда Миграция хизмати томонидан бу ҳақдаги сўровига рад жавобини олган 9 ўзбекистонлик ўтган душанба куни мамлакатдан депортация қилинган.

Ўзини Нодирбек, деб таништирган ва бу ҳақда Озодликка интервю берган манбага кўра, ёши 26-34 ёшлар атрофида бўлган ўзбекистонлик йигитларнинг 8 нафари Тошкент аэропортидаёқ ҳибсга олинган.

Яна бир нафари эса эртаси куни ўз уйидан Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб кетилган.

- Уларнинг ҳаммаси ҳозир қамоқда. Уйдагиларга жуда қўпол муомалада бўлинаяпти. Учраштиришмаяпти. Биздаги маълумотларга кўра, уларнинг ҳаммасига диний эътиқод билан боғлиқ айбловлар қўйишга ҳаракат бораяпти,- дейди Нодирбек Озодлик билан суҳбатда.

Нодирбек айни кезда Швецияда ва у ўз танишлари билан бирга жўнатилган йигитлар тақдири юзасидан расман маълумот беришини сўраб, Стокҳолм полициясига мурожаат қилган.

Полиция ўзбекистонлик 9 йигит депортация қилингани ҳақида маълумот берган. Аммо, бу экстрадицияга ўхшайди, дея тахмин қилмоқда Нодирбек.

- Буларнинг бошпана ҳақидаги сўрови кўриб чиқилган ва рад жавоб бўлгандан кейин депорт қилинган. Лекин биз ҳайрон қолаяпмизки, нимага унда уларни алоҳида самолёт билан Ўзбекистонга олиб бориб, МХХнинг қўлига топшириб келишяпти?! Улар Ўзбекистон МХХ қанақалигини билмайдими?! - дея савол билан юзланади Нодирбек.

У Ўзбекистонга бериб юборилган 9 ўзбекдан бири - 27 ёшли Элдор Маматов ҳақида бироз маълумотга эгалиги, бошқа йигитлар ҳақида эса четдан хабардор эканини ҳам қўшимча қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон МХХ қўлига топширилган йигитларнинг оила-аъзолари ва Швециядаги яқинлари бу ҳақда очиқ гапиришдан чўчимоқда.

- Уларга МХХ жуда қўпол муомала қилаяпти. Ҳаммаси бу болаларнинг тақдиридан қўрқиб гапиришга ботинолмаяпти,- дейди Нодирбек.

Озодлик айни масала юзасидан Швеция полициясига мурожаат қилди ва ҳозирча полициядан расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Маълумки, Шведция полицияси сўнгги икки йил ичида юздан ортиқ ўзбекистонликни бошпана ҳақидаги сўровини рад этиб, Ўзбекистонга депортация қилган.

Бироқ норасмий маълумотларга кўра, бу 9 ўзбекнинг қай вазиятда Ўзбекистонда ҳибсга олинганидан келиб чиқиб, улар депортация эмас, экстрадиция қилинган, яъни Ўзбекистон расмийлари сўровига кўра бериб юборилган.

Ҳозир таҳририят вазиятни тўлиқ ўрганишга уринишда давом этмоқда ва тафсилотлар маълум бўлгач, эълон қилади.

Қуйида эса ўзини Шведциядан Нодирбек, деб таништирган ўзбекистонлик билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:19 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG