Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:31

Жамшид Мухторов: Ҳуқуқ фаолининг “жиҳод йўли”


Жамшид Мухторовнинг "жиҳодчилик"дан аввалги сурати.
Жамшид Мухторовнинг "жиҳодчилик"дан аввалги сурати.

Айни кунларда ҳам АҚШ матбуоти¸ ҳам мустақил ва мухолиф ўзбек сайтларида бораëтган қизғин баҳслар боис Озодлик ҳам Жамшид Мухторовнинг эврилиш жараëнига назар ташлади.

Асли жиззахлик 35 яшар Жамшид Мухторов 21 январ куни АҚШнинг Чикаго шаҳри аэропортида Истанбулга учиш олдидан Федерал тергов бюроси ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

2007 йилда АҚШдан сиëсий бошпана олган бу қочқинга террор гуруҳларига моддий ëрдам берганлик ва улар сафига қўшилишга уринганлик айби қўйилмоқда.

Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида таъқибга учраган шахс сифатида БМТ нинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги воситасида АҚШдан сиëсий бошпана топган Жамшид Мухторов шу кунларда АҚШ матбуоти¸ қолаверса хориждаги ўзбекистонликлар орасида жиддий мубоҳаса уйғотди.

Аксарият кечаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Эзгулик фаоли бугун қандай қилиб Ал-Қоидага алоқадор Исломий жиҳод иттифоқининг оташин муридига айланди¸ деган саволга жавоб изламоқда.

Суднинг якуний ҳукмига қадар¸ Жамшид Мухторов айбсиз ҳисобланади ва шу боис унинг террорчи ëки терррорчи эмаслиги масаласида баҳс қилишга ўрин йўқ.

2 феврал куни Денвер судида ўтказилган илк маҳкама жараëнида Жамшид Мухторов Оллоҳ номи билан террорчиликка алоқаси йўқлигини билдирди.

7 февралга белгиланган навбатдаги маҳкамада Федерал тергов бюроси вакилларининг Мухторовга қарши расмий айбловни тақдим этиши кутилмоқда.

АҚШ¸ қолаверса Ғарбдан бошпана топаëтган ўзбекистонликлар сони йил сайин ошиб бораëтган айни кезларда Жамшид Мухторовнинг Америкадан туриб террорчи гуруҳларга моддий ëрдам кўрсатганликда айбланиши потенциал қочқинлар учун эшиклар ëпилишига асос бўлиши мумкин.

Ана шундай хавотирдаги жамоатчилик қизиқишини эътиборга олган ҳолда Озодлик Жамшид Мухторовни яхши билган ўзбекистонликлар билан суҳбатлар асосида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолининг “мужоҳид”га айланиш йўлидаги эврилишларни ўрганишга уринди.


Жамшид Мухторов – ҳуқуқ ҳимоячиси

1976 йилда Жиззахда туғилган Жамшид Мухторов¸ уни билганлардан бирининг Интернетда ëзишича¸ маълумоти бўйича ҳуқуқшунос. 2000 йилларда Жиззахдаги фаол ҳуқуқ ҳимоячилари сафига қўшилади. Бу сафга уни Ўзбекистонда расмий рўйхатга олинган ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи Эзгулик жамиятининг 2004 йилга қадар Жиззах вилоят бўлимини бошқарган Абай Бойбўлатов олиб келгани айтилади.

Эзгулик жамияти раиси Васила Иноятова гапиради:

- Жамшид Мухторов 2004-2005 йилларда Жиззах вилояти раҳбари сифатида фаолият юритди. Ўша пайтда Абай Бойбўлатовнинг ҳатти-ҳаракатлари уставдан ташқари бўлгани учун биз мажбур бўлдик Жиззах вилоятида конференция ўтказиб¸ Жамшид Мухторовнинг номзодини жуда кўпчилик кўтаргани учун раис вазифасига сайланди. Лекин жуда кўп ўтмасдан бу йигит ўзининг қанчалик ножиддийлигини кўрсатди ўзининг ишида, гап-сўзларида, қўлидан ҳеч қандай фаолият юритиш келмаслигини. Бунда принципиал инсон ҳуқуқларига бўладиган муносабатда ҳам жиддийлик йўқ эди. Ҳали кўрсангиз Толиб Ëқубовнинг ташкилотига бориб кириб оларди, ҳали кўрсангиз Абай Бойбўлатовнинг ëнида бўларди, ҳали кўрсангиз менинг ëнимга келарди. Шунинг учун бу йигитдан фаолиятини тўхтатишни ва унга берилган техник жиҳозларни қайтаришни талаб қилдик. Лекин техник жиҳозларни қайтармади. Бунинг устига ўша пайтда биз Жиззах вилояти бўйича 2004 йил учун тайëрланган йиллик ҳисоботни ҳам йўқолди¸ деб бизга бермади. Шундай қилиб бир йиллик ҳисоботимиздан ҳам айрилганмиз, техник жиҳозларимиздан ҳам айрилганмиз¸ дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг фахрий президенти¸ асли жиззахлик Толиб Ëқубов¸ Жамшид Мухторовни 2004 йилдан бошлаб таниши ва аввал бошданоқ уни Миллий хавфсизлик хизматининг фуқаровий жамиятни ичдан бузиш ва обрўсизлантириш мақсадида унинг ичига махсус ташланган жосуси деб ишонганини айтади.

- Менинг қўлимда ҳеч қанақа справка йўқ. Одатда ҳукуматга ишлаëтган одамлардан, сизларда ишлайдими ëки йўқми деб справка талаб қила олмаймиз. Одатда бундай одамларни ҳатти-ҳаракати, гапи, қилаëтган иши билдиради¸ дер экан Толиб Ëқубов Жамшид Мухторовнинг Жиззахдаги ўзи каби мухолифатчи ва ҳуқуқ фаолларининг ортидан қолмай юргани¸ вилоят расмийлари билан яқин алоқалари ўзи ва бошқаларда кучли шубҳа уйғотганини таъкидлайди.

​Жамшид Мухторов билан Жиззахда бирга фаолият юритган журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам Толиб Ëқубов айтган шубҳаларнинг мавжуд бўлганини тасдиқлайди:

- СНБга ишлайди деган жойда ҳозир бир жанжал эсимга тушиб кетди. Эзгуликнинг офисида ўтирганимизда қанақадир бир одам кириб келдида, олдин ариза берган эканми Эзгуликка, жанжал қилиб келди. Жанжал бўлиб кетди, биз ажратиб қолдик. “Сен шунақа экансан. Уларнинг одами экансан. Сенга учраб дардимни айтганимдан кейин менинг олдимга келиб мени олиб кетишди. Эрталабгача ўтириб чиқдим. Сен айтибсан” деган гапларни айтиб кетди. Ўшанда биз ҳайрон қолган эдик нимага у одамнинг айтганлари уларга (МХХ назарда тутилмоқда – таҳр.) маълум бўлади¸ деб. Лекин ўшанда ҳам Жамшид ўзини олиб қочган, дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Озодлик билан суҳбатда Толиб Ëқубов ҳам¸ Улуғбек Ҳайдаров ҳам Жамшид Мухторовнинг МХХ жосуси эканини исботлаш учун аниқ далиллар йўқлиги¸ зотан дунëдаги энг ëпиқ махфий хизматлардан ҳисобланган Ўзбекистон МХХ жосуслар тармоғига оид бундай далилни топишнинг имкони йўқлигини эътироф этдилар.


Жамшид Мухторов – қочқинликка йўл

2005 йил декабрида Эзгулик жамиятининг Жиззах бўлими раислигидан бўшатилган Жамшид Мухторов 2006 йил февралида Бишкекда пайдо бўлади. У Андижон воқеаларидан сўнг таъқибга тутилганини даъво қилган диндорлар¸ ҳуқуқ фаоллари ва мухбирлар сафига кириб¸ Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоли сифатида ўзига тазйиқ бўлаëтгани иддаоси билан Ғарбдан сиëсий бошпана сўрайди.

Айрим манбалар Мухторов Эзгулик раисаси Васила Иноятова берган мактуб асосида АҚШдан бошпана олган¸ деган маълумот тарқатди. Аммо Озодлик билан 2012 йилнинг 1 феврал кунги суҳбатда Васила Иноятова бу даъволарни қатъиян рад қилди.

- Жамшид Мухторовга нисбатан Ўзбекистонда ҳеч қанақа тазйиқ ва босимлар бўлмаган. Қандай кетиб қолганидан менинг хабарим йўқ, лекин Бишкекдан туриб менга хат ëздики, қочқин мақомини олишга ëрдам беринг деб. Лекин унинг жамиятга келтирган зараридан келиб чиқиб, унга нисбатан қўллаб-қувватловчи хатни беришни бекор қилганман. Бермаганман бу хатни. Жамшид Мухторовга ҳеч қандай қўллаб-қувватловчи хат бермаганман. У кейинчалик Елена Урлаевага, яна бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилган. Назаримда ўшалардан олган бўлиши керак¸ дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси раисаси Елева Урлаева 2012 йилнинг 2 феврал куни Озодлик билан суҳбатда Жамшид Мухторовга сиëсий бошпана олиш учун талаб қилинган тавсияномани ëзиб берганини тасдиқлади.

- Ҳа¸ мен Жамшидга шундай хат ëзиб берганман. Чунки мен унинг 2007 йилда бир неча марта калтакланганига¸ “Озод деҳқонлар” партияси идорасида таъқибдан қочиб¸ бекиниб ўтирганига ўзим гувоҳ бўлганман. Унга аëл кимийини кийгизиб¸ уйимда ҳам таъқибчилардан бекитиб ўтирганман. Уйимнинг атрофини ғалати одамлар ўраб олган эди ўшанда. Шуларни кўрганим учун сиëсий фаолияти учун таъқибга учраган шахс сифатида Жамшидга сиëсий қочқинлик берилишини сўраб¸ БМТ идорасига хат ëзганман¸ дейди Елена Урлаева.


Танганинг бошқа томони

“Жамшид Мухторовнинг синглиси 2005 йилда Жиззахдаги ўта мудҳиш қотилликларда айблангач¸ Жамшид Ўзбекистонда қола олмади ва махсус хизматлар эмас¸ балки яқинлари синглиси қўли билан ўлдирилганлар тазйиқидан қочиб¸ синглиси ишини ўз манфаатига ишлатиб¸ қочқинликка чиқиб кетди”¸ дейди Толиб Ëқубов.

- 2005 йилда Жиззахда бешта одам кетма кет ўлдирилди. Шулардан биттаси менинг поччамнинг катта акасининг ўғли эди. Ўзининг машинасида киракашлик қиладиган одамлар ўлдирилди. Ана шу иш бўйича милиция томонидан иккита одам ушланди. Биттаси Жамшид Мухторовнинг синглиси экан. Дилдора деган синглиси бор экан. Унинг юрадиган йигити бор экан. Шу иккови қилар экан. У қиз Жиззах туман Жиноят ишлари бўйича судининг котибаси экан. Чиройли, кўҳлик қиз бўлган. Киракашларни тўхтатаркан. Кейин йўлда йигитини олар экан. Узоқ жойларни айтар экан шу ëққа олиб бориб келасиз деб. Йўлда ўлдираркан.

Жуда тўполон бўлиб кетди шунда ўлдирилганларнинг яқинлари Жамшидларнинг уйига бостириб кириб уларни ўлдирмоқчи, урмоқчи бўлган нарсалар ҳам бўлди 2005 йилда. Ана шундан кейин Жамшид Ўзбекистондан чииқб кетди. Ўзича чиқиб кетган эмас. Синглиси туфайли булар жуда қаттиқ дакки еди. Синглиси 17 йилгами 19 йилгами қамалди¸ дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фахрий президенти Толиб Ëқубов.

Жамшид Мухторовни узоқ йиллардан бери яхши билган жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам айни шундай фикрда.

- Жамшид бундан фойдаланди. Синглисини ушлаб қамаб қўйишгандан кейин ўзининг фаолиятининг таъсири¸ деб баҳолади буни шунақа деб аризалар ëзиб¸ кетиб қолди¸ дейди ҳозирда Канадада яшаëтган Ҳайдаров.


Жамшид Мухторов – “Бишкекдаги қочқинлар пойлоқчиси”

Елена Урлаева 2007 йилда Жамшид Мухторовнинг Тошкентда қандайдир одамлардан қочиб юрганига гувоҳлик берди. Аммо Озодлик манбалари¸ қолаверса АҚШ Давлат департаменти ва Ҳюман Райт Уотч ташкилотининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид 2006 йилги ҳисоботида Жамшид Мухторовнинг 2006 йил февралида Ўзбекистондан қочиб кетгани ва Бишкекдаги БМТ идорасидан ўзининг таъқибда экани даъвоси билан қочқинлик мақоми сўрагани айтилади.

Бундай ҳолда назарий жиҳатдан Ўзбекистонга қайтиши мумкин бўлмаган қочқин Жамшид Мухторовнинг 2007 йилда ҳам бемалол Ўзбекистонга ўтиб-қайтиб юргани ойдинлашади.

Бу жумбоққа Ғофуржон Йўлдошев ойдинлик киритишга уринади.

Озодликнинг собиқ ҳамкори Ғофуржон Йўлдошев 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг ўзига нисбатан бошланган тазйиқдан қочиб¸ 2006 йилда Бишкекдаги БМТ идорасидан сиëсий қочқинлик мақоми сўраган журналистлардан бири. 2007 йил майида Канададан сиëсий бошпана олган Йўлдошев¸ Жамшид Мухторовнинг 2006-2007 йиллардаги Бишкекдаги ҳаëтидан яхши хабардор.

“Ҳеч қаерда ишламаса ҳам¸ Жамшид аввалига Ўш¸ сўнгра Бишкекда хусусий кафе очди. Қочқинликни кутиб у билан Бишкекда бирга яшаб юрган Эрк фаоли Исроилжон Холдоров бедарак йўқолиб¸ бир неча ойдан сўнг дараги Андижон қамоғидан чиққач¸ Жамшидга нисбатан шубҳалар кучайиб кетди. Кўпчилик қочқинлар¸ шу қаторда мен ҳам¸ ундан МХХнинг жосуси деб¸ ўзимизни олиб қочадиган бўлдик”¸ деб эслайди Ғофуржон Йўлдошев.

“Кўп ўтмай¸ унинг Ўзбекистон махфий хизматларига Бишкекда қочқинликда юрган мухолифат фаоллари ҳақида маълумот етказиб туриши ўз тасдиғини топди”¸ дейди Йўлдошев.

Жамшид Мухторов ëзишмаларининг 1-саҳифаси. Бу матн Ғофуржон Йўлдошев томонидан тақдим этилди.
Жамшид Мухторов ëзишмаларининг 1-саҳифаси. Бу матн Ғофуржон Йўлдошев томонидан тақдим этилди.
- Жамшид СНБга хизмат қилади, деган гапни жуда кўпчилик гапирган. Ўша манбалардан биттаси, афсуски мен уни айта олмайман, менга компютердан бир қоғозларни чиқариб олиб келиб берган. Компютерда ëзган хатлари бор экан. Мана ҳозир ўша хатлардан уч-тўрттаси қўлимда бор. Бу ўша пайтда Бишкекда чиқарилган. Жамшид Мухторовдан Турсуной Азизовага ëзилган хат.

Мен бу хатни келтирган одамга “Бу ерда ғалати гаплар бор экан” десам, “Жуда ҳам тўғри. Мана Нуриддин дегани СНБда ишлайдиган акаси. Эътибор беринг” деб кейинги хатни кўрсатди. “Бу хатда ëзилган Нуриддин акани танийман. Уларнинг топшириғини бажарганимга анча бўлди. Менга чиқимаяпти. Ваъда беришувди аслида” дейилади¸ дейди Ғафуржон Йўлдошев.

Журналистга кўра¸ Жамшид Мухторовнинг бу ëзишмалари мазмуни БМТ Қочқинлар идораси масъулларига ҳам еткизилган¸ аммо улар бировнинг шахсий компютеридан расмий рухсатсиз олинган бундай ëзишмаларни далил сифатида ишлата олмасликларини билдириб¸ уларни қабул қилмаган.

Ғофуржон Йўлдошев бу ëзишмалар нусхасини Озодликка йўллади ва улар мазкур лавҳага илова қилинмоқда.


Жамшид Мухторов Рафиқ қори Камолов олдида

“Жамшид Мухторов номи билан боғлиқ яна бир мудҳиш воқеа¸ 2006 йилнинг 7 августида Ўшда отиб кетилган таниқли ўзбек имоми Рафиқ қори Камолов билан боғлиқ”¸ деб давом этади Ғофур Йўлдошев.


Жамшид Мухторов ëзишмаларининг 2-саҳифаси. Озодликка Ғофуржон Йўлдошев томонидан тақдим этилди.
Жамшид Мухторов ëзишмаларининг 2-саҳифаси. Озодликка Ғофуржон Йўлдошев томонидан тақдим этилди.
- У одам ҳозир тирик. Ўша манба менга айтган эдики, 2006 йил ëзида учта ўзбекистонлик қочқин (улардан биттаси Жамшид Мухторов – таҳр) Ўшга¸ Рафиқ қориникига боришган экан. Ўша ерда бирга чой ичиб ўтирган пайтда Рафиқ қори гап орасида “Менинг олдимга қандайдир йигитлар келди. Мен уларни танимайман, лекин Тоҳир Йўлдошнинг одамимиз деяпти. Ўзбекистонга қурол олса бўладими, деб мендан сўраган эди. Мен танимайман уларни” деган гапларни айтган. “Ўшанда мен Жамшиддан шубҳаланардим. Шундай қарасам, Жамшид бир бошқача бўлди. “Уҳ, чатоқ айтдида шу гапни”¸ деган гап ўтди ичимдан. Қарангки ҳеч қанча ўтмай Рафиқ қори отиб юборилди. Рафиқ қори ўлди. Машинасида отганми, бошқа ердами бу номаълум. Мен буни шахсан Жамшиддан кўраман” деб бир одам бу гапни айтган эди¸ дейди Ғофур Йўлдошев.


Жамшид Мухторов – Америкада сиëсий қочқин

2007 йилнинг биринчи ярмида Жамшид Мухторов АҚШдан сиëсий бошпана олиб¸ оиласи билан Колорадо штати маркази Денвер яқинидаги Аврора шаҳарчасида ўринлашади. Кўп ўтмай узоқ масофага қатнайдиган юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишга ëлланади.

Жамшид Мухторовни Жиззахданоқ яхши билган журналист Улуғбек Ҳайдаров Жамшиднинг Америкадаги ҳаëтининг айрим жиҳатларидан хабардор.

- Бу бола Америкага келганда анча ишсиз юрди шекилли. Қанақадир бир одамларнинг таъсирига тушди бу. Менимча, бу ерда катта пул ҳам бўлган. Агар молияси тортиш бўлмаганда у бола ўтмаган бўлармиди уларга. Ўзбекистонликлар эмас, араблар деб айтарди. Шайхимиз, деб гапирарди¸ дейди Жамшид билан у қамоққа олингунга қадар Skype орқали тез-тез хабарлашиб турган Улуғбек Ҳайдаров.


Жамшид Мухторов – мужоҳид?

АҚШда ўринлашгач¸ Жамшид Мухторов Skype орқали¸ аксар ўзбекистонлик қочқинларнинг гувоҳлик беришича¸ улар билан фаол мулоқот бошлайди. Уларни ҳам ўзига йўриқнома қилиб олган радикал гуруҳлар таълимотига тарғиб қилишга киришади.

2007 йилдан бери Францияда сиëсий қочқинликда яшаëтган Толиб Ëқубов гапиради.

- Мен 2006 йилда келганман. 2007 йилда бўлса керак у менга чат ëза бошлади Skype орқали. Ўша пайтда “Демократия ва ислом ўртасидаги муносабат” темаси бўйича сайтларда мунозара кетаëтган эди. Мен ҳар замонда бир-иккита мақолалар ëзиб қўйган эдим. Ундан келаëтган чатларда “демократия куфр, исломий мана бу йўл тўғри йўл” деган чатлар кела бошлади. Икки-уч марта чат ëзгандан кейин тушундим унинг ким эканлигини. Кейин мен “менга бундан кейин чат ëзмайсан” дедим. Шу билан чат ëзмай кетди¸ дейди Ëқубов.

Унинг АҚШдаги фаолияти яна МХХ жосусининг ишларига ўхшай бошлади¸ деб давом этади ҳуқуқ фаоли.

- Америкада менинг дўстларим бор энди ўзбекларнинг ичида. Ўшалар билан гаплашган пайтимда “Танийсанми шунақа одамни” деб сўрашди. Ҳа, танийман, дедим. “У ҳозир жуда диндор бўлиб кетган. Соқол қўйиб, диний либос кийиб мана шунақа қилиб юради” деди. Ҳатто биттаси “Бизнинг турган шаҳардан бир-иккита ўзбекларни келиб олиб кетди Колорадо штатига. Нима бўлганини билмаймиз” деб шунақа нарсаларни айтди. Кейин мен тушундим, ҳа бу махсус Ўзбекистон СНБси томонидан бир вазифалар бажараëтган экан, деган хулосага келдим¸ дейди Толиб Ëқубов.

Жамшид Мухторов АҚШда қамоққа олинишидан аввал.
Жамшид Мухторов АҚШда қамоққа олинишидан аввал.
Эзгулик раисаси Васила Иноятова Жамшид Мухторовнинг АҚШда ашаддий диндорга айланиб кетгани ҳақидаги хабарлардан ҳайрон бўлмаганини айтар экан¸ уни бу йўлга диний эътиқод ëки ғоя эмас¸ балки қандайдир моддий манфаатлар бошлаб кирганига ишонишини айтади.

- Йўқ, мен ажабланмадим. Чунки ундан буни ҳам кутса бўларди. Бир думалаб унақа, бир думалаб бунақа, бир думалаб у одамнинг олдида, бир думалаб бу одамнинг олдида уни ëмонлаб, буни ëмонлаб юрган инсон. Бир айланиб Америкадай давлатда жойлашиб, жиҳодчига айланиб қолиши ҳеч ҳам ажаблантирмади, аксинча соқоллари ўсиб кетган расмини кўриб¸ рости¸ кулдим ҳам. Манфаат, пул ëки ўзи учун қулай томонларини билса, сув кечишдан ҳам тоймайдиган йигит деб биламан мен уни¸ дейди Васила Иноятова.


"Жамшид Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига байъат қилди"

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) махсус агенти Доналд Ҳейл томонидан Адлия вазирлигига Жамшид Мухторовга нисбатан жиноий иш очиш сўраб ëзилган ҳужжатда келтирилишича¸ Исломий жиҳод иттифоқининг Интернет саҳифаси маъмури Абу Муҳаммад тахаллусли шахс билан ëзишмалари ва телефон суҳбатларида Мухторов иттифоқ мужоҳиди сифатида қасамёд қилади ва ўзининг ҳар қандай вазифага, ҳатто ўлимга ҳам тайёрлигини айтади.

Ўзаро суҳбатларда “тўй”, “тўёна”, “тўйбоши”, тўйга тайёргарлик” каби кодлашган сўзларни ишлатган Мухторов Исломий жиҳод иттифоқининг Покистонда экани тахмин қилинадиган вакили билан ўзининг ҳам тўйга таклиф этилишини ва тўйбошига тўйга тайёргарлик қилишга ёрдам беришни хоҳлашини қайта-қайта таъкидлайди.

ФТБ агентининг ўз тажрибасига таяниб берган хулосасида “тўй” термини ортида террорчилик ҳужуми яширингани билдирилган.

Аммо ФТБ агенти келтирган ëзишмалар матнидан¸ Исломий жиҳод иттифоқи вакилининг Жамшид Мухторовга унча ишонмаëтгани¸ унга на “тўй”нинг қачон ва қаерда бўлажагини¸ ва на “тўйбоши” кимлигини айтишу¸ у билан бевосита алоқага чиқиш имконини беришга ошиқмаëтгани сезилади. Мухторов эса¸ аксинча¸ жон-жаҳди билан ўзининг жиҳод йўлида ҳамма нарсага тайëрлигини таъкидлашдан чарчамайди.

Исломий жиҳод иттифоқи веб администратори Абу Муҳаммаднинг огоҳлантиришларига қарамай¸ Жамшид Мухторов у билан телефон суҳбатлари ëзилаëтганини билиб туриб ҳам¸ уларга пул юбормоқчи эканини айтади¸ Жума Наманганий ҳақида очиқчасига гапиради.

Бундай очиқлик мен билан суҳбатларда ҳам бор эди ва мен бундан ҳайратга тушардим¸ дейди Улуғбек Ҳайдаров.

- Бир кун менга телефон қилиб чиқди ташвишли нимада. “Улуғбек ака, ëрдамингиз керак” деди. “Нима бўлди” десам, “Бир материал қилишимиз керак” деди. “Нима ҳақда” десам, “Бу ердаги мусулмонлар қўймаяпти” деди. “Қандай қўймаяпти” десам, “Таъқиб қилишаяпти бизни. Орқамиздан юришади. Беш-олтита болаларга оëғимизга халқа солиб қўйишди” (Халқа деганда террорчиликда гумонланувчилар баданига тақиб қўйиладиган chip назарда тутилмоқда. Бу халқа махсус хизматларга потенциал жиноятчининг ҳатти-ҳаракатларини сунъий йўлдош орқали кузатиш имконини беради –таҳр.) деди. “Қанақа халқа?” десам, расмини жўнатди. “Доҳиймиз борку, ўша ўлган куни” дейди. “Қайси доҳий” десам, “Доҳиймиз биттаку бизнинг” дейди. Булар Усама Бин Ладинни доҳий дейишар экан. “Ўлишига бир-икки кун қолганда чақириб оëғимизга халқа солиб қўйишди. Меникини ечишди, бошқаларники қолди” деди¸ дейди Жамшид Мухторов билан у Чикаго аэропортида қўлга олингунга қадар Skype орқали гаплашиб келган Улуғбек Ҳайдаров.


Жамшид Мухторов – кўнгилли “антивирус”

Исломий жиҳод иттифоқи вакили Абу Муҳаммад билан суҳбатлардан бирида гап “Саҳвий” ва “Толиб” исмли “жиҳод йўлидан чекинган” кишилар ҳақида боради. Улар гўё жамоани ич-ичидан емираётган вируслар сифатида таърифланади ва уларга нисбатан “антивирус” қўллаш (бартараф этиш) лозимлиги таъкидланади.

Мухторов “Саҳфий” ва “ Толиб” каби вирусларни супуриб ташлашга ҳозир эканини билдиради¸ аммо Абу Муҳаммад уни бу шаштидан қайтариб¸ аввалига уларни тўғри йўлга қайтаришга уринишни¸ бу натижа бермаса¸ Оллоҳ буюргани каби жиҳод қилишни тавсия беради.

“Мен “Толиб”ни яхшилаб сўкканимдан бери у жимиб қолди”¸ дейди бу ҳақдаги ëзишмалардан бирида Мухторов.

Францияда яшаëтган Толиб Ëқубов Мухторов “Толиб” деганда ўзини назарда тутганини айтади:

- Битта уриниш Skype орқали чат ëзди менга. “Сиз айтаëтган демократия куфр. Тўғри йўл исломий йўл” деб. Мен бошқа ҳеч қанақа мени тўғри йўлга соладиган одамлар чиққанини билмайман. Балки “Толиб” деган бошқа одамлар ҳам бор. Мен буни инкор қилмайман. Мен табиий менинг отим билан бир хил бўлгани учун ўйлаб қолдим¸ дейди Толиб Ëқубов.

Швецияда яшаëтган Муҳаммадсолиҳ Обутов эса¸ Саҳфий ўзининг шеърий тахаллуси эканини айтa туриб¸ Жамшид Мухторовнинг икки-уч йилча аввал ўзига Skype орқали чиқиб¸ “демократия бу куфр¸ бу йўлдан қайтинг; энг тўғри йўл бизнинг жиҳодий йўл” деган мазмунда тортишганини¸ орада тинчиб кетгач¸ у билан баҳснинг Жамшид Мухторов қамалиши арафасида қайта тикланганини қўшимча қилади:

- Ман икки ойча олдин бир мақола ëзгандим. “Таянч” (Обутов ташкилотининг Интернет саҳифаси - таҳр.) га қўйилган бу мақола ўзини ўзи ўлдириш ҳақида эди. У ерда ман ўзини ўзи портлатиш каби ҳаракатларнинг тўғри эмаслиги ҳақида фикрлар ëзганман¸ далиллар келтирганман. Ўша мақолага Абу Мўмин (Жамшид Мухторовнинг АҚШга бориб ўзига берган номларидан бири – таҳр) дан изоҳ келган. Бу бола билан икки йил олдин алоқада бўлганман¸ Skypeда гаплашиб турганман. Кейин алоқа узилган. Яқинда изоҳ ëзганда изоҳига Skype орқали жавоб ташлаб¸ у билан ëзишмалар қилдим озгина. У мени яна айблаб¸ “бу ерда одамлар Худо учун жонини бераяпти¸ сан Европага бориб олиб¸ у ерда ўтириб олиб нега бунақа гапларни ëзаяпсан”¸ деб эътироз билдирган. Шу ерда мен ҳам ўз фикрларимни ëздим¸ бу ëзувлар сақланиб турибди. Кейин у билан алоқа яна узилди¸ дейди Швецияда яшаëтган ўзбекистонлик имом.


Жамшид Мухторов – катта машинанинг кичик мурвати

Айни кунларда Ал-Қоида террор тармоғига алоқадор Исломий жиҳод иттифоқига моддий ëрдам берганлик ва унинг аъзоси сифатида террор ҳаракатларига ҳозирлик кўрганликда айбланиб Колорадо қамоғининг бир кишилик ҳужрасида сақланаëтган Жамшид Мухторов тақдирида ўргимчак тўри каби турли давлат¸ турли идора¸ турли гуруҳ ва шахслар манфаатлари кесишгани айтилмоқда.

Озодлик махсус дастури иштирокчилари Жамшид Мухторовнинг ҳуқуқ фаолидан “мужоҳид”га айланиш йўлидан турлича хулоса чиқарадилар :

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фахрий президенти Толиб Ëқубов:

- Мен Жамшид Мухторов Каримовнинг режимига қарши террористик группаларга бориб қўшилиб, Ўзбекистондаги режимга қарши курашгани кетаяпти, деганига икки дунëда ҳам ишонмайман. Ўзбекистон исломий ҳаракати бу Каримовнинг проекти. Тоҳир Йўлдош унинг одами. Исломий ҳаракат “биз тузумни ағдарамиз” деб эълон қилган бўлса ҳам уларнинг биттасининг ҳам оëғи Ўзбекистон территориясига босган эмас. Ўзбекистон исломий ҳаракатининг ичида ҳақиқий тузумга қарши курашаман деб борган, қўшилган одамлар бор. Уларнинг бир қисмини Тоҳир Йўлдош аниқлаб, қатл қилган. Ҳозир ҳам бор ичида. Улар энди ўлганнинг кунида ўшаларнинг ичида юрибди. Қўшилиб қолган чиқиб кета олмайди. Ана шуларни аниқлаш керак СНБ. Ана шунинг учун Жамшид Мухторовни ўша жойга юбориш мўлжалланган. Менинг бошқа ҳеч қанақа версиям йўқ.

Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова:

- Мен ўйлайман¸ бу сингари нопринципиал йигитлар СНБга жуда ҳам керакмас. СНБнинг шуларга қараб қолган жойи бўлмаса керак. Жамшид Мухторовдай ножиддий одам СНБнинг одами бўлса¸ ўлсин энди. Мен ўйламайман у СНБнинг проекти деб. СНБнинг куни унақа Жамшид Мухторовларга қолмагандир.

Мухолифатдаги имом Муҳаммадсолиҳ Обутов:

- Менинг фикримча¸ балки бу бола аввал ўғри бўлгандир¸ каззоб бўлгандир¸ МХХга ишлагандир¸ уни билмайман. Лекин Америкага бориб¸ радикал йўналишдаги Исломга кириб қолган. Шундан таъсирланиб¸ ўз позициясини шакллантирган охирги бир-икки йил ичида. Мен унинг Америкадан туриб МХХга жосуслик қилганига унча ишонмайман. У ëқда туриб СНБ уни бошқара олмаса керак. Ҳам яна бу жуда қийин вариант. СНБ уни Исломий жиҳод иттифоқи ичига киргизиб¸ у ердан маълумот олиб туриши жуда заиф версия¸ менимча. Аввало¸ СНБни жуда унақа қудратли деб ўйламайман. Иккинчидан¸ бу бола иттифоқ ичига кирганда ҳам¸ у ердан маълумот бериб тура оларди¸ деб ўйламайман. Бу версия¸ агар СНБ унинг ўз жосуси эканини тасдиқласа¸ ФБР (АҚШ Федерал тергов бюроси – таҳр.) уни қўйиб юбориши керак. Чунки бундай ҳолда СНБнинг мужоҳидлар ичига киритишга тайëрлаган одамини ФБР ушлаб олган бўлади. Жамшид мужоҳид эмас¸ СНБнинг жосуси бўлиб чиқса¸ унда ФБР уни оқлаб қўйиб юбориши керак.

Журналист Улуғбек Ҳайдаров:

- Бунчалик эмин-эркин ўзини очиқ айтиши жуда ҳам визиваюший, расмини кўрган бўлсангиз керак. Ҳатто уйидаги аëли, фарзандларининг номини ўзгартирганини фахр билан гапириб юрарди. Мен “Агар бу шундай ғояда юрса, нимага атрофга ўзини бунчалик очиқлайди?” деб ҳайрон қоладиган нуқталари жуда ҳам кўп бўлган.

Жамшид тимсолида мен ғояпарварлик, ғояга ишонишни кўрмас эдим, билмас эдим. Бу бола жуда ҳам светский, намоздан ташқарида юрадиган бола эдида. Қандай қилиб бир ҳатлаб ўтди. Демак, бу менинг ўзимнинг фикрим, қанақадир бир ўйиннинг бўлагига айланиб қолди у. Ўйинлиги аниқ. Мен бу ўйиннинг номини айта олмайман, баҳо бера олмайман. Хулоса қиладиган бўлсам, ўзбек махсус хизмати Америкадаги ҳамкасблари билан яқиндан ишлашаяпти шекилли кейинги икки йилнинг ичида.

Журналист ва ëзувчи Ғофуржон Йўлдошев:

- Ўзбекистон МХХ атайлабдан ўзбеклар шунақа террорист деб президент Обамага, бошқа мамлакатларнинг раҳбарларига ўзбекларни ëмон кўрсатиш учун олиб бораëтган жараëндан биттаси бу. Менимча, шунақа тадбир кетаяпти¸ шекилли. Бутун дунëга ўзбеклар террорист, ҳақиқатан ўзбеклар ëмон деганга ўхшаган нарсани олға сураяпти¸ менинг назаримда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси раҳбари Елена Урлаева:

- Мен Жамшиднинг на диндорлиги ва на қандайдир диний гуруҳларга алоқаси борлигини билмайман. Мен унинг мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоли эканини биламан, холос. Унинг Америкада қамоққа олиниши АҚШ махсус хизматларининг террорчиликка қарши олиб бораëтган кураш усулларининг кескинлашгани маҳсулидир. Бу ерда Ўзбекистон ва АҚШ махсус хизматлари бирга ишлаган бўлса керак.


Жамшид Мухторов иши – ким манфаат топди?

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик фаоллар бу саволга бир-бирини тўлдирувчи икки жавобни беришди.

Биринчиси¸ Конгресс ва Оқ уй маъмурияти босими остида ўз бюджетини қисқартишга мажбур бўлаëтган АҚШдаги террорчиликка қарши кураш идоралари.

Жамшид Мухторовнинг ҳибсга олиниши¸ АҚШ тупроғида ҳам Ал-Қоида террор тармоғига алоқадор гуруҳ учун ўзини фидо қилишга тайëр потенциал шахслар борлиги ва уларни қидириб топиш учун молиявий имконлар кесилмаслиги лозимлиги учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Аммо аксар кузатувчилар Жамшид Мухторовнинг унга сиëсий бошпана берган АҚШда потенциал террорчи сифатида ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳукумати учун ниҳоятда катта ютуқ эканини қайд этмоқдалар.

Агар Мухторовнинг¸ АҚШдаги эркинликни суистеъмол қилиб¸ террор гуруҳи сафига қўшилгани исботланса¸ бу Тошкент ҳукуматининг йиллардан бери Ўзбекистондаги исломий экстремистларнинг халқаро тинчлик ва барқарорлик учун жиддий таҳдид эканини ҳақида қилиб келаëтган баëнотини тасдиқлайди.

Боз устига¸ Жамшид Мухторов мисолида энди Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларидан кейин 200 дан ошиқ ўзбекистонликка Тошкент ҳукумати таъқибига учради¸ деган асосда сиëсий бошпана берган АҚШ ҳукуматига дакки бериш имконини қўлга киритди. Бундан сўнг АҚШ Ўзбекистоннинг бу қочқинларнинг радикал исломчи ëхуд террорчи ҳақидаги айбловларига қулоқ солишга¸ лозим бўлса¸ уларни Ўзбекистон ихтиëрига топширишга бурчли бўлади.

Мабодо Жамшид Мухторовнинг МХХ жосуси экани ҳақидаги даъволар ҳақиқат бўлса¸ бу ҳолда ҳам АҚШ хавфсизлик идоралари ўзбек ҳамкасбларининг ҳушëрлигига тан бериши ва уларнинг кураш усулларини олқишлаши¸ ўзбекистонлик “террорчилар”ни ушлашда улар билан ўзаро ҳамкорлики кучайтириши лозим бўлади.

Қисқаси¸ танга у ëғига тушса ҳам¸ бу ëғига тушса ҳам¸ ютуқ Ўзбекистонда!
XS
SM
MD
LG