Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Молия вазирлиги мактаб синфларини қисқартирмоқда


Ҳозир Ўзбекистон шаҳарларидаги умумий ўрта таълим мактабларининг ҳар синфида ўртача 34-37 нафардан ўқувчи таълим олаётгани айтилмоқда.
Ҳозир Ўзбекистон шаҳарларидаги умумий ўрта таълим мактабларининг ҳар синфида ўртача 34-37 нафардан ўқувчи таълим олаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлиги 2012-2013 ўқув йили олдидан 1-9 синф ўқувчилари сони 35 нафардан кам бўлмаслиги ҳақидаги буйруқни чиқарди.


Ўзбекистон Молия вазирининг ўринбосари 2011 йилнинг 26 августида имзо чеккан ички буйруқ матни шу кунларда Озодлик таҳририятига йўлланди ва унда айтилишча, Ўзбекистонда ўқувчилар сони камаймоқда.

Молия вазирлигининг август ойидаги ҳисоб-китобига кўра, 2011-2012 ўқув йилида республика бўйлаб ўқувчилар сони 108 минг 65 нафарга камайиши кутилган.

Шу боис вазирлик ушбу ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-9 синфидаги ўқувчилар сонини 35 нафар қилиб белгилаган.

Ўзбекистон Молия вазирлиги чиқарган буйруқдан Озодлик таҳририятига йўлланган нусха.
Ўзбекистон Молия вазирлиги чиқарган буйруқдан Озодлик таҳририятига йўлланган нусха.
Ўзбекистон Молия вазирилиги томонидан чиқарилган ва республика молия вазирлиги бошқармаларига йўлланган ушбу ҳужжатда яна айтилишича, 2010 йилда жами мактаблардаги синфларда ўқиётган ўқувчилар умумий сони 25,8 нафарни ташкил қилган.

Вазирлик келтирган ҳужжатда, айниқса, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида умумий ўрта таълим мактаблари синфлари талаб даражасида тўлдирилмагани айтилган.

Ҳужжат мазмунига кўра, синфлардаги ўқувчилар сонини 21-22 нафардан қилиб тақсимлаш натижасида бу вилоятлардаги мактаблар жамоалари давлат бюжетидан қўшимча маблағ сарф қилинишига сабаб бўлган.

Шу боис, Молия вазирлиги бу йилги ўқув йили давомида умумий ўрта таълим мактаблари синфларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган талаб — бир синфдаги ўқувчилар сонига белгиланган энг кўп 35 нафарлик кўрсаткичдан камайтирмаслик талабини қўйган.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳудудий бўлинмаларидан бири расмийсининг Озодликка айтишича, шу кунларда бу топшириқ жадал суръатларда бажарилмоқда.

- Бундайда опа, бир синфда 22-24 бола бўлса, биз шу синфларни бўлиб, бола сони 35 нафар бўлган жамланган синфларга айлантиряпмиз. Бизнинг вилоятда бу жараён бажариб бўлинди. Ҳозир мактабларда, асосан, иккитадан синф қолган, - дейди Молия вазирлиги расмийси.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир у ишлаётган вилоятдаги мактабларнинг 1 синфдан 9 синфига қадар бўлган босқичларида, асосан, "А" ва "Б" синфлари, озчилик мактабларда эса "В" синфлари қолган ҳамда бу синфларда ўқувчилар сони 35-40 нафаргача, чекка ҳудудларда эса 25-30 нафаргачадир.

Ўзбекистондаги таълим стандартлари асосида бир синфда 35 та ўқувчи ўтириши мумкин. Синфхоналари кенглиги ва ўқув парталари сони шунча ўқувчига мўлжалланган.

Молия вазирлиги расмийсига кўра, синфлар сони қисқаришига қараб ҳозир умумий ўрта таълим мактаблари учун давлат бюжетидан ажратилаётган маблағни ҳам қисқартириш ҳаракати бормоқда.

Молия вазирлиги буйруғи асосида республика халқ таълими бошқармалари ҳам мактабларда синфлар сони, шунга кўра, бюжетдан ойлик олиб ишлаётган ўқитувчилар сонини ҳам қисқартирмоқда.

- Мисол учун, бу йил бизнинг туманда 5 тадан тўққизинчи синф мактабни битирди. Қабул қилинган синфлар эса ўртача 3 тадан бўлди. Шунинг учун қайсидир мактабда ўқитувчилар қисқартирилди-да! Бюжетдан ортиқча маблағ ҳисобига ушлаб турмиймизку, - дейди, жумладан, Тошкент шаҳридаги Халқ таълими бўлимларидан бирининг иқтисодчиси.

Унинг сўзларига кўра, ҳақиқатда ҳам кейинги йилларда Ўзбекистонда туғилиш камайиб бормоқда ва умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар сони қисқаргани боис иш ўринлари ҳам қисқариб, ишсиз қолаётган ўқитувчилар сони ортмоқда.

Аммо, республиканинг турли вилоятларидаги мактабларда ишлаб турган ва шу кунга қадар Озодликка боғланган ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, синфларнинг жамлаштирилиши ўқув сифатининг тушишига олиб келмоқда.

- Синфхонасида бола сони 20-25тадан ошса, тамом, ўқувчининг диққатини жалб қилиш ўқитувчига оғир бўлаверади. Бола сони 20-25 тадан ошмаса яхши ўзи. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам концентрация қилиш осон бўлади. Ҳозир менинг синфимда масалан 31 та бола бор, - дейди самарқандлик ўқитувчи Хўжамберди ака Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, ҳозир мамлакат бўйлаб 9800 тага яқин мактаб бор. Жами ўқувчилар сони эса 4¸5 миллиондан ортиқроқ.

Шаҳар мактабларида ўртача 900 - 1200 нафарга яқин, қишлоқ мактабларида эса 500-600 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.
XS
SM
MD
LG