Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:37

Ўсимлик ëғи импортига акциз солиғи жорий қилинди


Ўзбекистонлик савдогарлар Россия ва Қозоғистондан келтирилаëтган ўсимлик ëғининг ҳар литрига 10 фоиздан акциз солиғи нархини қўшиб сотади.
Ўзбекистонлик савдогарлар Россия ва Қозоғистондан келтирилаëтган ўсимлик ëғининг ҳар литрига 10 фоиздан акциз солиғи нархини қўшиб сотади.

2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонга киритилаётган ўсимлик ёғининг ҳар литрига товар бож қийматининг 10 фоизи миқдорида акциз солиғи солинди.



Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов имзолаган қарор асосида бундан буён чегарадан кириб келаётган ҳар литр ўсимлик ёғи учун тақрибан 16 АҚШ центи миқдорида қўшимча солиқ тўланади.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати расмийси биринчи марта импорт ўсимлик ëғига акциз солиғи жорий қилиниши тафсилотларига оид Озодлик саволларини эшитиб ҳам ўтирмай гўшакни илиб қўйди.

Республика шарқий ҳудудидаги божхона постларидан бири ходими эса¸ ўз олдидаги янги рўйхатга кўра¸ четдан олиб келинадиган ўсимлик ëғига 10 фоизлик акциз солиғи солинганини тасдиқлади¸ холос.

-10 фоиздан акциз солиғи қўйилибди. Литрига 0¸16 фоиздан экан¸ дея қисқа жавоб берди божхона пости хизматчиси.

Бунга қадар Ўзбекистонга четдан олиб келинаëтган ўсимлик ёғига акциз солиғи йўқ ва импорт товар учун белгиланган товар бож қийматининг 5 фоизи миқдоридаги бож солиғи тўланар эди.

16 январ куни Фарғона¸ Бухоро ва Тошкент бозорлари ва савдо дўконларидаги четдан олиб келинган ўсимлик ëғи нархини ўрганиш жараëнида Озодлик мухбири нархнинг декабр ойи охиридагига нисбатан сезиларли равишда ошмагани ва айни кунда Россиядан келтирилган 5 литрлик ўсимлик ëғи 28 мингдан 32 минг сўмга қадар сотилаëтганини тасдиқлади.

Россия ва Қозоғистондан ўсимлик ëғи олиб келиш билан шуғулланувчи тадбиркорнинг ўз исми келтирилмаслиги шарти билан Озодликка тушунтиришича¸ ҳозирда Ўзбекистон бозорларида сотилаëтган импорт ëғлари акциз солиғи жорий қилингунга қадар олиб келингани боис¸ кўпчилик савдогарлар уни эски нархда сотишга қарор қилган.

- Кимдир оширди, кимдир мана шу ҳафтанинг охиригача оширамиз деяпти. Янги йилдан олдин келганлар ҳали оширмаган, лекин ҳозир нияти ошириш. Авваллари бир литри 5000 сўмга тушадиган бўлса, энди 5500 бўлади.

Январ ойида шундоғам савдо паст. Кўтариб юборишса савдо юрмай қолади. Шундоғам секин-секин поэтапно кўтаришаяпти. Кимлардир янги йилдан олдин олиб кирилган эски партияси бўлгани учун эски нархда сотаяпти. Лекин кўпчилик шу фикрга келдики, кўтармасликнинг иложи йўқ¸ дейди Қозоғистон ва Россиядан ўсимлик ëғи олиб келиш билан шуғулланувчи тадбиркор йигит.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган бу тадбиркорга кўра¸ Ўзбекистонда очиқ савдода бўлган ўсимлик ëғининг 90 фоизига қадар четдан олиб келинган маҳсулот ташкил қилади. Импорт ëғига акциз солиғи жорий этилиши охир-оқибат савдогардан кўра ҳам истеъмолчига қимматга тушади¸ дейди бу тадбиркор.

- Акциз жорий қилингани билан импорт ëғини сотиб олиш камаймайди. Ўша кетишда кетадию истеъмолчига нагрузка бўлади. Камайиши учун ўзимизда чиқадиган ëғ кўпайиши керак. Бу ëқдан кислородни бўғган билан ҳеч ким нафас олмай қўймайди дегани эмас. Барибир одам яшаши керак. Ëғ мана шу энг муҳим стратегик маҳсулотлардан¸ ҳар қандай дўконда энг кўп сотиладиган ўнталикка кирадиган маҳсулот ҳисобланади.

Бизда пахта ëғи бор биласиз талонга сотилади. Ҳаммаси маҳалла орқали талон ëзилиб, бемалол, очиқ-ойдин савдо йўқ. 80-90 фоиз импорт ëғи десам адашмаган бўламан. Мен ўзимизнинг маҳаллий ўсимлик ëғини билмайман. Ҳаммаси Россия, Қозоғистондан келаëтган ëғлар. Пахта ëғи маҳалла орқали сотилади. Ҳеч қайси дўконда очиқ савдода йўқ. Масалан¸ кўчадан келган харидорга сота олмайсиз. Маҳалла орқали берган рўйхатга қараб, паспортни кўрсатгандан кейин берилади. Бермаса, жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи ҳам бор. Пахта давлати бўлган давлатда пахта ëғи дефицит. Бу эртакдай нарса. Ҳеч ким ишонмаса керак¸ дейди Ўзбекистонга Россия ва Қозоғистондан ўсимлик ëғи олиб кириш билан шуғулланувчи тадбиркор ўз исми айтилмаслиги шарти билан.

“Акциз солиғи билвосита солиқлар тизимига оид бўлиб¸ у тўғридан-тўғри давлат бюджетининг даромадлар қисмига тушади. Ўзбекистонда биринчи бор мамлакатга четдан олиб кирилаëтган ўсимлик ëғи ҳам акциз солиғига тортилган экан¸ буни уч сабаб билан изоҳлаш мумкин”¸ дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Саодат Нишонова.

- Бу биринчидан¸ Ўзбекистондаги жиддий молиявий муаммо¸ яъни давлат бюджетидаги муаммо ифодаси.

Иккинчидан¸ бюджетга қўшимча даромад олиб келиш баробарида¸ ўсимлик ëғига акциз солиғи жорий қилиш савдо балансида ҳам жиддий муаммо борлигини кўрсатади. Афтидан Ўзбекистонга четдан жуда катта миқдорда ўсимлик ëғи импорт қилинмоқда ва бундай қарор билан ҳукумат экспорт-импорт ўртасидаги мувозанатни тартибга солмоқчи.

Учинчи сабабни эса¸ Ўзбекистон ичкарисида ëғ саноатини ким назорат қилаяпти¸ деган савол жавобидан қидириш керак. Ички ишлаб чиқаришни рағбатлантириш деган иддао билан изоҳланиши мумкин бу қарор¸ аслида ана шу шахслар ва улар мансуб гуруҳ манфаатига хизмат қилади¸ дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи.

Норасмий манбалар¸ Ўзбекистон ичкарисида фаолият юрғизаëтган аксар ëғ-мой комбинатларининг криминал авторитет саналадиган Салим Абдувалиев ва у мансуб иқтисодий кланга тегишли эканини тахмин қилади.

Ўзбекистон ҳукумати қарори билан 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб спиртли ичимликлар¸ тилла буюмлар ва тамаки маҳсулотларига солинадиган акциз солиғи миқдори ҳам оширилди.
XS
SM
MD
LG