Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:42

“Ипподром” савдогарларига янги "ўлпон" белгиланди


Янги йил арафасида Тошкентнинг халқ орасида “Ипподром” номини олган Чилонзор буюм бозорида савдо қиладиган тадбиркорларга янги "солиқ" солинди.


“Ипподром”даги савдогарлар милицияга ҳар ойда қўшимча тўлов тўлашлари лозимлигидан огоҳлантирилди.

Бундан буён бозорда савдо қиладиган ҳар бир савдогар ёки дўкондор “Қўриқчи” деб аталувчи бирлашма билан шартнома имзолаши ва ўша шартномада келтирилган банк ҳисоб рақамига ҳар ой 60 минг сўм (21 АҚШ доллари) ўтказиб туриши керак бўлади.

Бунинг эвазига “Қўриқчи” бирлашмаси гўё "ўз мижози" бўлган савдогар мол-буюмлари ўғирланмаслиги кафолатини зиммасига олади, дейди Мўмин исмли савдогар.

- Погонли одамлар бозорда шу шартнома нусҳасини тарқатишяпти. Буни имзолаганлар қандайдир “Қўриқчи” деб аталувчи бирлашма мижозига айланар ва ҳар ой ой 60 минг сўм тўлаб туриши керак эмиш,- дейди Ипподромда савдогарлик қиладиган 35 ёшли Мўмин.

Шахси сир қолишини истаган яна бир 40 ёшли тадбиркор аёл бундай "шартномаларга" кўникиб қолгани ва ортиқча эътироз қилиб ўтиришни фойдаси йўқлигини айтади.

- Менга ҳам олиб келишди шунақа шартномани, имзолавордим. Нима қиламан, улар билан ади-бади айтиб ўтириш бефойда, ўзи ойига арзимаган пул экан, қўл қўйиб беривордим,- дейди Чилонзор буюм бозорида тўртта савдо шаҳобчасига эга тошкентлик савдогар.

Лекин, аксар тадбиркорларни таажжублантираётган нарса, мажбуран ўтказилаётган "шартнома" шартларининг ноаниқлигидир.

Тадбирокрларга тарқатилган шартнома нусҳаларида ҳеч қанақа одамнинг имзоси ҳам йўқ, ҳеч қанақа муҳр ҳам босилмаган ва банк ҳисоблар ҳам шубҳали. Савдогарлар тўлаган пуллари қаерга кетишини ҳам билишмайди.

- Савдогарларни талашнинг янги усулини ўйлаб топишган шекилли,- дея хулоса қилади тошкентлик савдогар Мўмин.

Отчопардаги Чилонзор буюм бозорининг ўз исмини айтамаган масъулларидан бири “Қўриқчи” номи остидаги ширкат Чилонзор туман ички ишлар бўлимига қарашли экани, бу тадбир бозорда ўғрилик кўпайиб кетгани боис амалга оширлаётганини айтди.

- Ҳар бир дўкон билан шартнома тузилаётганини сабаби, бир нарса йўқолса, бирон ўғрилик бўлса ўшани булар бўйнига олади-да. ГУВДдан чиққан қарор бор. Шу қарор ҳар битта савдогар билан шартнома асосида ишлагин деяпти-да,- дейди бозори маъмурияти вакили.

Лекин, тадбиркорларга бу мажбурлаб тиқиштирилаётганини бозор расмийси рад этди.

- Энди буни қилмасак бозорда ўғрилик кўпайиб кетяпти-да. Иложи бўлса тузиш керак, савдогар шартнома тузса уйида бемалол ўхлайда-да,- дейди Чилонзор буюм бозори масъули.

Савдогарларнинг ўзлари эса "шартнома"ни қабул қилмаслик оқибатларидан огоҳлантирилди.

- Нимадир қилишади-да энди, ё жаримга тортишади ёки бўлмаса солиқчиларни бизга қарши қайрашади, оҳири мажбур қилишади. Ахир буни ортида милиция турибдику,- дейди Мўмин.

Ҳуқуқбон ва иқтисодий масалаларда таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги қарамоғидаги Ипподром буюм бозори бугун ҳукуматнинг "ўлпон" йиғиш жойига айланган.

- Ипподром тушумлари асосан Ички ишлар вазирлиги кассасига тушади. Бозорда мингдан зиёд шохобча бор, ҳеч ким ғиринг дея олмайди. Ғиринг дегани кетади. Тушумлар ҳақида Ички ишлар вазирлиги ҳисобот берганини мен эслай олмайман. Жуда ҳам қоронғу жой-да, коррупция жуда авж олган жой, - дейди Шосалимов.

Шу пайтгача савдогарлар ўз мол-буюмлари хавфсизлигига ўзлари масъул эди.

- Энди эса улар қандайдир шартномаларни ўйлаб топиб, ўзларимиз қўриқлайдиган мол-буюмларимиз хавфсизлиги учун пул тўлашга мажбурлашяпти, нима ҳам қилаолрадик, шартномани имзолашдан бошқа чорамиз йўқ,- дейди тошкентлик савдогар Мўмин.
XS
SM
MD
LG