Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:49

Косонсой Жоме масжиди имоми ҳибсга олинди


Имом диний-сиёсий мотивлардаги жиноятда гумон қилинаётгани айтилмоқда.


Наманган вилояти Косонсой тумани жоме масжидида 8 йилдан бери имомлик қилиб келаётган таниқли имом Шарифжон Болтабоев бундан тахминан бир ой аввал ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Намангандаги манбанинг айтишича, қўйилган айбловлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. Лекин ҳибсга олинганларга диний абйловлар қўйилаётгани тахмин қилинмоқда

- Бизнинг эшитишимизча, Тожикистондан бир катта қори домла меҳмонга келган экан ва биздаги илмли кишилар Шарифжон домла етакчилигида у кишини кутиб олиб, меҳмон қилиб, кузатган экан. У меҳмон кетган куни кечаси буларнинг ҳаммаси ҳибсга олинган,- дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган наманганлик.

Унинг айтишича, косонсойликлар 60 ёшлардаги шаҳар имоми ва у билан бирга ҳибсга олинган қарийб 40 кишининг диний-сиёсий мотивлардаги жиноятларда гумон қилинаётганини тахмин қилмоқдалар.

Бу хабарни тасдиқлаган ва исми сир қолишини сўраган косонсойлик яна бир тингловчига кўра, ҳибсга олинганларнинг қанчадир қисми қўйиб юборилган.

- Баъзилар 40 киши, баъзилар 60 киши ҳибсга олинган, деб айтяпти. Яна булардан қанчасидир озод қилинганини ҳам айтишди. Булар нимага ҳибсга олинган, нимага қўйиб юборилган бизга аниқмас. Лекин, фикримча, шу дин билан боғлиқ ҳаммаси,- дейди бу тингловчи.

Наманган вилоятининг Косонсой тумани аҳолиси асосан тожик миллатига мансуб ва бу шаҳардаги диндорларнинг кўпчилиги қўшни Тожикистондаги мадрасаларда таҳсил олган.

Косонсойлик яна бир тингловчимизнинг тахминича, илгари бу тумандаги дин пешволарини шиа мазҳабига мойиллик ёки мансубликда айблаш ҳоллари ҳам кузатилган.

- Шунинг учун, буларга Тожикистон орқали шиалардан молиявий кўмак олишга оид айблов қўйилаётган бўлиши мумкин, деб тахмин қилаяпмиз, - дейди бу тингловчи.

Озодликка келиб тушган ва мустақил манбалар орқали тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги бир ой ичида ҳибсга олинган косонсойлик диндорлар орасида туманда танилган икки тадбиркор ҳам бор.

Ҳибсга олинганлар ўз яқинлари кўрсатилмаётгани ва шунингдек, озод этилганлар ҳам бу воқеа ҳақида одамлар билан очиқ суҳбатлашмаётгани айтилмоқда.

Ҳозирча Наманган вилояти Косонсой тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Озодлик бу хабар тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда ва келгусида қўшимча тафсилотлардан сизни хабардор қилиб боради.
XS
SM
MD
LG